Халқ дарди билан яшаётган ҳокима аёл

28.07.2021 11:07:33

 

Инсоният яралибдики, жамиятнинг маданий даражасининг ривожлангани, маънавий баркамоллиги хотин-қизларга бўлган муносабатига қараб баҳо берилади. Албатта, аёлни эъзозлаш, унга эҳтиром кўрсатиш халқимизга хос хислат саналди. Ана шундай эҳтиром ва имкониятлардан оқилона фойдаланиб, жамиятнинг қай бир жабҳаси бўлмасин бемалол ўзларини кўрсатиб, соҳани ривожлантираётган хотин-қизларимиз ҳам бисёр.

Бугун барча йўналишларда хотин-қизларнинг фаоллигини кўришимиз мумкин. У илмий фаолият бўладими, тадбиркорликдами, сиёсатдами, спорт, маданият, қурилиш инженерияси, автоулов бошқаришми, қўйинки, турли йўналишларда аёллар бундай эътирофларга муносиб эканликларини намоён этиб келмоқда. Масалан, бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси аёл эканлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида аёл депутатлар 35% ни ташкил этаётганлиги, туман, шаҳар ҳокимликларида 8 нафар шижоатли аёллар бошқарувда эканлиги  жамиятда аёлларга бўлган эътиборнинг кундан-кунга ортиб бораётганидан далолат беради.

Шахсан бизнинг Каттақўрғон шаҳримизда ҳам Каттақўрғоннинг Тўмариси номини олган шижоатли ҳокима аёл Гавҳар Алимова фаолиятини бошлаганига кўп бўлмаган бўлсада, шаҳарда тубдан ўзгаришлар, инсон манфаатлари йўлида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бундай ўзгаришлар каттақўрғонликларнинг қалбида эртанги ёрқин келажак учун  ишонч туйғуси билан бир қаторда масъулият ҳиссини юксалтирмоқда.

Гавҳар Алимова фаолиятининг илк онлариданоқ халқни рози қилиш, уларнинг қалбига йўл топиш, кўҳна ва азим Каттақўрғон шаҳрини обод ва файзли гўшага айлантиришда танти ва очиқкўнгил аҳоли билан ҳамжиҳатликда фаолият юритишни энг  устувор вазифа деб билди.

Дастлаб аҳолини ўйлантираётган муаммоларини ўрганишдан бошлади, аҳоли билан юзма-юз учрашиб, хонадонларга ташриф буюрди. Қайсики уйда ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган, бетоб инсонлар бўлса ҳамиша ҳолидан хабар олиб йўқлаб туради. Хотин-қизларнинг, ёшларнинг муаммоларига алоҳида эътибор қаратди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Каттақўрғон шаҳридаги Ҳалқ қабулхонасига жисмоний ва юридик шахслар мурожатларининг ечими юзасидан ҳам,  ҳалқ қабулхонаси мудири ва мутасадди ташкилотлар билан ижобий ишларни йўлга қўйган. Энг қувонарлиси 2020 йилда Вазирлар Маҳкамаси томонидан Каттақўрғон шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича алоҳида Дастур тасдиқланди. Йиллар давомида айрим ҳудудларда аҳолини қийнаб келаётган ичимлик суви, йўлларнинг носозлиги, кўп қаватли уйлардаги муаммолар - санасак адоғи йўқ, йиллар давомида йиғилиб келган муаммолар, минг шукрки, бирин-кетин ечимини топмоқда.

Ҳокима опани иш хонасидан топишингиз қийин, бир суткада 24 соат бўлса, шу 24 соатни ҳам аҳоли муаммоларини ўрганишга, жойларда ечимини кутаётган масалалар ечимини топишига кам деб изланадиган фидойилардан.  Саъй-ҳаракатлар натижаси ўлароқ, ўрганишлар жойида қолиб кетмаяпти, олиб борилаётган ишлар натижасини кўрсатмоқда, Каттақўрғон аҳли эса бундан рози бўлиб, катта-ю кичик ҳақига дуо қилиб қўл очмоқда.

Яқинда ҳам шаҳардаги аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Эҳтиёжманд ва муҳтож оилаларга ёрдам кўрсатиш ҳам қарз, ҳам фарздир” шиори остида саховатпеша тадбиркорлар билан ҳамкорликда кенг тарғибот ишлари амалга оширилди. Аҳолини соғлом турмуш тарзига чорлашда ўзлари бош бўладилар, ҳафтанинг ҳар бир кунида ўзига хос шиор остида саломатлик, соғлом ҳаёт сирлари тарғиб этилди. Бир кунни эрта тонгда пиёда юриш билан бошласа, эртасига соғлом овқатланиш бўйича кенг тарғиботлар олиб бориш йўлга қўйилган. Вояга етмаган қизлар ўртасида эрта турмуш, эрта туғуруқ ҳолатлари 2020 йил ва 2021 йилнинг 6 ой давомида бирорта қайд этилмаганлигини алоҳида таъкидлаш ўринли деб биламан.

Ёшларнинг иқтидорини тўла намоён этишлари учун уларни рағбатлантириш мақсадида ҳоким стипендиясини жорий этиб, фаол ёшларни рағбатлантириш йўлга қўйилган. Шаҳарни бошқараётганига эндигина бир йил бўлган, Каттақўрғон Тўмариси – Гавҳар Алимова Самарқанд давлат университетининг Каттақўрғон филиали ташкил этиш борасида астойдил ишга киришиб, давлатимиз раҳбарига қилган  мурожаати беиз, беҳуда кетмади. Хабарларингиз бор, ҳукуматнинг тегишли қарори билан (307- сон, 18.05.2021 йил) Самарқанд  давлат университетининг Каттақўрғон филиали ташкил этилди.

Энг чекка ҳудуд - Ингичка қўрғончасида ҳам қаровсиз қолган ерлардан унумли фойдаланиш, тадбиркорликни кенг йўлга қўйиш ишлари жадаллашиб кетди. Маҳаллалар Обод ва кўркам маҳаллага айлантирилди, моддий техник базаси мустаҳкамланди. Ҳудудни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг яшаш шароитларини тубдан яхшилаш, турмуш даражасида сезиларли ижобий ўзгаришларга эришиш бўйича изчил чора-тадбирлар самараси натижасида Каттақўрғон гавҳари – Гавҳар Алимова “Энг намунали сектор раҳбари”  ҳамда “Обод ва хавфсиз маҳалла” номинациялари буйича Республика танловлари ғолиби бўлди. Шу билан бир қаторда “Адолат” СДПнинг фаол аъзоси сифатида партиямиз нуфузини ошириш йўлида олиб бораётган ташаббуслари, кўтариб чиқаётган долзарб таклифларини эътиборга олган ҳолда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгашининг “Адолат” кўкрак-нишони билан тақдирланди.

Албатта, буларнинг замирида халқ дарди билан ёниб яшаётган шижоатли ҳокима опамизнинг тинимсиз меҳнатлари ётибди. Гавҳар Алимова бошчилигида Каттақўрғон халқининг фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар Мустақиллигимизнинг 30 йиллигига “Янги Ўзбекистон” китоб-альбомини яратишда, ҳар бир соҳада амалга оширилган ислоҳотлар натижаларини ёритиб берувчи китоб-альбом бўлиб, келажак авлодларга тарих бўлиши ҳеч шубҳасиздир.

 

Дилафруз ҲАСАНОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Каттақўрғон шаҳар Кенгаш раиси, халқ депутатлари шаҳар Кенгаши депутати         

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+