Калтакланган халоскорлар ёки жаҳолат қурбонлари

30.03.2021 20:03:48

Афсуски, бугун орамизда саломатлигимиз посбонлари бўлган шифокорларни таҳқирлаш, дўппослаш, калтаклаш сингари ғайриқонуний хатти-ҳаракатларнинг содир этилиши тез-тез учрамоқда. Бирор жойимиз оғриса, ҳеч нима кўзимизга кўринмайди, дархол шифохонага чопамиз. Оқ халатли халоскорлар зудлик билан дардимизга дармон бўлишади.

Яқинда Чилонзор туманидаги 16-шаҳар шифохонасида ана шундай хунук ҳодиса рўй берганлиги ҳақида ижтимоий тармоқларда тезкор хабар тарқалди. Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлари ҳамда Ўзбекистон «Адолат» СДП Тошкент шаҳар Кенгаши ишчи гуруҳи ушбу хабарга ойдинлик киритиб, ҳақиқий ҳолатни ўрганиш мақсадида воқеа жойига етиб борди. Маълум қилинишича, 24 март куни кеч соат 23:15 ларда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг токсикология қабул бўлимига пойтахтнинг Олмазор туманида истиқомат қилувчи 37 ёшли фуқаро У.Н онаси ҳамрохлигида текширувга олиб келинган. Беморнинг онаси токсиколог хонасида ўз хизмат фаолиятини ўтаётган навбатчи шифокор Н.Тошпўлатовага ўғли бир неча кундан бери спиртли ичимлик ичаётганганини билдирган. Навбатчи шифокор ўша вақтда бошқа беморни тиббий кўрикдан ўтказаётганлигини ва бундан сўнг уларни ҳам қабул қилиб, керакли ёрдам кўрсатишга тайёрлигини айтган. Шунга қарамай, беморнинг онаси тиббиёт ходимларига нисбатан турли ҳақоратли ва тухмат сўзлар билан эътироз билдиришни бошлаган. Бу ҳам етмагандек, фуқаро У.Н тўсатдан Н.Тошпўлатовага оғир тан жарохати етказган. Етказилган тан жарохати натижасида шифокор аёлнинг бош мияси шишиб, бурун ва энса суяклари синган ва лат еган. Айни пайтда, у оғир аҳволда шифохонанинг нейрохирургия бўлимида даволанмоқда.

Устига устак, яна бир шундай ҳолат 26 март куни соат 23:43 да пойтахтимиздаги «103» диспетчерлик хизматига Миробод туманида истиқомат қилувчи 19 ёшли фуқаро А.дан чақириқ келиб тушганда содир бўлган. Кўрсатилган манзилга тез тиббий ёрдам бригадаси 7 дақиқа ичида етиб борган бўлишига қарамай, 1995 йилда туғилган шифокор Б.Ҳазратовга бемор тўсатдан ташланиб, бошига қаттиқ жисм билан урган. Натижада шифокорнинг бош мияси оғир жарохат олган. Ҳозирда Б.Ҳазратов Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг нейрореанимация бўлимида оғир ахволда ётибди.

Бундай ҳодисаларнинг содир этилаётганига, бизнингча, ношукрлик, жоҳиллик каби иллатлар сабаб бўлмоқда. Ҳеч бўлмаганда пандемия сабоқлари шифокорларнинг биз учун нақадар қадрли ва қимматли эканлигини англатиб туриши лозим эмасми? Бутун дунёни чулғаб олган балои офатни бартараф этишда кеча-ю кундуз тиним билмаган шифокорларнинг ҳаётимиздаги ўрни нечоғли юксак эканлигини чуқур ҳис этишимиз зарурку?!

Депутатлар ўрганишлар давомида шифокорларнинг ўринли эътирозларига дуч келишди. Улар қуруқ гаплардан чарчаганликларини, бир неча йилдан буён айтиб келинса-да шифокорларни ҳимоя қилиш бўйича қонун қабул қилинмаётганлиги, иш фаолиятларида юқоридаги каби зўравонликлардан сақланиш бўйича қонуний чора-тадбир йўқлигини таъкидлашди. Хатто, кўпчилик шифокорлар бундай ҳолатларнинг тез-тез содир этилаётганлиги боис тунги навбатчиликка қолишдан бош тортмоқдалар!

Ўрганишлардан хулоса қилиб, маҳаллий Кенгаш депутатлари мазкур масала юзасидан муаммони Олий Мажлис Қонунчилик палатаси аъзоларига таклиф сифатида юборишни лозим топдилар.

 

 

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

Ўзбекистон «Адолат» СДП

Тошкент шаҳар Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+