Касаба уюшма ташкилотининг имкониятлари партия хизматида

14.03.2022 15:03:32

«Адолат» СДП Наманган вилоят Кенгашида бундан уч йил илгари касаба уюшма ташкилоти тузилган эди. Унга йигирмадан зиёд партия ходимлари аъзо бўлишди. Кенгаш раисининг ўринбосари Баҳодир Болтабоев раис этиб сайланди. Аста-секин фаолият ҳам бошланди.

– Дастлаб касаба уюшма ташкилотининг имкониятлари катта бўлиши ва улар партия ходимларининг ишини яхшилашга хизмат қилиши мумкинлигини тасаввур қилмагандик, - дейди вилоят Кенгаши раиси ўринбосари Ёрқиной Ҳожиматова. – Аммо Баҳодир ака янги ташкилот фаолиятини йўлга қўя олди. У биринчи навбатда ходимлар ўртасида меҳнат интизомини мустаҳкамлашга эътибор қаратди. Берилган топшириқларнинг бажарилиши, фаолият самарадорлиги назоратга олинди. Ўз вазифасига масъулият билан қараганлар рағбатлантириб борилди. Бундан ташқари, меҳнат шароитларини яхшилаш, бўш вақтларни намунали ўтказиш диққат марказида бўлди. Бу борада маъмурият билан тузилган жамоа шартномаси катта аҳамиятга эга бўлди.

Куни кеча Кенгаш ходимлари касаба ташкилотининг умумий йиғилишига тўпланиб, жамоа шартномасининг ўтган йили қандай бажарилганлигини муҳокама қилдилар. Бу давр мобайнида ходимларни ижтимоий ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасида қатор тадбирлар амалга оширилди. Олти миллион сўмдан зиёд аъзолик бадаллари тўпланди. Унинг каттагина қисми байрамларини нишонлаш, ходимларни рағбатлантириш, уларнинг фарзандларига янги йил совғалари харид қилиш каби мақсадлар учун йўналтирилди. Бир неча бор вилоятнинг хушманзара жойларига саёҳатлар уюштирилди.

Меҳнат муҳофазаси, ижтимоий ва ҳуқуқий манфаатларни ҳимоя қилишга катта эътибор қаратилди. Кенгаш жойлашган хоналар таъмирланди, замонавий мебель билан таъминланди. Компьютерларнинг бир қисми янгиланди. Буларнинг барчаси меҳнат унумдорлигини оширишга ижобий таъсир қилди, албатта.

Муҳокамада қатнашган «Адолат» СДП Поп ва Давлатобод туман кенгашларининг раислари Зафаржон Ҳасанов, Венера Отажонова, Кенгаш матбуот котиби Нурбек Абдуллаев, давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши вакили Аҳрор Ғайбуллаев ва бошқалар жамоа шартномасининг бажарилишини ижобий баҳоладилар. Айни пайтда касаба уюшма ташкилотининг фаолиятини янада такомиллаштириш юзасидан ўринли фикр-мулоҳазалар билдирилди.

«Адолат» СДП Наманган вилоят Кенгаши

Матбуот хизмати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+