Келажак бунёдкорларининг камолоти ўзимизга боғлиқ

17.06.2021 13:06:12

Сўнгги йилларда мамлакатимизда мактабгача таълим соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда мактабгача таълим муассасалари давлат ва нодавлат тармоғини кенгайтириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларни малакали педагог кадрлар билан таъминлаш, мактабгача таълим муассасаларига болаларни қамраб олишни кескин ошириш, таълим-тарбия жараёнларига замонавий таълим дастурлари ва технологияларини татбиқ этиш орқали болаларни ҳар томонлама интеллектуал, маънавий-эстетик, жисмоний ривожлантириш ҳамда уларни мактабга тайёрлаш сифатини тубдан яхшилашга қаратилган бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Бу борада Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг дастурий вазифаларидан келиб чиқиб,  “Мактабгача таълим — кадрлар тайёрлашнинг бирламчи бўғини” лойиҳаси амалиётга изчил йўналтирилди.

Мазкур лойиҳа доирасида Ўзбекистон “Адолат” СДП Денов туман Кенгаши депутатлик гуруҳи ва фаоллари томонидан тумандаги МТТларда  ўрганиш ишлари олиб борилди. Хусусан, 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болаларнинг боғчаларга қамраб олиниши ва уларни мактабга сифатли тайёрлашнинг ҳолати, таълим-тарбия жараёнига жаҳон амалиётида кенг қўлланиладиган замонавий таълим дастурлари ва технологияларининг жорий этилиши, давлат-хусусий шериклик асосида янги турдаги мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш ҳолатлари ишчи гуруҳлари томонидан жамоатчилик назорати тартибида ўрганилди.
Шу мақсадда тумандаги давлат, нодавлат ташкилотларига қарашли бўлган жами 38 та МТМлардан 12 тасида ўрганишлар ўтказилиб, натижалар таҳлил қилинди.
Алишер Йўлдошев, Халқ депутатлари Денов туман Кенгаши депутати:

-Албатта, соҳада кечаётган ислоҳотларни фаолиятга татбиқ қилиб, ижобий натижаларга эришаётган МТТлар бошқаларга ибрат кўрсатмоқда. Шу билан бирга, мактабгача таълим даргоҳларида ечимини кутаётган масалалар ҳам мавжуд.
Ҳар бир соҳа тараққиётида кадрлар таъминоти, мутахассисларнинг билим ва малакаси қай даражада эканлиги муҳим ўрин тутади. Ишчи гуруҳларининг ўрганишларида МТТларда олий маълумотли педагог кадрларга эҳтиёж юқори эканлиги ҳам маълум бўлди.
Масалан, тумандаги 16, 27, 28-МТТ  таълим-тарбия жараёнига жаҳон амалиётида кенг қўлланиладиган замонавий таълим дастурлари ва технологияларини жорий этилганлиги  қониқарсиз ҳолатда эканлиги, МТТда меҳнат қилаётган педагог-тарбиячиларнинг умумий сони 15 нафарни ташкил этиб, уларнинг 2 нафари олий маълумотли педагоглар, 10 нафари ўрта-махсус маълумотли,  3 нафари  ўрта маълумотли  кадрлардан иборатлиги маълум бўлди.

Ўрганилган МТТлардан 6 тасида замонавий таълим дастурлари ва технологиялари билан таъминланганлиги кузатилди. Мазкур кўрсаткичнинг пастлиги ўрганилган МТТларда эса бугунги тараққиёт талаблари, шиддати нуқтаи назаридан қараганда бу борада ҳали қилинадиган ишлар кўплигини англатади.

Шунингдек, ўрганилган боғчаларда таълим-тарбияни ташкил этишда “Болажон” ва “Билимдон” таянч дастурлари асосида машғулотлар олиб борилмоқда. Жумладан,  тумандаги 1, 6, 14-сонли МТТларнинг ўқув-тарбия жараёнида инглиз ва рус тили тўгараклари ташкил этилган бўлса, тумандаги 5-сонли МТТда машғулотлар замонавий кўргазмали қуроллардан фойдаланган ҳолда ўтказилмоқда. Шунингдек, болаларни соғломлаштириш мақсадида бадиий гимнастика тўгараги ташкил этилган. Тарбиячилар томонидан “Зумрадойлар давраси” ва болаларнинг ижодий қобилиятини ривожлантириш мақсадида ҳафтасига 2 марта куннинг иккинчи ярмида “Моҳир қўллар” тўгараклари фаолият кўрсатиб келмоқда.

Ўрганишлар давомида боғчалар фаолиятида аниқланган камчиликлар ва муаммоларни бартараф этиш мақсадида партия депутатлик гуруҳлари ташаббуси билан  халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар сессиялари муҳокамасига масала киритиш мўлжалланган.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, инсон ўз умри давомидаги барча ахборот ва маълумотнинг 70 фоизини 5 ёшгача бўлган даврда олади. Шундай экан, келажагимиз бунёдкорларининг эртанги камолоти уларни болалигидан бошлаб соғлом ва билимдон, мустақил фикрлайдиган, қатъиятли қилиб вояга етказишимизга боғлиқ, албатта.

 

Гавҳар ШОИМОВА,

Халқ депутатлари Денов туман Кенгаши депутати

.

 

 

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+