Кенгаш қарорлари ижроси -депутатлар назоратида

21.06.2024 17:06:04

Ўзбекистон шундайин бир жаннатмакон юртки, заминга чўп суқсанг, куртак отиб, ҳосил беришга ошиқади. Айниқса, Фарғона тумани экин майдонлари тоғ ён бағирларида жойлашгани учун ҳам суви мўл, ҳосилдорлиги юқори бўлган унумдор ерлардан иборат. Деҳқон меҳнати ва заҳмати эвазига тупроғи олтинга тенглашувчи ерларда халқ ризқ-рўзи етиштирилиб, дастурхонларимизнинг мўл-кўлчилиги ортади. Бугун айниқса, дарахт новдаларидан янгигина узилган ўриг-у, олмалар, гилослар билан безанган дастурхонлар Чимённинг дунёга машҳур патирлари билан иштаҳани янада қитиқлайди. Боз устига келинчаклар томонидан янги соғилган сутдан олинган қаймоқлар пиёлаларда келтирганда беихтиёр шундай ватанда яшаётганинг учун қалбдан шукроналар айтганингни билмай қоласан.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2023 йил 13- декабрдаги «Республикамизда ерлардан оқилона ва самарали фойдаланиш ҳолатини ўрганиш, бу борада маҳаллий Кенгашлар томонидан назорат қилиш самарадорлигини янада ошириш тўғрисида» ги 3787-ИВ/КҚ-642-ИВ-сон қўшма қарорининг тумандаги ижросини ўрганиш мақсадида ишчи гуруҳи аъзолари туман Кенгаши котибият мудири, партия депутати Файзулла Мирзаев, туман солиқ инспекцияси бошлиқ ўринбосари Давлат Ўрмонов ва қишлоқ хўжалиги бўлими мутахассислари туман ҳудудидаги фермер хўжаликлари фаолиятини ўргандилар.

Ўрганиш натижасида ҳудудда ердан олинаётган ҳосилдорликни янада ошириш, сувдан оқилона фойдаланиш борасида оммалаштирса арзигулик фермерлар фаолияти эътироф этилди.

-Бироқ, айрим фермер хўжаликлари раҳбарлари томонидан солиқ ва бошқа тўловларини вақтида тўламай қарздорликлар миқдорини ошириб, ердан самарали фойдаланмаётган ҳолатлар ҳам аниқланди, — дейди Халқ депутатлари Фарғона туман Кенгаши депутати Файзулла Мирзаев.- Бундай фермер хўжаликлари раҳбарларига қишлоқ хўжалигида фойдаланаётган ерлардан оқилона ва самарали фойдаланиш кераклиги бўйича тавсия берилди. Акс ҳолда она заминга лоқайд муносабат билан ёндашган, ишни тўғри ташкил этолмаган фермерларнинг ер майдони тўғри хулоса чиқармаган тақдирда, туман ер захира майдонлари рўйхатига киритилиши тушунтириб ўтилди.

Жамоатчилик назорати давомида аниқлаган камчиликларни бартараф этиш юзасидан ишчи гуруҳ ўз таклиф ва тавсияларини ишлаб чиқдилар. Уларни тегишли соҳа мутасаддилари билан ҳамкорликда ҳал этиш чоралари кўрилди.

Гулчеҳра Аҳмедова
«Адолат» СДП
Фарғона вилоят Кенгаши
матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+