Кўкда ҳилпирагин ҳамиша

17.11.2022 10:11:07

«Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тўғрисида»ги қонун 1991 йил 18 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг навбатдан ташқари ўтказилган VII сессиясида қабул қилинган.

Озод ва обод Ватанимиз — Ўзбекистоннинг байроғи бизни улуғ мақсадлар томон бошловчи буюк машъаладир. Республикамиз фуқаролари учун ватанимизнинг муқаддас рамзи – Давлат байроғи азиз. У маънавиятнинг энг ёрқин намунасидир. Шу боис, байроғимизга назар солганимизда биз руҳан жўшқинликни, азму шижоатимиз ошганини, қалбимизда ғурур ва буюк истиқболга ишонч туйғусини ҳис этамиз. Ўзида жуда катта маъно-мазмунни мужассам этган, юксак дид ва маҳорат билан пухта ишланган, бутун Ўзбекистон аҳлининг асрий орзу-истакларини, ғайрат ва шижоатини, халқимизга хос меҳмондўстликни, аждодлар ёди ҳамда миллат ғурурини мужассам этган байроғимиз сайёрамиздаги барча мамлакатларнинг давлат рамзлари орасида алоҳида ҳурмат ва эҳтиромга сазовордир. Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи халқаро майдонда, жумладан, Ўзбекистон Республикаси расмий делегацияларининг хорижий мамлакатларга сафарлари чоғида, халқаро ташкилотларда, конференцияларда, жаҳон кўргазмаларида, спорт мусобақаларида Ўзбекистон Республикасининг тимсоли сифатида кўкка бўй чўзади.

Байроғимиз ўзида бутун Ўзбекистон халқининг асрий орзу-истаклари, ғайрати ва шижоатини, халқимизга хос меҳмондўстликни мужассам этган. Миллий байроғимизнинг давлат идора ва муассасалари, ўқув юртлари, Ўзбекистон аъзо бўлган халқаро ташкилотлар, чет эллардаги элчихона ва доимий ваколатхоналаримиз пештоқида ҳилпираб туриши, турли байрам ва тантаналарда, мамлакатимиз вакиллари қатнашаётган халқаро миқёсдаги сиёсий, маданий-маърифий тадбирларда, нуфузли спорт мусобақаларида Ватанимизнинг шаъни, халқимизнинг ғурурини ёрқин акс эттириши барчамизга ифтихор бахш этади. Масалан, халқаро спорт беллашувларида ғалаба қозонган спортчиларимиз шарафига юртимиз байроғи баланд кўтарилган лаҳзада ҳар биримиз чексиз ҳаяжонга тушамиз, ҳеч кимдан кам эмаслигимизни ҳис қиламиз.

Мамлакатимизда ушбу сана ҳар йили кенг нишонланади. Жорий йилда ҳам ушбу қутлуғ кун арафасида қатор тадбирлар бўлиб ўтмоқда. Жумладан, Наманган вилояти архив иши ҳудудий бошқармасида маънавий – маърифий тадбир бўлиб ўтди. Унда бошқарма бошлиғи Нурали Аҳмадалиев, Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлар миллий ассоциацияси Наманган вилояти ҳудудий бўлинмаси бошлиғи Икромжон Каримов, «Адолат» социал демократик партияси Наманган шаҳар Кенгаши раиси Мирзараҳмат Олимов ҳамда бир гуруҳ тизим ходимлари иштирок этдилар. Тадбирда сўз олганлар миллий рамзларимиздан бири бўлган давлат байроғимизнинг қабул қилиниши, ифодаланиши ҳақида, бизга фахр ва ифтихор бериши ҳақида атрофлича гапириб ўтдилар. Йиғилганларнинг саволларига маърузачилар бафуржа жавоб бердилар. Тадбир қизғин кўтаринки кайфиятда ўтди.

Байроғимиз, ғурур ва фахримиз, Ватанимизнинг беқиёс рамзидир. Қуёш кўкда фалакнинг байроғи бўлиб порлаб турибди, кўнгилда муҳаббат байроғи ҳилпирайди, онгимизни эса тафаккур байроғи нурлантиради. Ҳамиша баландларда ҳилпирайвер жонажон байроғим!

                                                                                    Акбаржон Мансуров,

“Адолат” социал демократик партияси Наманган вилоят Кенгаши

“Ёш адолатчилар” қаноти фаоли.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+