Кўнгилларга ишонч бағишлаб

20.05.2021 13:05:32

Инсоннинг наздида саломатликнинг баҳоси йўқ, чунки саломатлик бўлмаса, на фароғат ва на ҳашамат татийди. Айниқса, бемор фарзандлар бўлса.  Бу мурғак қалбнинг биргина кулгиси учун дунёларни бахшида этишга тайёр бўлади. Халқимиз асл бахтни фарзандлари саломатлиги, бахту камолида деб билади. Лекин бу ҳаёт. Унинг турли синовлари, ўнқир-чўнқирлари бор. Бирор дардга йўлиққан болажонларнинг саломатлиги учун курашиш, уларнинг оёққа туриши учун бор имкониятини ишга солишга тайёр турган ота-она учун бу истакнинг амалга ошиши ҳаёт-мамот масаласи.

Давлатимиз раҳбарининг пойтахтимиздаги бир қатор шифо масканларида, хусусан, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази, Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт марказларида бўлиб, у ерда даволанаётган бемор болалар, уларнинг ота-оналари билан учрашиб, ҳолидан хабар олгани тасвирланган видео, фотоларни кўриб кўзимга ёш қалқиди. Ахир, бемор фарзандининг соғайиб кетиши учун кунни тунга, тунни кунга улаётган бедор, жонҳалак ота-оналар ҳолидан шахсан давлат раҳбарининг ўзи хабар олиб, улар кўнглига далда бериши, улар қалбига катта умид, тоғдек ишонч бағишлагани шубҳасиз.   

Президентимиз  Шавкат Мирзиёевнинг “... Бугун келишимдан мақсад - сизларга янаям кўпроқ шароит яратиш, касалларни тезроқ оёққа қўйиш, даволаш кафолатини ошириш бўйича чораларни белгилаш. Сизлар ҳаммангиз - менинг фарзандларимсизлар. Ҳар куни кулиб туриб, ота-оналарингга мадад бўлишларингиз керак. Албатта тузалиб кетаман, деган интилишингиз бўлиши керак. Биз бунинг учун ҳамма шароитларни яратишга ҳаракат қиламиз”, деган сўзлари нафақат бемор болаларнинг оиласига, уларнинг ўзларига ҳам шижоат ва эртанги кун учун куч-ғайрат, тетиклик бахш этгани аниқ.

Буюк табиб Ибн Сино айтганларидек, “Биз уч кишимиз. Мен, бемор ва хасталик. Агар бемор мен томонда бўлса, икки киши бўлиб касалликни енгамиз, мабодо бемор касаллик томонга ўтиб олса, мен ожизман...” деб бежиз таъкидламаган. Уларга билдирилган ишонч, руҳий далда беморларни касаллик томонга ўтиб олмасдан соғлом ҳаёт сари қадам ташлашга ундайди. Уларнинг касаллиги ҳам эсдан чиқиб, халқимизга хизмат қиладиган комил инсонлар бўлиб етишади.

Дилфуза КАМОЛОВА,

Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+