Кўнгилларни кўнгилларга бирлаштирган акция

31.05.2024 20:05:35

Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси Сурхондарё вилоят Кенгаши ташаббуси билан вилоят қон қуйиш станциясида «1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни» муносабати билан «Бор меҳримиз сенга, болажон!» шиори остида беғараз донорлик акциясини ташкил этди.

Байрам муносабати билан партиянинг «Бор меҳримиз сенга, болажон» шиори остида ўтказилган ушбу беғараз донорлик акциясидан кўзланган асосий мақсад тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлаш, инсонларни кўнгилли равишда қон топширишга чақириш орқали беморларнинг ҳаётини сақлаб қолиш, жамиятда инсонпарварлик ва меҳр-оқибат ғояларини кенг тарғиб қилишга қаратилган.

Айтиш жоизки, 7 йилдан буён партиямиз ташаббуси билан ўтказилиб келинаётган «Бор меҳримиз сенга, болажон!» беғараз донорлик хайрия акцияларида бугунги кунгача 24 753 нафар фуқароларимиз кўнгилли донор сифатида иштирок этишди, натижада 8 663 литр ҳаёт томчилари йиғилиб, 42 612 нафар болажонларнинг саломатлигини тиклаш ва ҳаётини сақлаб қолиш учун ишлатилди. Бугунги кунда ҳам онкогемотологик касалликларга чалинган болажонлар орасида қонга бўлган эҳтиёж сақланиб қолмоқда.

Мирзоҳид Ўроқов, Сурхондарё вилояти Қон қуйиш маркази бош шифокори:

  • Ушбу шиор остидаги беғараз донорлик акцияси юзлаб инсонлар бир мақсад йўлида бирлашиб, қонга муҳтож бўлган бемор болажонларга ҳаёт бағишлаш ҳамда уларнинг соғайиб кетишларига ҳисса қўшишдек хайрли ва савобли ишга бел боғлаган ҳолда, ихтиёрий равишда қон топширдилар. Эрта тонгдан бошланган мазкур акцияда партиянинг барча ходимлари, Халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгаши депутатлари, партия фаоллари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва ИИБ ходимлари ҳамда кўнгиллилар иштирок этишди. Меҳр-оқибатни азалий қадриятларимиз қаторида эъзозлаб келувчи, хайр, эҳсон, савоб каби юксак тушунчаларни одамийликнинг энг олий жиҳати деб билувчи халқимизнинг нечоғлик савобталаб эканлигига бугунги акция иштирокчилари яна бир бор амин бўлдилар. Ушбу акция кўнгиллиларни бирлаштириб, инсонпарварлик ва меҳр-оқибат намуналарини ўзида акс эттирган ҳолда, болажонлар учун чин маънодаги ғамхўрлик белгиси бўлди.

Ушбу беғараз донорлик акциясида фаоллик кўрсатган турли давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамда тиббиёт ходимлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва кўнгилли бир қатор фаол ёшлар партия вилоят Кенгаши томонидан тайёрланган ташаккурномалар билан тақдирланди.

Шунингдек, тадбир давомида «Меҳр карвони» лойиҳаси доирасидаги акцияда Ўзбекистон «Адолат» СДП вилоят Кенгаши томонидан «Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни» муносабати билан вилоят Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси ҳудудий бўлинмасида даволанаётган бемор болажонлар учун ҳомийларни жалб қилган ҳолда «Меҳр карвони» шиори остида хайрия тадбири ўтказилди. Партия вакиллари томонидан мазкур муассасада даволанаётган 20 нафар бемор болажонларни байрам билан қутлаб, байрам совғалари топширилди.

Гулшод Турсоатова,
«Адолат» СДП 
Сурхондарё вилоят Кенгаши
Матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+