Кечир мени, она тилим!

21.10.2020 18:10:58

Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуфнинг шу мавзудаги шеърини ҳар гал ўқир эканман, ўзбек тилининг бошидан қанчалик зулмли йиллар ўтгани кўз ўнгимда гавдаланади гўё. Шукрки, истиқлол нафаси ўзбек тилининг узоқ йиллар “зах” босган  бағрига эркинлик шамолини тақдим этди. Аваллари боғча ёшидан тортиб олий таълимдаги таҳсили-ю, иш фаолиятида ҳам рус тилини она тилидек қабул қилган инсонларнинг онгида ўзбек тилимизга бўлган меҳр уйғонди, ҳурмат шакллана бошлади. Бунинг боиси мамалакатимизда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. Корхона ва ташкилотлар бўладими, таълим муассасалари бўладими ўзбек тилида иш юритадиган, она тили дарслиги ва фани орқали тилимизнинг бой имкониятлари ўрганиладиган бўлди.

Лекин тилимизни тишлаб айтадиган айрим ҳақиқатлар ҳам борки, бунга тўхталмасликнинг иложи йўқ. Соғлиқни касал бўлмай туриб асраш керак бўлганидек, ўзбек тили ҳам ўз имкониятларини бой бермасдан олдин ҳаракат бошлаганимизда анча осон кечарди. Бу ҳаракатни бир-икки тадбир билан ёки бир “силкиниш” билан амалга ошириб бўлмайди. Тил сиёсатига қатъий равишда изчил ва давомли амал қилинмас экан, бу ҳол давом этаверади ва давом этгани сайин ундан қутулиш оғирлашиб бораверади. Чунки турмушнинг ҳамма соҳасида янгиланишлар кетаётган бир пайтда матбуот тили, китобларнинг аҳволи мақтанарли эмас. Нафақат тилда, балки ҳужжатлар тилининг услубида ҳам ўша русча бирикмалар, рус тилидан сўзма-сўз таржима қилинган тайёр қолиплар билан иш кўриш давом этмоқда.

Масалан кундалик турмушимизда энг кўп ишлатадиган сўзларимиз ҳам русча ёки инглизча жаранг топишда давом этмоқда. Хусусан  “Дорихона” сўзини ўрнига “Аптека”, “Ниқоб” ўрнига “Маска”, “Ошхона”, “Қаҳвахона” ўрнига “Кафе”,  “Бекат” ўрнига “Остановка”, “Гуруҳ” ўрнига “Группа” сўзини ишлатиш аҳоли учун оддий ҳол бўлиб қолаётганини айтмасликнинг иложи йўқ.  “Такси” сўзининг синонимини топиш ва муомалада қўллаш ҳам ўз ечимини кутиб турган масалалардан бири бўлиб турибди. 

Яна бир масала - миллий ва адабий тилнинг бузилиб бораётганини кўрсатувчи ойна – интернет пайдо бўлди. Мана шу ойнага жиддийроқ разм солсак, миллат тарбияси, миллий тил масаласи қай даражада эканини осон англаймиз (баъзилар англамаслиги ҳам мумкин). Бу жараён тезлашиб бораётгани миллий тил меъёрларидан ҳам шундай тезликда йироқлашиб кетаётганимизни кўрсатмоқда. Бироқ, ҳали ўзбек тили компьютер тилига айланганича йўқ, компьютер таржимони ёрдамида ўқилаётган матнлар шунчалар ночорки, уларни ҳатто оддий жумлалар, деб ҳам бўлмайди. Бу ҳолат аввал сезилмаган бўлса, энди интернет ёрдамида бутун дунёга "реклама" қилинмоқда. Билмаслигимизни бунчалар "реклама" қилиш, табиийки, ўзбек миллатининг жаҳон миқёсидаги обрў-эътиборига салбий таъсир кўрсатади. Айниқса ижтимоий тармоқларда кўпайиб кетган ҳавола  ва гуруҳларда берилаётган хабарларнининг матнини ўқиш учун хато тўғирловчи дастурни яратиш зарурати келиб чиқмоқда.  Шунингдек  “sentabr” ва “sentyabr”, “sivilizasiya” ёки “sivilizatsiya” сўзларининг ёзилишини аниқ билмай таълим олган ёшларнинг ҳам бир куни панд ейииши тайин.  Манбаларда икки ёки ундан кўп шаклда қўлланилган бу каби сўзларни ўрганаётганида иккиланиб улғайган авлод аслида уларнинг зиммасида жуда катта масъулият турибди. Улар, аввало, ўзи тўғри йўлни топиб олиши, сўнг она тилимизни юксалтириш учун тадқиқотлар олиб бориши мумкин. Тўғри Она тилимиз қонун ҳимоясида. Аммо уни бузгани учун ҳеч кимга ҳеч қандай чора кўрилмайди. Кўплаб ташкилотларда тил қоидаларига амал қилинмайди. Бошқа тилларда номланаётган ресторан ва кафеларни кўриб, ҳатто маъносини ҳам билмаймиз. Бунга аҳамият бермаймиз. Энг ёмони, бефарқмиз. Тилимизга, илмий, бадиий меросимизга, тарихимизга эътиборсизлик ошиб кетмоқда. Афишалар, рекламалар бошқа тилда ёзилган.

Ёлғон бўлмасин, ўзбек тилида ёзилганлари ҳам бор. Аммо ғиж-ғиж хато. Эътироз билдирилса, компьютерда ёзилган, шунинг учун хатоликлар бор, дейишади. Ахир, техникани ҳам инсон бошқаради-ку! Дўконлар, хизмат кўрсатиш шохобчалари, ошхоналар пештоқидаги "ранг-баранг", турли тиллардаги дидсизлик, саводсизлик намуналари, корхоналар, фирмалар, ташкилотларнинг мантиқсиз номлар билан аталиши, ОАВда (айниқса, телевидение), киноларда шевага хос сўзлар такрор-такрор қўлланавериши каби дилни сиёҳ қиладиган масалалар ҳам бор. Бозорда, кўча-кўйда, афишаларда “харид” сўзини “ҳарид”, “маҳсулот” - “махсулот”, “хуш келибсиз” - “ҳуш келибсиз”, “шохобча” - “шаҳобча” тарзида ёзилганини у кўрган, ўқиган-да. Янги ўзбек алифбосида бўладими, кирилл ёзувида бўладими, бу сўзлар хато ёзиляпти. Давлат рамзлари қаторида турувчи она тилимиз ўз ўрнини топиши, қадр-қиммати юксалиши учун ҳар биримиз масъулмиз.

Маҳфират ХУДОЙБЕРДИЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сирдарё вилоят

Кенгаши матбуот котиби

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+