Йўл қоидаси-умр фойдаси

14.02.2022 13:02:23

Президент раислигида яқинда ўтказилган видеоселектор йиғилишида йўл ҳаракати хавфсизлиги масаласи муҳокама қилинганда беихтиёр ана шу нақл эсимга тушди. Чиндан ҳам ҳар бир соҳада ўзига яраша қонун-қоидалар бўлади. Уларга риоя қилиш тартибни таъминлайди, ёмон оқибатларнинг олдини олади. Бироқ йўл ҳаракати иштирокчиси бўлган пиёдалар ҳам, ҳайдовчилар ҳам уни менсимаса, албатта. Аянчли ҳолатлар юзага келади.

Ахир, ўзингиз ўйлаб кўринг, бир йилда 10 мингдан зиёд авария содир этилиб, уларда 9 мингдан ортиқ фуқаро жароҳатланса.... Энг ачинарлиси, 2,5 мингга яқин одам, шу жумладан 263 нафар бола ҳалок бўлса... Бундан ортиқ фожиа бўлмаса керак. Ўлим билан боғлиқ авариялар вилоятимизда ҳар 100 минг аҳолига 13 тани ташкил этиб, бошқа ҳудудлардан анча юқори бўлганлиги ташвишлидир. Наманган шаҳрининг ўзида 2021 йилда ЙЎл-транспорт ҳодисаларида 42 киши ҳаётдан бевақт кўз юмганлигини қандай изоҳлаш мумкин?

Мазкур соҳада нафақат ички ишлар органлари ходимлари, балки жамоатчилик ҳам самарали иш олиб бормаганликларини кўрсатади. Баъзида маҳаллалардаги болалардан сўраб қоламан: «Мактабда йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича суҳбат бўлдими?» Бирон марта ижобий жавоб бўлмайди. Ҳолбуки, йўл ҳаракати хавфсизлиги нозирлари учун маҳалла ва мактабларда, ташкилотларда учрашувлар ўтказиш бир пайтлар фаолиятнинг асосий кўрсаткичларидан ҳисобланарди. Ҳозир эса бу ҳақда ҳеч ким ўйламайди.

Йўл ҳаракати қоидалари ҳақида гап кетганда эса, уларни пиёдалар ҳам, ҳайдовчилар ҳам пухта ўрганмаганлиги сезилади. Бунинг учун узоққа бориш шарт эмас. Исталган чорраҳага яқинлашиб, машиналар ва пиёдалар ҳаракатини кузатсангиз, кифоя. Турли хил қоида бузишлар сон-саноқсиз учрайди. Тўғри, айрим жойларда кузатув камералари ўрнатилган. Бироқ улар аксарият вақт турли сабабларга кўра ишламайди. Буни ҳамма билиб бўлган ва бемалол қоидаларни бузаверади.

Боз устига на ҳайдовчида, на пиёдада маданият бор. Ҳеч ким қоидани ва бировни ҳурмат қилмайди. Бундай хислатлар ҳаммага болаликдан сингдирилиши керак. Демак, бунинг учун боғча тарбиячиларидан тортиб, ота-оналаргача масъулдир.

Яна бир масала – йўл ҳаракати хавфсизлиги нозирлари ва ҳайдовчилар ўртасида жанжал чиқиши. Бу, назаримизда, ҳар икки томонда муомала ва мулоқот маданияти етишмаслиги натижаси. Қолаверса, улар ўзларининг вазифаларини ҳам яхши тушунмайдилар. Масалан, нозир ҳайдовчини жиноятчига қиёслайди. У эса инсон ҳуқуқларини поймол қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ, дейди.

Автомобиль йўлларининг ҳолати ҳам талабга жавоб бермайди. Мисол учун, Наманган шаҳридаги кўчаларнинг барчаси тор, тиғиз соатларда «тиқин»лар содир бўлаверади. Энг қизиғи, уларни кенгайтиришнинг иложи йўқ. Фақат икки ёки уч қаватли йўллар қуриш билан муаммони бартараф этиш мумкин. Ҳозирча бу масала камида ўн йил кечикди. Демак, қанчалик тез ҳаракат қилинса, шунча яхши бўлади.

Видеоселектор йиғилишида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш учун жуда кўп иш қилиш лозимлигини ошкор қилди. Балки бу масала бўйича давлат миқёсида катта дастур ишлаб чиқиш зарурдир. Чунки биз юқорида келтирган ҳолатлар мамлакатимизнинг ҳамма минтақаларида мавжудлиги аниқ.

Исроилжон Жўраев,

халқ депутатлари Косонсой тумани Кенгашидаги

«Адолат» СДП депутатлик гуруҳи раҳбари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+