Конституция билимдонлари – келажагимиз эгалари

24.11.2022 10:11:40

Бугуннинг ёшлари анчайин зукко, тетик. Қадамлари илдам-илдам. Уларнинг ҳар томонлама баркамол улғайишлари, ижтимоий шаклланиши, эркин таълим олиб, ўзлари истаган касбни пухта эгаллашлари,ижодий иқтидорини жамият манфаатлари йўлида имкони борича тўла-тўкис рўёбга чиқариши учун мамлакатимизда ҳамма шарт-шароитлар яратилган.

Бунга жавобан, ёшларимизнинг ҳар соҳада етук ва илғор бўлишлари табиий талабдир. Шу сабаб ҳам ёшларнинг ҳуқуқий ва сиёсий билимлари, онги ва маданиятини юксалтириш, уларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига ҳурмат руҳида тарбиялаш, ёшларда эркин фикрлаш қобилияти ва нутқ маданиятини ўстириш, Ватанга муҳаббат, келажакка ишонч руҳини шакллантириш, иқтидорли ёшларни аниқлаш ва рағбатлантириш барчамизнинг вазифамиздир.

Бош Қомусимизнинг 30 йиллиги муносабати билан «Адолат» СДП Жиззах вилоят Кенгаши томонидан «Конституция билимдони» кўрик-танловининг вилоят босқичи ташкил этилишидан ҳам айнан шу фикрлар мақсад қилинган.

Жиззах шаҳридаги «Сайилжой» академик лицейида бўлиб ўтган мазкур танловда партиянинг вилоят кенгаши ходимлари, Халқ депутатлари Жиззах вилоят ҳамда шаҳар кенгаши депутатлари, ҳамкор ташкилотлар, ўқитувчилар, талабалар, ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Тадбирни партиянинг вилоят кенгаши раиси ўринбосари П.Ҳамзаев очиб берар экан, Конституция юртимизда олий мақомдаги қонун сифатида давлат қиёфаси, унинг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий тузилиши, бошқарувнинг демократик принциплари, жамият ривожланишининг стратегик йўналишлари, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатланиши ҳамда маънавий қадриятларимиз асосларини мустаҳкамланишида муҳим ўрин тутишини таъкидлаб ўтди.

Вилоятдаги барча туманлардан ғолибликни қўлга киритиб кўрик-танловнинг вилоят босқичида иштирок этган қатнашчилар 3 та шарт бўйича ўзаро беллашишди.

Тадбир қатнашчилари белгиланган шартлар асосида пухта тайёргарлик кўришганлигини, мамлакатимиздаги иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар ҳақида ўз тушунчасига эга эканлигини уларнинг тайёрлаган фотоальбом, иншо ва шеърий намуналаридан иборат кўргазмаларидан ҳам кўриш мумкин. Ёшлик шижоати жўшиб турган ўғил-қизлар ҳар бир шарт бўйича ўзларининг ҳуқуқий ҳамда сиёсий жиҳатидан билимли экани билан ҳакамларнинг, устоз мураббийлар ва тенгдошларининг олқишларига сазовор бўлишди.

Танловда ҳакамлар ҳайъати ҳар бир шарт бўйича иштирокчиларни адолат мезонлари асосида баҳолаб бордилар.

Кўрик-танлов ғолиблари ҳамда иштирокчилари «Адолат» социал-демократик партияси Жиззах вилоят Кенгашининг махсус диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

«Адолат» СДП Жиззах вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+