Келажак шундай ёшлар қўлидами?

11.05.2021 12:05:38

Аслида кўп вазиятларда айрим ўқувчиларнинг ўзини тутиши, хулқ-атвори, устозларни менсимаган ҳолда ҳаракат қилиши, қандайдир ножўя қилиқлар қилиши, суратга тушиб мақтаниши ёки дўстларининг олдида ўзини кўз-кўз қилиб юриши гўё ўзини атрофдагиларга зўр қилиб кўрсатишдир.

Айрим кўнгли бўш устозлар шундай вазиятларда секингина “чиқиб кетинг ёки ўтиринг” ибораси билан кифояланиб қўя қолади. Айрим устозлар жуда ҳам ўтказиб юборишгандан сўнг қаттиқроқ урушиб гапирадиган бўлса дарров ўқувчилар телефонига тушиб қолади. Ана шундан кейин ҳаммаси бошланади... Ўқитувчи жазоланади, бақир-чақир бошланади ва ҳоказо ... Вахоланки, бундай можаро келиб чиқишига ўқувчиларнинг тарбиясизлиги сабаб бўлади.

Эътибор беряпсизларми, азизлар, шу каби кўнгилсиз воқеалар оқибатида бутун республика миқёсида ўқитувчиларни калтаклаш “анъана” тусига кирмоқда. Токайгача устозларнинг, шифокорларнинг калтакланишига йўл қўйиб берамиз? Қачон уларга жамиятнинг ҳақиқий меҳрини улашамиз. Ахир орамиздаги  энг улуғ касб эгалари шулар эмасми? “Келажак – ёшлар қўлида”, деб бонг урамиз. Наҳот, келажагимиз шундай ёшлар қўлида бўлса?

Бу борада ҳамма юкни ўқитувчига ташловчи ота-оналар фарзандларига бироз эътиборли бўлишларига нима халақит беради?! Биз фарзандлар тарбияси билан жиддий шуғулланмас эканмиз, бир куни калтак ўз бошимизда синмаслигига ким кафолат беради?

 

Даврон АСАДУЛЛАЕВ,

Халқ депутатлари Шайхонтохур туман Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+