Кeксалар ҳафталиги доирасида

07.10.2022 17:10:30

Шу кунларда мамлакатимизда Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 26 сентябрдаги тегишли баёнига асосан «Кексаларни эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш — халқимизга хос эзгу фазилат» ғояси остида «Кексалар ҳафталиги» ўтказилмоқда. Наманган вилоятидаги корхона, ташкилот ва муассасаларда, маҳалла фуқаролар йиғинларида нуронийлар иштирокида маданий-маърифий тадбирлар, танловлар, хайрия тадбирлари, учрашувлар ташкил этилмоқда. Шу аснода халқимизнинг ёши улуғ инсонларни қадрлаш, уларнинг ҳурматини жойига қўйиш юзасидан қарор топган қадимий анъаналари яна бир бор бўй кўрсатмоқда. Мазкур жараёнларда «Адолат» СДП фаоллари ҳам намуна бўлмоқдалар.

Халқ депутатлари вилоят кенгашидаги партиямиз гуруҳи раҳбари Мусохон Аппақовнинг айтишича, тадбирлар Косонсой туманида ҳам кенг миқёсда ташкил этилмоқда. «Боғ» маҳалласидаги «Абдувоҳид Ҳосилот» фермер хўжалигида уюштирилган маънавий-маърифий тадбир бунга мисол бўла олади. Унда шу атрофда яшовчи юзга яқин киши иштирок этди. Улар учун дастурхон ёзилди, палов дамланди. Давлат ва жамоат ташкилотларининг вакиллари ўзаро мулоқот давомида юртимизда кекса авлодга кўрсатилаётган ғамхўрлик барчага маъқул тушаётганлигини таъкидладилар.

Узоқ йиллар ишлаб қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган, бугун эса кексалик гаштини сураётган отахон-онахонларга эсдалик совғалари топширилди. Тадбирга таклиф этилган шифокорлар қарияларни тиббий кўрикдан ўтказдилар. Нуронийлар эътибор ва эҳтиром учун ўз миннатдорчиликларини изҳор этдилар.

– Ҳафталик тадбирлари Учқўрғонда ҳам уюшқоқлик билан ўтмоқда, - дейди ушбу туман халқ депутатлари кенгашидаги «Адолат» СДП гуруҳи аъзоси Феруза Абдуллаева. – Депутатларимиз таклифи билан дастлаб бир асрдан ортиқ умр кўрган кексалар ҳолидан хабар олинди. «Деҳқонобод» маҳалласида 109 ёшни қаршилаган Шаҳрибону момо, «Наврўз» маҳалласида яшовчи 102 ёшли Бузаҳро момо Бўтаева ҳамда бахриободлик Мукаррамхон Абдураҳимованинг хонадонларига кенг жамоатчилик вакиллари ташриф буюрдилар. «Нуроний» жамғармаси вилоят бўлими ҳисобидан ёши улуғ инсонларга 900 минг сўмдан пул маблағлари ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

«Кексалар ҳафталиги»га бағишланган тадбирлар вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида давом этмоқда.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

«Адолат» СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+