Келажак равнақи коррупцияга қарши кураш ҳолатига боғлиқ

26.07.2021 12:07:59

Мамлакатимизда коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш, бундай ҳолатларга қарши муросасиз курашиш тизимини жорий этиш бўйича Президентимиз томонидан изчил чоралар кўрилмоқда.

Бугунги кундаги рақамли технологиялар имкониятидан кенг фойдаланган ҳолда халқ хўжалигининг кўплаб соҳаларда коррупция ва хизмат вазифаларидан суиистеъмолчиликларнинг олдини олиш учун турли механизмлар жорий этилмоқда.

Аммо, амалга оширилаётган тизимли чораларнинг бугунги кунда етарли эмаслиги маълум бўлиб бормоқда. Мамлакатимиз аҳолисидан келиб тушаётган турли мурожаат ва аризаларда жойларда коррупция ҳолатлари учраётганлиги қайд этилмоқда.

Президент томонидан коррупцияга қарши курашиш ва коррупциявий ҳолатларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини ошириш, ушбу жараёнга жамоатчиликни кенг жалб этиш ва коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини шакллантириш мақсадида «Коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахсларнинг очиқ электрон реестри»ни тузиш, уни юритиш ва доимий равишда янгилаб туришни таъминлаш орқали кенг жамоатчиликка ушбу иллатга қўл урган ва алоқадор бўлган шахсларнинг рўйхатини очиқлаш вазифаси қўйилган.

Бизнинг миллий қадриятларимиз ва менталитетимиздан келиб чиқиб келтирилган рўйхатга тушадиганларнинг аҳоли орасида, ўз ҳамкасблари орасида ўз обрўсини тушириши натижасида нафақат ўзининг балким оила аъзоларининг хам келажагига таъсир кўрсатиши мумкинлиги, ҳар бир мансабдорни бундай иллатга қўл уришдан олдин чуқур мулоҳаза юритишга ундаши ҳамда бу йўлдан қайтиши мумкин.

Ушбу фармонда берилган топшириқларнинг ижросининг тез кунларда ва сифатли қилиб бажарилиши барчамизга боғлиқ. Келажагимизнинг равнақи учун курашда юқоридаги топшириқлар биринчи қадам сифатида қабул қилиниши ва ҳаммамиз биргаликда ишлашимиз лозим.

Партиянинг сиёсий платформаси ва сайловолди дастурида Президентимиз белгилаб бераётган йўналишлар хақида сўз борган. Бизнинг партия ушбу масалаларнинг қисқа муддатларда ечимини топишига ва халқимиз учун қулайликлар яратишига ўз маъсулиятини сезган холда иш юритади.

Президентимизнинг олиб бораётган оқилона сиёсатларининг давоми сифатида солиқ тизимида, персоналлаштириш тизимида, даромадлар ва ҳаражатларни декларациялаш тизимида, тадбиркорликни рўйхатга олиш ва ривожлантириш тизимларида хали кўп ишларни амалга оширишимиз зарур. Партия ушбу йўналишларда ҳам тизимли равишда аҳоли билан мулоқот олиб боради ва ўз таклифларини киритади.

 

Фазлиддин ЗИЯЕВ,

“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати

бошқарма бошлиғи

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+