Йўл қоидаси - умр фойдаси

27.12.2022 06:12:26

Ҳозирги ривожланиб бораётган мамлакатимизда, йўлда ҳаракатланиш одоби, тирбанд кўчалар ҳамда пиёдалар ва транспорт воситаларининг ҳаракати кундан-кунга қийинлашиб бормоқда. Чунки, транспорт воситалари сонининг ортиши ва айрим ҳайдовчиларнинг бу борадаги билими етарли эмаслиги кўплаб инсонларнинг ҳаётдан эрта кетишига сабаб бўлмоқда.

Шу мақсадда, партиянинг Термиз туман Кенгаши ташаббуси билан тумандаги 1-умумтаълим мактабида йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича «Йўл қоидаси-умр фойдаси» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбирда партия туман Кенгаши ходимлари, депутатлар, туман ИИБ ходимлари, мактаб педагог-ўқитувчилари ҳамда ўқувчи ёшлар иштирок этишди.

Тадбирда сўзга чиққан йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари янги қабул қилинаётган қонунлар, киритилган сўнгги ўзгаришлар, транспорт воситасини бошқаришдаги талаблар, вилоятда ўтган ойлар давомида содир этилган йўл транспорт ҳолатлари статистикаси ҳақида айтиб берди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 12 июлдаги «2022-2026 йиллар давомида амалга ошириши мўлжалланган «Хавфсиз ва равон йўл» умуммиллий дастурини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорининг йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича ташвиқот ишларини кучайтириш мақсадида ўтказилаётган «Ҳаракат хавфсизлиги ойлиги» доирасида ташкил этилган мазкур тадбир давомида дастлаб вилоятда йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Шунингдек, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлигини ошириш, транспорт ва пиёдалар, жумладан, болалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш борасида аниқланган камчиликларни бартараф этиш чора-тадбирларини кўриш, транспорт воситаларининг техник ҳолатини яхшилаш ва бу масалаларга кенг жамоатчилик, турли ташкилот, муассасалар раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситаларининг эътиборини қаратиш асосий вазифалардан бири эканлиги таъкидлаб ўтилди.

Айниқса, йўл ҳаракати иштирокчиларининг бефарқлиги туфайли содир бўлаётган аянчли, инсонларнинг ҳаётдан кўз юмиши билан боғлиқ йўл транспорт ҳодисалари тўғрисида келтирилган статистик маълумотлар ушбу тадбир иштирокчиларини яна бир бор ҳушёрликка чақирувчи даъват сифатида янгради.

Тадбир якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар олишди.

Қизғин мунозаралар ва савол-жавобларга бой ҳолда ўтган ушбу тадбир ҳаракатланувчиларга йўлларда ҳаракатланишда янада эҳтиёткор бўлишлари ва оила аъзолари хавотирига ўрин қолдирмаслигида муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Шуҳрат Хаитов,

Ўзбекистон «Адолат» СДП Термиз туман Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+