Конституцион ислоҳотлар - Янги Ўзбекистоннинг тинчлиги, фаровонлиги ва тараққиёти йўлида

16.06.2022 09:06:14

Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг бирдан-бир муҳим асоси бу юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталикдир. Мана шу улуғ неъматнинг қадрига етиш ва уни янада мустаҳкамлаш юртимизда истиқомат қилаётган ҳар бир фуқаронинг инсоний бурчидир.

“Адолат” СДП ҳам ўз Низомида белгиланганидек, Ўзбекистон мустақиллигини мустаҳкамлаш борасидаги демократик жараёнларни жадаллаштириш, Ўзбекистонда ҳуқуқий-демократик давлат барпо этиш борасида Ватанга садоқат билан хизмат қиладиган инсонларни тарбиялаш, миллатлараро муносабатларни мустаҳкамлаш, дўстлик ва ҳамжиҳатликни ривожлантириш, экстремизм, терроризм кўринишларига қарши кураш олиб бориш, динлараро бағрикенгликни, тинчлик ва барқарорликни тарғиб қилиш мақсадида ҳудудларда “Янги Ўзбекистоннинг тинчлиги, фаровонлиги ва тараққиёти йўлида бирлашайлик” умумий шиори остида конференциялар ҳамда маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиб келмоқда.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда ҳуқуқий-демократик давлат барпо этишда Ватанга садоқат билан хизмат қиладиган ёшларни тарбиялаш, фарзандларимизнинг бугунги интилиш ва истакларини тўлақонли қўллаб-қувватлаш барча ҳудудий партия ташкилотларида мазкур йўналишда ташкил этилаётган маънавий-маърифий тадбирларнинг бош мақсади бўлмоқда.

Бу эса ўз навбатида  бугунги ислоҳотларнинг давомчилари ва эртанги кунимиз эгалари бўлмиш ёшларни ватанпарварлик, юрт тақдирига дахлдорлик ҳиссида тарбиялаш, ёшларнинг истак ва қобилиятларини ўз вақтида рўёбга чиқаришга хизмат қилиши муқаррар.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши томонидан Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юртида ташкил этилган маънавий-маърифий тадбир ҳам юқорида тилга олинган тадбирларнинг узвий давоми бўлди.

Маънавий-маърифий тадбирда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Абдуҳалимов Баҳром Абдурахимович, партия Сиёсий Кенгаш раиси ўринбосари Абдукамол Раҳмонов, Марказий аппарат масъул ходимлари, вилоят партия Кенгаши аъзолари ва фаоллари, Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти бошлиғи, полковник Шавкатбек Мамажонов, таълим даргоҳи тингловчилари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.

Тадбирда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Абдуҳалимов Баҳром Абдурахимович сўзга чиқиб, тинчлик — бебаҳо неъмат эканлиги, бугун дунёнинг турли минтақаларида юз бераётган нотинчликлар, низо ва қон тўкилишлар ҳар биримиздан доимо огоҳ бўлиб яшашни, осойишта ҳаётимиз учун дахлдорлик ҳиссини оширишни талаб этаётганлиги хусусидап гапириб ўтди. Шу боис тинчликнинг қадрига етиш, асраб-авайлаш, ёшларга бу неъматнинг беқиёс аҳамиятини чуқур тушунтиришга партиямиз томонидан ҳам муҳим эътибор қаратилаётганлигини таъкидлади.

Тадбирда сўз олганлар мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик, осойишталик Янги Ўзбекистонни барпо этишда нечоғлик зарурий аҳамият касб этиши борасида фикр юритишди.

Тадбир вилоятдаги таниқли санъаткорлар иштирокида тинчликни тараннум этувчи концерт дастурига уланиб кетди. “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси – инсон қадри  устуворлиги учун!”  шиори остида ўтган маънавий-маърифий тадбирда санъаткорлар тинчлик ва тотувликни тараннум этувчи куй-қўшиқлар билан концерт дастурига файз киритишди.

 

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилоят Кенгаши матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+