Келажаги порлоқ Наманган

29.12.2022 11:12:25

Юртимизда донғи етти иқлимга кетган кентлар жуда кўп, Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива, Термиз, Қўқон, Андижон.. Бу рўйхатни яна давом эттириш мумкин. Улар орасида Наманган ҳам муносиб ўрин эгаллайди. Гуллар шаҳри номини олган бу маскан кўп асрлардан бери нафақат минтақамизда, балки бутун жаҳон аҳли орасида маълум ва машҳур.

Айниқса, Истиқлол даври Наманган учун ҳақиқий ўсиш ва юксалиш йиллари бўлди. Бу ерда аҳоли сони ўсибгина қолмай, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларни ривожлантириш йўлида ҳам залворли қадамлар қўйилди. Янги-янги бинолар, корхоналар, таълим муассасалари, турар-жой даҳалари, йўллар ва хиёбонлар барпо этилди. Халқ турмуш фаровонлигини ошириш юзасидан ҳам кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.

Шунинг учун ҳам биз наманганликларга, Президентимизнинг яқинда Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида билдирилган маъмурий бошқарув соҳасида қатор янгиликларни амалга ошириш юзасидан билдирилган таклифлар маъқул тушди. Гап Наманганни республика бўйсунувидаги шаҳарлар сирасига киритиш тўғрисида бормоқда. Аҳолиси миллион кишига яқинлашиб қолган Самарқанд ҳам шундай мақомга эга бўлади. Ҳозиргача мамлакатда фақат Тошкент республикага бўйсунадиган шаҳар ҳисобланарди.

Таклиф амалга ошса, Наманганни янада тараққий этган, кўркам ва обод, аҳоли учун қулай яшаш шароитлари яратилган, ижтимоий-иқтисодий ривожланган гўшага айлантириш учун янда янги имкониятлар  пайдо бўлади. Ишлаб чиқариш кучлари янада ривожланади, Инвестициялар оқими ҳам кучаяди. Натижада яқин келажакда у минтақадаги йирик иқтисодий, илмий ва маданий марказлардан бирига айланади.

Наманганда айни вақтда салкам бир миллион одам яшайди. Қиёслаш учун айтиш мумкинки, 8 та туман ва 3 та шаҳардан иборат Сирдарё вилоятида 868,3 минг аҳоли истиқомат қилади. Наманганнинг мақоми ўзгаргач, атрофдаги қишлоқ туманларини ривожлантиришга ҳам кўпроқ эътибор бериш мумкин бўлади. Чунки бу йўналишдаги ишлар вилоят ҳокимлиги учун асосий масалага айланади. Шунинг учун биз Наманган шаҳрига янги мақом берилиши бўйича таклифни қўллаб-қувватлаймиз.

Ўрни келганда Самарқанд ва Наманганнинг республикага бўйсунадиган шаҳар мақомига эгалиги мамлакат Асосий Қонунида ҳам акс этиши кераклигини таъкидламоқчимиз. Чунки хорижда давлат таркибига кирувчи барча маъмурий-ҳудудий бирликларни Конституцияда тўғридан-тўғри ва тўлиқ кўрсатиш амалиёти аввалдан мавжуд. Бунга хусусан, Германия, Россия, Украинани мисол келтириш мумкин.

Ҳозир Наманган шаҳри таркибида иккита туман бор. Келгусида улар сони кўпаяди. Чунки «миллионер» шаҳарни бошқариш шуни талаб этади. Бундай ўзгаришлар, табиийки, муайян харажатлар талаб этади, лекин унинг ортидан келадиган иқтисодий самара бу харажатларни албатта оқлайди.

Республика ёки федерация даражасидаги шаҳар мақоми аксарият давлатларда бор. Эътиборлиси, у фақат пойтахт шаҳарларга эмас, балки аҳамияти жиҳатдан улардан қолишмайдиган бошқа шаҳарларга ҳам берилган. Масалан, Германияда Берлин, Гамбург ва Бремен, Қозоғистонда Остона, Олма-ота ва Чимкент, Россияда Москва ва Санкт-Петербург, Қирғизистонда Бишкек ва Ўш ана шундай алоҳида мақомга эга.

Ўзбекистон таркибида охирги марта маъмурий бошқарув тизимидаги ўзгариш 1992 йилда амалга оширилган. Ўшанда Навоий вилояти қайта ташкил этилганди. Шундан кейин 14 та ҳудуд умуман ўзгаргани йўқ. Лекин ўтган даврда республика аҳолиси сони салкам 15 миллионга кўпайди.

Ҳудудлардаги муаммоларни ҳал қилиш учун эса, маъмурий бирликларни доим такомиллаштириб туриш лозим. Масалан, Қозоғистонда 1991 йилдан кейин Олма-отадан ташқари Остона ва Чимкентга «республика бўйсунувидаги шаҳар» мақоми берилди, 2022 йилда 3 та янги вилоят ташкил этилди. Бу ислоҳотларнинг иқтисодий ва ижтимоий ҳаётга ижобий таъсир кўрсатишини барча бирдек эътироф этмоқда.

Шунинг учун давлатимиз раҳбари таклиф этган ислоҳотларни амалга ошириш катта фойда беради, деб ўйлаймиз. Бу эса Наманганнинг ёрқин келажакка юз тутаётганини англатади.

Исроилжон Жўраев,

“Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши раиси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+