Китоб – маънавият асоси

08.04.2021 13:04:28

“Китоб – беминнат устоз, билим ва маънавий юксалишга эришишнинг энг асосий манбаи”. Бу ҳикматли сўзлар улуғ шоир ва мутафаккир Алишер Навоийга тегишли. Халқимиз азалдан  билим ва муносиб тарбия олиш, касб-ҳунар ўрганишда мутолаанинг аҳамияти катта эканлигини яхши билган. “Китобсиз ақл – қанотсиз қуш”, “Билим – ақл чироғи”, “Гўзаллик – илму маърифатда” каби нақллар бежиз дунёга келмаган.

Шунинг учун ҳам Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 13 сентябрь куни қабул қилинган ПҚ-3271 сонли “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутоааласи ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарорини ҳаётга татбиқ этишга ўта муҳим масала сифатида ёндошилмоқда. Бу йилнинг апрель ойи бошларида анъанага мувофиқ ҳамма ерда “Китобхонлик ҳафталиги” ўтказилди. Мазкур тадбирда Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилояти фаоллари ҳам бажонидил иштирок этдилар.

- Китобни ўзига  ошно тутган  кишидан ҳеч қачон  ёмонлик чиқмайди, - дейди партиямизнинг Янгиқўрғон туман кенгаши раиси Раҳимжон Тошматов. - Фарзандларимизга китоб ўқишни тарғиб этиш билан бирга уларга намуна бўлишимиз зарурлигини унутмаслигимиз керак. Шундан келиб чиқиб, сафдошларимиз ўқув муассасаларида, маҳалларда, корхона ва ташкилотларда ўтказилган тадбирларда фаол қатнашдилар. Шахсан мен  туман ахборот-кутубхона маркази ходимлари томонидан  ташкил этилган  тадбирларда иштирок этдим.

Айниқса, 10-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари ўртасида “Ўйла, изла, топ”  ўйини қизиқарли чиқди. Унда болалар таниқли шоир ва адибларнинг ҳаёти ва ижоди, уларнинг асарлари ҳақидаги билимларини намойиш этдилар. “Кутубхонага қандай борилади?” акцияси доирасида эса ижтимоий сўров ташкил қилинди. Жавоблари ижобий деб топилганларга совғалар берилди, аксинча бўлганида эса  кутубхона манзили ёзилган  буклет ва флаер тақдим этилди.

Наманган шаҳрининг Давлатобод тумани халқ таълими бўлими  "Энг яхши китобхон" танловини ташкил қилди. У дастлаб синфлар ва мактаблар миқёсида ўтказилди. Ғолиблар туман босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритдилар. Иштирокчилар учта шарт асосида баҳслашдилар.  Ўқилган асарлар мазмун-моҳияти ҳамда бош қаҳрамонлари, ёзувчи ва шоирларнинг ҳаёти ва фаолияти юзасидан берилган топшириқларни бажардилар. Ғолиб ва совриндорлар фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Косонсой тарих музейида эса маҳаллий ижодкорлар қаламига мансуб китоблар кўргазмаси очилди. Ундан шу туман фарзанди - шоир, фахрий  муаллим Аълохон  Бобохоновнинг асарлари ҳам муносиб ўрин эгаллади. Ташриф буюрувчилар ҳамюртларининг она-Ватанга муҳаббат, дўстлик ва табиат гўзалликлари, блшқа ҳаётий кечинмаларга тўла мисралари билан яқиндан танишдилар.

Вилоят марказидаги китоб мухлислари Ўзбекистон халқ шоири, Давлат мукофоти нишондори, «Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳиби Ҳабиб Саъдулла уй-музейи билан танишдилар. Бу ерда адибнинг ҳаёт ва ижод йўли ҳақида ҳикоя қилувчи кўпдан-кўп экспонатлар мавжуд. Мухлислар Ҳабиб Саъдулланинг турмуш ўртоғи Роҳилахон ая, фарзандлари ва набиралари билан суҳбатлашдилар. Уйғоқ хотиралар устоз ижодкор сиймосига нур таратди.

Ҳафталик ана шундай қизиқарли ва фойдали тадбирларга бой ҳолда ўтди.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+