Конституция билимдони аниқланди

18.11.2021 16:11:15

«Адолат» социал-демократик партияси томонидан ҳар йили анъанавий тарзда «Ватан келажаги ёшлар қўлида» лойиҳаси доирасида «Конституция билимдони» кўрик-танлови ўтказиб келинади.

Ушбу тадбир ёшларнинг ҳуқуқий ва сиёсий билимлари, онги ва маданиятини юксалтириш, уларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва амалдаги бошқа қонун ҳужжатларига ҳурмат руҳида тарбиялаш, ёшларда эркин фикрлаш қобилияти ва нутқ маданиятини ўстириш, уларнинг фаол фуқаролик позициясини янада мустаҳкамлаш, уларда Ватанга муҳаббат, келажакка ишонч руҳини шакллантириш, иқтидорли ёшларни аниқлаш ва рағбатлантириш ҳамда «Адолат» СДП дастурий мақсад ва вазифаларини тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилади.

- Жамиятда қонун устуворлиги ва барқарорлигига эришиш, мамлакатимизда эркин демократик давлат, кучли фуқаролик жамият барпо этишга кўмаклашиш бугунги кундаги энг муҳим вазифа ҳисобланади, - дейди партиямиз фахрийси, Наманган иқтисодиёт-технология институти профессори Ҳамид Аҳмадхўжаев. – Бунинг учун, ёшлар ўртасида ҳуқуқий, сиёсий таълим-тарбияни янада такомиллаштириш зарур. Демак, йигит-қизларнинг ҳуқуқий демократик давлат барпо этишдаги иштирокини таъминлаш, уларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, сиёсий фаоллигини янада ошириш алоҳида аҳамият касб этади. Бунда мана шундай кўрик-танловлар катта роль ўйнайди. Улар ёрдамида «Адолат» СДП Низоми ва сайловолди дастурида белгиланган устувор вазифаларни кенг тарғиб қилиш ҳам мумкин.

Танловнинг Наманган шаҳар босқичи ҳам ана шу вазифалардан келиб чиққан ҳолда ўтказилди. Тадбирга пухта тайёргарлик кўрилгани яхши самара берди. Вилоят марказидаги йирик таълим масканларидан бири бўлмиш 7-умумий ўрта таълим мактабининг катта мажлислар зали педагоглар, ота-оналар ва мухлислар билан тўлди. Қизғин тус олган баҳсларда академик лицей, коллеж ва техникумларда бўлиб ўтган танлов ғолиблари иштирок этдилар.

Беллашувда беш нафар қатнашчи ўзини таништириш, Конституцияга доир билимларини аниқлаш, эркин мавзу каби шартлар бўйича баҳс олиб бордилар. Айниқса, Шоҳжаҳон Муҳаммадхонов, Раҳимжон Қориев Конституция моддаларини ёддан билишлиги, Жавоҳир Ғаниев эса эркин мавзудаги чиқишлари билан йиғилганларни ҳайратга солдилар.

Партия фаоллари, педагог ва ҳуқуқшунослардан иборат ҳакамлар томонидан қатнашчиларнинг чиқишлари холисона баҳоланди ва уч нафар ғолиблар аниқланди. Улар даражалари бўйича диплом ва ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Мутлақ ғолибликни қўлга киритган Наманган юридик техникуми талабаси Шоҳжаҳон Муҳаммадхонов вилоят босқичида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлди.

Мирзараҳмат ОЛИМОВ,

«Адолат» СДП Наманган шаҳар Кенгаши раиси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+