Кичик саноат зоналари фаолияти такомиллаштирилади

14.06.2021 14:06:00

Жаҳон иқтисодиётидаги илғор тажрибаларга кўра ҳудудлар иқтисодий салоҳиятидан самарали фойдаланиш орқали ижтимоий-иқтисодий тараққиётни жадаллаштиришда эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари фаолияти муҳим аҳамият касб этади.

Мамлакатимизда бугунги кунда 23 та эркин иқтисодий зона фаолият олиб бораётган бўлса, уларнинг 20 таси 2016 йилдан кейин ташкил этилди. Бунда умумий эркин иқтисодий зоналардан ташқари алоҳида соҳалар, жумладан, туризм, фармацевтика каби муҳим соҳаларда эркин иқтисодий зоналар фаолияти йўлга қўйилганлигини алоҳида қайд этиб ўтиш зарур.

2016 йилдан буён эркин иқтисодий зоналар фаолиятига доир 10 дан фармон ва қарорлар қабул қилинди.

Фаолият кўрсатаётган эркин иқтисодий зоналар, технопарклар ва кичик саноат зоналари фаолиятини умумий тартибга солиш нуқтаи назаридан 2020 йил 17 февралда Ўзбекистон Республикасининг “Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди.

Жорий йилнинг 9 июнь куни “Ҳудудларнинг саноат салоҳиятини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони имзоланди. Мазкур Фармонда сифатли ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни таъминлайдиган хусусий ва хорижий инвестициялар ҳамда замонавий технологияларни жалб қилиш учун шароит яратиш, кичик саноат ва махсус иқтисодий зоналар имкониятларидан самарали фойдаланиш ва фаолиятини мувофиқлаштириш, замонавий тенденцияларни ҳисобга олган ҳолда маҳаллий саноат корхоналари учун профессионал кадрлар тайёрлаш масалаларига алоҳида аҳамият қаратилган.

Умумий ҳолда хулоса сифатида таъкидлаш лозимки, минтақалар иқтисодий салоҳиятидан самарали фойдаланиш орқали ижтимоий-иқтисодий тараққиётни жадаллаштириш борасидаги ҳукуматимизнинг комплекс ёндашуви аллақачон ўзининг натижаларини бериш билан бирга истиқболда жадал суръатлардаги тараққиётимизга ҳам хизмат қилади. Бунда энг асосийси интеграциялашган ва мувозанатли ижтимоий-иқтисодий тараққиёт орқали аҳоли турмуш фаровонлиги юксалиб бориши узвий равишда таъминланади.

Шоҳида ДАМАНОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жиззах вилоят Кенгаши қошидаги

“Аёллар қаноти” Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+