Кенгашлар котибиятлари кучли назоратчи, демакдир

17.10.2022 14:10:57

Давлатимиз раҳбари Олий Мажлис Сенатининг 2020 йил 20 январдаги биринчи ялпи мажлисида вакиллик органлари ишини янада фаоллаштириш борасида фикр билдираркан, бунда парламент юқори палатасининг маҳаллий Кенгашлар билан ҳамкорликда олиб борадиган ишларига қайта-қайта тўхталиб ўтди. «Қуйи Кенгашлар қанчалик фаол бўлса, Сенатнинг иши шунча самарали бўлади,” деб таъкидлаган эди Президент.

Халқ депутатлари Кенгашларининг ваколатлари кенг қамровли бўлиб, улар доираси тобора кенгайиб бормоқда. Жумладан, сўнгги йиллар мобайнида Кенгашлар фаолияти ҳокимларнинг вилоят, туман, шаҳар ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисоботларини тинглаш, ижроия ҳокимияти бўлимлари, бошқармалари, бошқа таркибий бўлинмалар, тегишли ташкилот ва идоралар раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш жорий этилди.

Сўнгги йилларда маҳаллий Кенгашлар фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда уларнинг назорат фаолиятини кучайтиришга қаратилган ҳуқуқий асослар яратилиб, ҳоким, унинг ўринбосарлари, прокуратура, адлия, ички ишлар ва соғлиқни сақлаш идоралари раҳбарларининг тегишли Кенгашлар олдида ҳисобдорлиги қонунларда белгилаб қўйилди. Бироқ, ҳаётнинг ўзи ислоҳотларни жадаллаштиришни тақозо этмоқда.

2017– 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурининг ижросини таъминлаш юзасидан ишлаб чиқилган ҳамда 2020 йилнинг 14 сентябрь куни Президентимиз томонидан имзоланган «Халқ депутатлари Кенгашлари фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни юқорида келтирилган масаланинг ечими бўла олади. Дарҳақиқат, маҳаллий Кенгашларнинг доимий асосда ишлайдиган котибиятларининг ташкил этилиши мазкур кенгашлар фаолиятини янада кучайтириш учун хизмат қилади.

Қонун билан «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига, «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига Кенгаш котибияти билан боғлиқ ўзгартишлар киритилган. Жумладан, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунида халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши фаолиятига ташкилий, техникавий ва бошқа жиҳатлардан хизмат кўрсатиш вазифасини ҳокимликлар аппаратидан тегишли халқ депутатлари Кенгаши котибияти зиммасига ўтказиш, котибият юридик шахс ҳисобланиши ва унинг фаолияти тегишли маҳаллий бюджет ҳисобидан молиялаштирилиши, котибият тузилмаси, штатлари, ходимларининг меҳнат ҳақи миқдори ва моддий-техника таъминоти, шунингдек уларнинг ишлаши учун зарур харажатларни тегишли халқ депутатлари Кенгаши томонидан тасдиқланиши, котибият ходимларининг меҳнатга оид муносабатлари маҳаллий Кенгашларнинг ваколат муддатига боғлиқ бўлмаслиги белгилаб қўйилди. Котибият Ўзбекистон Республикаси Давлат герби ва ўз номи туширилган муҳрига ҳамда бланкига эга бўлиши ҳамда котибиятнинг намунавий низоми ва намунавий тузилмаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши томонидан тасдиқланишига оид нормалар мустаҳкамланди.

Шунингдек, «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига халқ депутатлари Кенгаши депутатини ҳужжатлар, зарур ахборот ва маълумот материаллари билан таъминлаш, шунингдек, депутатлик фаолияти билан боғлиқ масалалар бўйича мутахассисларнинг маслаҳатларини уюштириш вазифасини вилоят, туман, шаҳар ҳокимликлари зиммасидан Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши котибиятига ўтказиш билан боғлиқ ўзгартишлар киритилди. Хорижий амалиёт ўрганилганда, Грузия, Беларусь, Қозоғистон ва Қирғизистон каби давлатлар маҳаллий Кенгашларининг фаолиятига кўмаклашиш учун махсус тузилмалар (девон, котибият ва бошқалар) ташкил этилганлигини кузатишимиз мумкин.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 17 августдаги «Тошкент шаҳрида бошқарувнинг алоҳида тартибини жорий этиш бўйича ҳуқуқий эксперимент тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ эксперимент тариқасида ташкил этилган халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва туманлар Кенгаши котибиятлари самарали фаолият юритиб келмоқда.

Шу ўринда мисолларга мурожаат қилсак. Котибиятлар Тошкент шаҳридаги барча 12 та тумандаги халқ депутатлари кенгашлари қошида иш юритади. Улар барча даражадаги 400 дан зиёд депутатлар бошини бирлаштиришга, улар фаолиятини таҳлил қилиб боришга, уларни ташаббускорликка ундаш ишига хизмат қилмоқда. Кенгашнинг ҳозирги кунда иккита телеграм канали мавжуд бўлиб, сессияларни тўғридан-тўғри эфирга узатиш, сессияларда кўрилган масалаларни каналга жойлаштириш, керакли ҳужжат ва маълумотларни тайёрлаш ҳам котибиятлар зиммасида эканлигини таъкидламоқчиман.

Бир сўз билан айтганда, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва туман Кенгашларида котибиятларнинг ташкил этилиши маҳаллий Кенгашлар фаолиятини ахборот-таҳлилий, ҳуқуқий, ташкилий ва бошқа жиҳатдан таъминлаш, доимий комиссияларининг назорат соҳасидаги ваколатларини самарали амалга оширишга кўмаклашиш, маҳаллий ижроия ҳокимияти, давлат органлари, хўжалик бошқаруви органларининг ҳудудий бўлинмалари, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда бошқа идоралар раҳбарлари ва мансабдор шахсларининг ҳисоботлари (ахборотлари) эшитувини ташкил қилишга кўмаклашиш имкониятини берди.

Шу билан бирга, депутатлар томонидан юридик ва жисмоний шахсларни қабул қилиш билан боғлиқ ишларни ташкил этиш ҳамда мурожаатларнинг ҳисобини юритиш ва уларнинг ижросини назорат қилиш, маҳаллий Кенгаш фаолиятига оид тадбирлар тўғрисидаги хабарлар тайёрланишини ва оммавий ахборот воситаларида чоп этилишини, маҳаллий Кенгаш ва унинг доимий комиссиялари қарорлари лойиҳаларининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ва бошқа қонунларига, шунингдек юридик техника талабларга мувофиқлигини кўриб чиқиш, мазкур ҳужжатларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш, норматив-ҳуқуқий тусга эга қарорларнинг маҳаллий Кенгаш муҳокамасига киритилишидан олдин тегишли Адлия бошқармаларида ҳуқуқий экспертизадан ўтказилишини ташкил қилиш ишларини енгиллаштиради.

Мазкур қонун маҳаллий Кенгашлар фаолиятига бевосита кўмаклашувчи тузилмани ташкил қилиш орқали ҳокимликларнинг ташкилий-назорат гуруҳлари зиммасидан ўзига хос бўлмаган вазифалар соқит қилинишига ҳамда маҳаллий Кенгашлар фаолиятининг янада яхшиланишига хизмат қилмоқда.

Ўтган давр мобайнида Тошкент шаҳри ҳамда шаҳарнинг барча туманлари халқ депутатлари Кенгашларида тузилган котибиятлар фаолияти маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолияти устидан депутатлик, жамоатчилик назоратини амалга ошириш юзасидан, шу жумладан, ҳокимлар ва давлат бошқаруви ҳудудий органлари фаолиятини тизимли ва танқидий таҳлил қилиш бўйича халқ депутатлари Кенгашининг иш режаларини ижро этиш орқали ишларини кучайтиришга қаратилди ва ўз самарасини кўрсатди.

Кенгаш котибиятлари бундан ташқари Кенгаш фаолиятини Кенгаш раиси билан ҳамкорликда ташкилий, ҳуқуқий, ахборот-таҳлилий тарзда таъминлаш, Кенгашда ўтказилиши белгиланган тадбирлар режаларининг лойиҳаларини тайёрлаш, Кенгаш раисининг топшириғи ҳамда доимий комиссияларининг таклифлари асосида сессия кун тартиби лойиҳасини шакллантириш каби вазифаларни бажараётгани ҳам эътиборга молик.

Қолаверса, хат-ҳужжатларнинг ҳисобини юритиш, улар асосида таҳлилий ва ахборот маълумотномалар ҳамда бошқа материалларни тайёрлаш, раис ва депутатлар томонидан юридик ва жисмоний шахсларни қабул қилиш билан боғлиқ ишларни ташкил этиш, мурожаатларнинг ҳисобини юритиш, уларнинг ижросини назорат қилиш ҳам котибиятлар зиммасида. Кенгаш раиси ўз навбатида топшириқлари ижроси бажарилиши устидан назорат олиб боради. Бу эса Кенгаш ишини енгиллаштириш, аҳоли мурожаатларига ўз вақтида жавоб қайтаришда қўл келмоқда.

Бундан ташқари, котибиятлар депутатларга ташкилий ва ахборот хизмати кўрсатилишини, Кенгаш сессиялари материаллари лойиҳаларининг уларга етказилишини таъминламоқда. Халқ депутатлари Кенгаши котибиятини ташкил қилишдан асосий мақсад Республикамизда ҳуқуқий демократик жамиятни мустаҳкамлаш ҳамда халқ вакиллари, яъни депутатлар фаолиятини янада кучайтиришдан иборат.

 

Абдумавлон Қосимов,

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар

Кенгаши котибияти мудири

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+