Кенгайтирилган қўшма йиғилишда Халқ таълими вазирлигининг ахбороти тингланди

04.06.2021 18:06:45

Ўзбекистонда аҳоли умумий сонининг 60 фоиздан ортиғи, яъни қарийб 18 миллионини ёшлар ташкил этади. Шу боис мамлакатимизда сўнгги беш йилда таълим ва тарбияни ривожлантириш, ёш авлодга боғча, мактаб ва олийгоҳда сифатли таълим-тарбия бериш, улар жисмоний ва маънавий соғлом, ватанпарвар инсонлар бўлиб улғайиши учун барча куч ва имкониятларни яратиш миллий ғоямизнинг асосий устунлари бўлиб хизмат қилмоқда. Ушбу мақсадларга эришиш ва кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширишда “Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади”, деган мутлақо янги ва зарур ғоя ўртага ташланди.

Мазкур шиор Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида алоҳида эътироф этилган бўлиб, унинг асосида 2021 йилда янгидан қуриладиган, таъмирланадиган ва моддий-техника базаси яхшиланадиган мактабларга 2 триллион сўм ажратилиши кўзда тутилган. Бундан ташқари, ёш авлоднинг мусиқа ва санъат турларига қизиқиши ва қобилиятини ривожлантириш, ижтимоий фаоллигини ошириш, уларни халқимиз анъаналарига ва миллий қадриятларимизга нисбатан ҳурмат руҳида тарбиялашда мактабларда мусиқа фанининг ўқитилишига алоҳида эътибор қаратилаётгани аҳамиятлидир.

Давлат дастурлари, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда бу борада белгиланган вазифаларнинг ижросини назорат-таҳлил шаклида ўрганиш, парламентнинг тегишли таклиф ва тавсияларини ишлаб чиқиш мақсадида 2021 йил 4 июнь куни Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Халқ демократик партияси, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси ҳамда Фан, таълим, маданият ва спорт қўмитаси ҳамкорлигида Халқ таълими вазирлигининг “Халқ таълими тизимидаги таълим-муассасаларнинг моддий-техника таъминотини мустаҳкамлаш ҳамда мактабларда мусиқа фанининг ўқитилишини ташкил этиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги ахборотини эшитишга бағишланган кенгайтирилган қўшма йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тизимида ўқитувчиларнинг жамиятдаги мавқеини ошириш, мактаблар инфратузилмасини яхшилаш, ўқувчиларни Президентимиз илгари сурган 5 та ташаббус доирасида тўгаракларга жалб этиш ва мактабларда таълим сифатини ошириш бўйича қатор амалий ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, охирги уч йилда 221 149 ўринга мўлжалланган умумтаълим мактаблари янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилгани эътироф этилди.

Жорий йилда республика бўйича 70165 ўқувчи ўрнига мўлжалланган 215 та мактаб, шу жумладан, 13 934 ўринга мўлжалланган 31 та янги, 56231 ўқувчи ўрнига мўлжалланган 184 та мактабни реконструкция қилиш режалаштирилган. Янги ўқув биноларини қуриш орқали ҳозиргача икки ва ундан ортиқ сменада олиб борилаётган дарс жараёнларини меъёрий кўрсаткичларга келтирилиши кўзда тутилган.

Узоқ йиллар давомида тўпланиб қолган муаммолар босқичма-босқич ҳал этилаяпти. Ҳар йили давлат бюджети харажатларининг қарийб 60 фоизи ижтимоий соҳага йўналтирилмоқда, шунинг катта қисми айнан таълим тизимига ажратилаяпти. Ҳозирги замон талаблари ва мезонлари инобатга олинган ҳолда, таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш, уларни реконструкция қилиш ва модернизациялашга алоҳида аҳамият берилаяпти.

Таълим сифатини яхшилаш, ўқув муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш масалаларига Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Сайловолди дастурида алоҳида эътибор қаратилгани қайд этилди. Шундан келиб чиқиб, партия фракцияси аъзолари ҳамда маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари соҳадаги муаммолар ва камчиликларни мунтазам ўрганиб, таҳлил этиб бормоқда, депутатлик ва парламент назорати кучайтирилмоқда.

Аммо соҳада ечимини кутаётган муаммолар ҳам йўқ эмас. Жумладан, парламент қуйи палатаси депутатлари томонидан эшитувга тайёргарлик кўриш жараёнида ўз сайлов округларида олиб борган учрашувлари давомида соҳада қатор фойдаланилмаган имкониятлар ва ишга солинмаган захиралар мавжудлиги маълум бўлди.

Шунингдек, сиёсий партияларнинг ўз Сайловолди дастурларидаги устувор мақсад ва вазифалардан келиб чиқиб, йиғилиш кун тартибидаги масалалар юзасидан фракцияларнинг позициялари аниқ ва равшан баён этилди.

Хусусан, Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзолари жойларда мактабларнинг моддий-техник ҳолатини яхшилаш, таълим муассасаларининг жорий ва мукаммал таъмирланишига ажратилаётган маблағларнинг манзилли ва мақсадли сарфланишини назорат қилишда парламент ва маҳаллий кенгаш депутатларининг иштироки ва ролини янада кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратишди. Бундан ташқари, мактабларда ўқув-тарбия жараёнини давлат стандартларига мувофиқ ташкил этиш, болаларнинг ўзлаштириш даражасини оширишга эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди. Ана шу вазифалардан келиб чиққан ҳолда, фракция аъзолари вазирлик томонидан бу борада амалга оширилаётган ишлар юзасидан батафсил ахборот сўрашди.

Қўшма йиғилишда “Адолат” СДП фракцияси “Умумий ўрта таълим мактабларида мусиқа фанини ўқитиш сифатини ошириш ва ўқувчи ёшларнинг мусиқий саводхонлигини юксалтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги масалани муҳокама марказига қўйди.

Ўрганиш натижалари шуни кўрсатадики, республикамизнинг деярли барча умумтаълим мактабларида мусиқа фанини ўқитиш учун мусиқий чолғу асбоблари етарли эмас. Мавжуд мусиқий чолғуларнинг ҳам аксарияти эскирган бўлиб, амалиётда фойдаланиш учун яроқсиз ҳолатга келиб қолган. Бундан ташқари, мусиқа фанини ўқитишда дарсликлар танқислиги ҳам кузатилмоқда. Мавжуд дарсликлар эса мазмунан саёз бўлиб, бугунги замон талабларига жавоб бермайди. Педагог кадрлар масаласида олиб борилган ўрганишлар натижасида айрим ҳудудларда, хусусан, Навоий ва Сурхондарё вилоятларида мутахассисларнинг етишмаслиги аниқланган.

Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзолари ўз позицияларини баён этиш асносида халқ таълими тизимидаги мактабларда мусиқа фани машғулотлари талаб даражасида олиб борилмаётгани, мусиқа фани бўйича тажрибали ўқитувчилар етишмаслиги, аксарият ўқитувчиларда мусиқа чолғуларини ижро этиш кўникмаси мавжуд эмаслиги, ўқитиш услубининг эскирганлиги сингари масалаларга йиғилиш иштирокчилари эътиборини қаратишди.

Савол-жавоблардан кейин халқ таълими вазирлиги масъулларининг ахбороти ҳар томонлама муҳокама этилди, таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарасини амалда таъминлашга қаратилган қатор фикр-мулоҳаза ҳамда амалий таклифлар билдирилди.

Йиғилишда вазирликлар ахборотлари маълумот учун қабул қилиниб, соҳада депутатлик ва парламент назоратини изчил, қатъий ҳамда доимий йўлга қўйиш, тизимдаги муаммоларни ҳамкорликда ҳал этиш чораларини кўриш бўйича қарор қабул қилинди.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+