Келажак авлодни кўзлаган оқилона қарор

21.08.2021 11:08:00

Инсон дардига малҳам бўлиш учун айтилган бир оғиз сўз ёки унинг мушкулини енгиллаштириб, дардига дармон бўладиган эзгу саъй-амаллар киши қалбини офтобдек ёритиб, унинг ҳаётга бўлган умид ва ишончини тоғдек мустаҳкамлайди.

Яқинда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг  “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори кўплаб ўксик дилларга малҳам бўлгани билан аҳамиятли бўлди.

Қарорга кўра 2021 йил 15 августдан бошлаб турар жойга эга бўлмаган ва турар жойга муҳтожлар сифатида ҳисобда турган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга квартиралар ажратилиши белгиланган. Эътиборли жиҳати, мазкур тоифага кирувчи шахсларнинг агарда ногиронлиги бўлса, квартиралар кўп қаватли уйларнинг учинчи қаватигача ажратилиши кўзда тутилган.

Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жойлар билан таъминлаш бўйича амалга оширилиш лозим бўлган вазифалар ҳам узоқни кўзлаб қабул қилинган, биргина уй-жой ажратиш учун бундай шахсларга “онлайн-навбат” тизими қўлланилиши, мазкур навбатга ўзгартириш киритишга, навбатидан олдин кейинги навбатдаги болаларга уй-жой ажратилишига йўл қўйилмаслиги белгилангани, халқ таълими вазирлиги етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг уй-жой билан таъминланиш ҳолати ҳақидаги маълумотларни ҳар ойда янгилаб ўзининг расмий веб-сайтида жойлаштириб бориш белгилангани бу тизимда турли “ўйинлар”га йўл очилишига имкон бермайди, деб ўйлайман.

Мен депутат этиб сайланган ҳудуднинг ўзида ҳам уй-жойга муҳтож етим, ота-она қарамоғидан маҳрум болалар бор. Яқинда шундай ёшлардан бири билан суҳбат олиб бордим. Ф.Илясов ота-онасидан етим қолган. Унинг қўлида ҳунари бор, аммо уй-жойга муҳтожлиги маълум бўлди. Ушбу масала юзасидан маҳалла раиси билан маслаҳатлашган ҳолда, ёшлар учун берилаётган имтиёзли уй-жойлардан олиш мақсадида Ф.Илясовнинг зарур бўлган барча ҳужжатларини тайёрлаб, рўйхатга киритишга кўмаклашдик. Албатта, бундан унинг ўзи ҳам хурсанд. Ахир “ўз уйим-ўлан тўшагим” деган гап бежизга айтилмаганда.

 Шунингдек, қарорда етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг таълим олишини қўллаб-қувватлаш мақсадида 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб давлат тасарруфидаги мактабгача таълим ташкилотлари ва мактабларга навбатга қўйилмаган ҳолда жойлаштириш, улар техникум, коллеж, академик лицей ёки олий таълим муассасасида ўқиётган даврида ҳар ўқув йилида бир маротаба ўқув, илмий ва бадиий адабиётлар харид қилиш харажатлари учун давлат бюджети маблағлари ҳисобидан субсидиялар ажратиш белгилангани уларни ўз тенгдошларидан кам бўлмасдан билим олишлари йўлидаги оқилона қарор, десам янглишмайман.

Бир сўз билан айтганда, бундай эътибордан, айниқса, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ўзи нақадар шодланиши, ҳаётга бўлган қизиқишлари ортиши ҳайрлидир.

 

Муҳиба САЙФИДДИНОВА,

Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+