Конституция - халқчил давлат ва фаровон ҳаёт асоси!

07.12.2023 15:12:32

“Конституция - халқчил давлат, барқарор тараққиёт ва фаровон ҳаёт асоси!”

Юртимизда давлатимиз ва халқимиз учун ниҳоятда муҳим бўлган Конституция қабул қилинганлигининг 31 йиллиги кенг нишонланмоқда. Президентимизнинг 2023 йил 16 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги 72-сонли фармойиши ижросини таъминлаш мақсадида “Адолат” СДП Сирдарё вилоят Кенгаши томонидан ГДУ қошидаги Гулистон академик лицейида тадбир ташкил қилинди.


Тадбирда “Адолат” СДП Сирдарё вилояти Кенгаши раиси Ж. Комилов, Гулистон давлат университети тарих кафедраси катта ўқитувчиси, тарих фанлари фалсафа доктори (PhD) Д. Қудратов,”Умурбоқий мерос” тарғибот маркази раҳбари - Д. Ахмедов, лицей ўқитувчи ва ўқувчилари иштирок этишди.


Маърузачилар томонидан юртимизда 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган референдумда янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 65 фоизга янгиланганлиги тўғрисида ҳуқуқий маълумот берилди.


Таъкидлаш лозимки, Конституция – халқимизнинг истиқлол йилларида эришган улкан тарихий ютуғидир. Халқимиз учун обод ва фаровон ҳаёт барпо этиш, халқаро майдонда ўзимизга муносиб ўрин эгаллашда Асосий қонунимиз мустаҳкам замин бўлмоқда.
Жамиятимиз ҳаётининг мезони бўлган Конституцияни чуқур ва ҳар томонлама ўрганишимиз, унинг маъносини англаб, ҳаётимизнинг доимий қўлланмасига айлантиришимиз даркор. Мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, илмий, маънавий салоҳиятини юксалтириш, тинчлик ва барқарорликни, миллатлараро дўстлик ҳамда тотувликни асраш, Янги Ўзбекистонда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, Асосий қонунимизнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини кенг тарғиб қилиш, ёш авлодни қонунга ҳурмат, Ватанга меҳр ва садоқат руҳида тарбиялаш ҳар бир кунимизнинг долзарб вазифасидир.


Конституция, авваламбор, давлат билан фуқаролар ўртасидаги ўзаро муносабатларни, ҳуқуқлар ва мажбуриятларни белгилаб, мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга ва тўғридан-тўғри амал қилувчи энг муҳим ҳужжатдир.


Хулоса ўрнида айтишимиз мумкинки, янгиланган Конституция мамлакат, миллат ва халқ сифатида кейинги қадамларимизни аниқлаб олишимиз учун ғоят аҳамиятли дастуриламал, адолатли жамият қуриш йўлидаги улкан қадамдир.

Тадбир давоми лицей ўқувчилари иштирокида Конституцияга бағишланган викторина ташкил этилиб, фаол қатнашган ўқувчиларга партия эсдалик совғалари топширилди.

“Адолат” СДП Сирдарё вилоят Кенгаши матбуот хизмати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+