Конституция билимдони: танловнинг пойтахт босқичи қизғин ўтди

24.11.2023 12:11:44

      Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йилнинг 7 Февраль кунидаги ПҚ-46-сонли “Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорида аҳолининг, айниқса, ёшларнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, жамиятда инсон ҳуқуқлари маданиятини янада юксалтириш, келажак авлодни қонунларга ҳурмат руҳида тарбиялаш вазифалари белгиланган.
     Бу борада “Адолат” СДП ўз дастурий мақсадларида ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, келажагимиз вакилларининг энг долзарб муаммоларини фаол ва самарали ечиш, ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш, ёшлар ташкилотлари фаолияти самарадорлигини ошириш, келажак авлоднинг турмуш ва таълим олиш шароитларини яхшилашга оид аниқ вазифалар, мақсадларни белгилаб олган.

   Хусусан, ёшларнинг ҳуқуқий, сиёсий саводхонлигини ошириш, уларни қонунларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, айниқса, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва ундаги нормаларнинг мазмун-моҳиятини ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг аҳамияти ва янги қабул қилинаётган қонунлар билан ёшларни яқиндан таништириш мақсадида жорий йилнинг 23 ноябрь куни Тошкент давлат юридик университетида Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент шаҳар кенгаши томонидан партиянинг “Ватан келажаги ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида “Конституция билимдони” кўрик-танловининг Тошкент шаҳар босқичи ўтказилди.

     Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, партия Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ходимлари, Тошкент давлат юридик университети профессор-ўқитувчилари ва талабалари, партиянинг “Ёш адолатчилар қаноти” фаоллари, “Ёшлар парламенти” аъзолари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
     Тадбирда сўз олганлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 8 майдаги ПФ-67-сонли “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонининг мазмун-моҳияти, унда акс этган ёшларга оид масалалар ҳамда келгусида ушбу муҳим ҳужжатнинг ижроси натижасида эришиладиган ютуқлар, мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар юзасидан маълумотлар берилди.
     Кўрик-танлов 3 шарт асосида бўлиб ўтди. Унда иштирокчиларнинг Бош қомусимизни қай даражада билишлари, бадиий маҳоратлари ва нутқ маданияти синовдан ўтказилди.
     Айтиш жоизки, беллашув қизғин тортишувларга бой бўлиб, кучлилар ўртасидаги баҳс-мунозараларда ҳакамлар учун якуний қарорга келиш ва якдиллик билан ғолибни эътироф этиш анчайин қийин кечди. Кўрик-танлов, аслида, шуниси билан ҳам завқли ва эсда қоларли бўлади.
     Сўнгги хулосаларга кўра, Чилонзор туманидан қатнашган Тошкент давлат иқтисодиёт университети қошидаги академик лицейининг 1-курс талабаси — Алишеров Абдужалил Рамз ўғли биринчи ўринга муносиб деб топилди.
     Шайхонтоҳур туманидан 192-сонли умумий таълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Саидкамолова Муслима Алишер қизи иккинчи ўринни эгаллади.
     Бектемир туманидан 289-сонли ИДУМнинг 11-синф ўқувчиси Мажидова Наргиза Убайдулло қизи учинчи ўринни қўлга киритди.
     Тадбир якунида кўрик-танлов ғолибларига ва барча иштирокчиларига эсдалик совғалари топширилди. Республика босқичига йўлланмани қўлга киритган иштирокчига келгуси босқичда пойтахтимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишда омад тилашди.

“Адолат” СДП
Матбуот хизмати 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+