Конституция – миллий давлатчилигимизнинг ҳуқуқий асоси

18.10.2022 16:10:53

Бугунги шиддат билан кечаётган глобаллашув жараёнлари ҳозирги кунга келиб инсоният олдига бир қанча муаммоларни қўймоқда. Айниқса, ривожланиш йўлидаги ҳар бир миллий давлатнинг бошқарув тизимини ислоҳ қилишга эҳтиёж туғдирмоқда. Шу маънода, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар замирида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, уларга барча шарт-шароитларини, фаровон яшаш имкониятларини яратиб бериш муҳим аҳамиятга эгадир.

Барчамизга маълумки, мамлакатимиздаги сиёсий партиялар ташаббуси билан Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш масаласи жамоатчилик ҳукмига ҳавола этилди. Ушбу ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия таркиби шакллантирилди. Ҳозирги кунда Конституциявий комиссия ўз иш фаолиятини амалга ошириш жараёнларида фуқароларнинг таклифлари, фикр-мулоҳазалари ўрганиб, Бош қомусимизни такомиллаштириш бўйича ишларни жадал олиб бормоқда.

Глобал ўзгаришлар даврида маънавият соҳасида вужудга келаётган долзарб муаммолар, хусусан, жаҳоннинг айрим минтақаларида тобора кучайиб, илдиз отиб бораётган маънавий таҳдидлар хавфидан халқимиз маънавиятини асраш баробарида уни юксалтириш, айниқса, ёш авлоднинг қалби ва онгини ёт мафкуралар таъсиридан ҳимоя қилиш долзарб масалага айланиб бормоқда. Зеро, маънавий ва ижтимоий ҳаётимизнинг мазмун-моҳиятини қамраб олган давлатимизнинг янги ривожланиш сиёсатига дахлдорлик ҳисси ҳар бир фуқаронинг ўз бурчлари олдида собитқадам бўлишга ундайди.

Бугунги кунга келиб давлатнинг ривожланишини белгилаб берувчи ҳуқуқий асос бу Конституциядир. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси суверен давлат сифатида демократик ривожланиш йўлидаги мақомини белгилайди. Қисқа давр ичида мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида жуда кўплаб ислоҳотлар амалга оширилди. Жумладан, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 25 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида, «Мустақил ва суверен давлат сифатида ривожланишимизнинг машаққатли ва шарафли йўлида эришган барча ютуқларимизни, энг аввало, Конституциямиз билан боғлашимиз, албатта, бежиз эмас... Конституциямиз асосида мамлакатимизда миллий қонунчилик тизими, давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари шаклланди. Бугунги кунда барча жабҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ижтимоий-иқтисодий сиёсий ва ҳарбий салоҳиятимиз юксалиб, фуқароларимизнинг дунёқараши тобора ортиб бормоқда. Буларнинг барчаси, энг аввало, Бош қомусимизнинг ҳаётбахш куч-қудрати натижасидир», деб таъкидланган.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 1992 йилнинг 8 декабрида Республика Олий Кенгашида қабул қилинган. Бугунги кунда жаҳонда ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий жараёнларининг глобаллашув таъсири натижасида вужудга келаётган ўзгаришларни қисман ўз ичига қамраб олган амалдаги ҳужжат биринчисидан анча фарқ қилади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ҳозирги кунга қадар 15 марта ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган. Конституциянинг қабул қилиниши давлатимизни демократик қадриятларга асосланган ҳолда ривожланиши кафолати ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ишлаб чиқилиши, қабул қилиниши ва амалга оширилиши натижасида, мамлакатимизнинг келажак истиқболларини ва режаларини белгилаб берувчи ҳуқуқий-сиёсий фундамент вужудга келган. Шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласига ҳам алоҳида эътибор берилганлиги бўлиб, бу Бош қомусимизда инсон манфаатлари устунлигининг кафолатини далолат беради.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қабул қилиниши, ўз навбатида инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, эркинликларини давлат манфаатларидан устунлигини мустаҳкамлаб, Ўзбекистон халқи учун муносиб ҳаёт шароитини яратишга қаратилган сиёсий бир жараёндир. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қонун устуворлиги, унинг барча фуқаролар учун тенглиги, давлат ҳокимияти қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлинишининг ҳуқуқий тамойилини белгилаб берилган. Давлат ҳокимияти органларини мустақил ҳокимият тармоғи сифатида ривожлантириш натижасида давлат ҳокимияти органлари ўртасида ҳамкорлик механизмлари ишлаб чиқилган.

Конституциямиздаги «Кучли давлатдан кучли фуқаролик жамияти сари» концепциясини босқичма-босқич амалга оширишда ҳуқуқий асос бўлиб, фуқаролик жамияти институтлари сифатида сиёсий партияларни шакллантириш ва ривожлантириш масалаларини, сайлов эркинлиги кафолатларини мустаҳкамлайди.

2016 йилдан бошлаб мамлакатимизда янги бир давр бошланди десак, муболаға бўлмайди. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича кенг қамровли ислоҳотларни амалга оширилиб келинмоқда. Сўнгги йилларда Ўзбекистон жамияти қайта уйғонди, халқимиз янгича фикрлаш, ишлаш ва яшашга интила бошлади.

2022 йил 20 июнда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашув ўтказиб, ушбу ушбу учрашувда давлатимиз раҳбари Конституцияга ўзгартириш киритиш зарурияти масаласига батафсил тўхталиб, ўзининг бир қатор таклифларини илгари сурди.

Жумладан, муҳтарам Президентимиз томонидан бугунги кундаги Конституциявий ислоҳотлар ўзбек халқининг фаровонлигини таъминлаш, жамиятимиз ва давлатимиз тараққиётига қаратилган бўлиши лозимлигини таъкидлаб, ушбу ислоҳотни бир нечта йўналишда амалга ошириш кераклигини белгилаб бердилар. Масалан:

Инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати, дахлсиз ҳуқуқлари ва манфаатлари масаласи биринчи йўналиш бўлиб, инсон қадрини улуғлаш ғояси барча ислоҳотлар марказида бўлиши керак. Ушбу йўналиш доирасида инсонга муносиб таълим-тарбия шароитларни яратиш, халқ манфаатлари ҳамма нарсадан устун ғоясини амалга ошириш, гумон қилинувчининг ҳуқуқлари, «Миранда қоидаси», Хабес Корпус институтини яна ривожлантириш, хусусий мулк ҳимояси, инсоннинг меҳнатга ва муносиб ҳаёт шароитларига, ишсизликдан ҳимояланишга, камбағалликни қисқартиш, ҳомиладорлиги ёки ёш боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланиши каби бир қатор конституциявий ислоҳотлар;

Иккинчи йўналишда табиатдаги глобал иқлим ўзгаришлари, Орол денгизининг қуриши билан боғлиқ вазиятнинг тобора кескин тус олаётган экологик хавфсизлик масалаларига қаратилган бўлиб, ўз ичига мансабдор шахсларнинг табиат ҳимояси учун масъулиятини кескин ошириш, аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш, давлатнинг эркаклар ва аёллар, оилалар ва болалар, ёшлар ва нуронийлар, ногиронлиги бор шахслар, мамлакатда ёки унинг ташқарисида бўлишидан қатъий назар, барча инсонлар ҳақида қайғуриш, таълим, илм-фан ва инсон капиталини ривожлантириш, боғча, мактаб, олий таълим ва илм-фан соҳаларини устувор тараққий эттиришни конституциявий даражада мустаҳкамлаб қўйиш, давлат мактабгача таълим, мактаб ва олий таълим тизимини, турли мулк шаклидаги, жумладан, хусусий таълим муассасаларини ривожлантириш учун зарур шароитлар яратиб бериш, педагог ходимларнинг касбий фаолиятига аралашиш, уларнинг хизмат мажбуриятларини бажаришига тўсқинлик қилишга йўл қўйилмаслик каби бир қатор конституциявий ислоҳотлар;

Учинчи йўналишда эркин ва адолатли фуқаролик жамияти ривожланиши билан боғлиқ масаладир. Ушбу йўналиш доирасида маҳалланинг мақомини ҳамда давлат органларининг бу борадаги вазифаларини асосий қонунимизда аниқ белгилаб қўйиш, маҳалланинг давлат ҳокимияти органлари тизимига кирмаслиги, жойлардаги маҳаллий аҳамиятга молик масалаларни мустақил ҳал этиш бўйича ваколатлари алоҳида белгиланиши зарурлиги;

Тўртинчи йўналишда Ўзбекистонда инсонпарвар, демократик ҳуқуқий давлат қуриш масаласидир. Унга кўра, «Ўзбекистон – ҳуқуқий давлат» деган ғояни Конституциямизда аниқ мустаҳкамлаб қўйиш, Конституцияга давлат органлари фаолиятида очиқлик, шаффофлик ва ҳисобдорликни, мазкур органларнинг ихчам ва тежамкор бўлишини таъминлаш юзасидан қоидалар киритиш, Ҳукуматни шакллантириш ва унинг самарали фаолият юритишини таъминлашда Олий Мажлиснинг ваколатларини кенгайтириш, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбарини тайинлаш бўйича фармон Сенат томонидан тасдиқланиши, коррупцияга қарши кураш бўйича йиллик миллий маърузани муҳокама қилиш масаласини парламентимиз ваколатига киритиш, Олий Мажлиснинг парламент назоратини амалга ошириш бўйича ваколатларининг конституциявий асосларини кучайтириш, Президентнинг айрим ваколатларини Олий Мажлисга ўтказиш, бола манфаатлари ҳимоя қилиш, ногиронлиги бўлган инсонларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини белгилаб қуйиш, малакали тиббий хизматдан фойдаланиш, барча давлатлар билан тинчликпарвар ва дўстона сиёсат юритиш, ташқи сиёсатда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳурмат қилиш каби долзарб масалаларнинг ечими борасидаги таклифлар берилди». Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда келтириб ўтган конституциявий ислоҳотлар таклифлари моҳиятини бугунги кундаги глобаллашув жараёнлари контекстида таҳлил қиладиган бўлсак, ушбу таклифларнинг самараси бениҳоя ижобий бўлишига шубҳа йўқдир.

Давлатимиз раҳбари 2022 йилнинг октябрь ойида Сирдарё вилоятига ташрифи доирасида вилоят фаоллари билан учрашди ва учрашув чоғида Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан фуқаролардан 150 мингдан ортиқ таклифлар келиб тушганлигини, шунингдек, Конституцияни ўзгартиш борасида шошилмаслик кераклигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Муҳтарам юртбошимиз Шавкат Мирзиёев «Халқимиз эртанги кунига бефарқ эмас, Қонун, яъни Конституция бизни ҳимоя қилсин деган фикрда. Шунинг учун бу борада мукаммал, халқчил, халқни дардига кафолат бўладиган Конституцияни яратиш таклифини бераман» дея алоҳида гапириб ўтдилар. Шу билан бирга, ушбу таклифларни ҳам қўшимча қилишни лозим, деб ҳисоблаймиз:

Биринчидан, ўзбек оилаларида аёлларнинг эъзозланиши миллий ва диний қадриятларга бориб тақалади. Конституциямизнинг 63 моддасида оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга. Никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади деган норма мавжуд. Мазкур моддага никоҳ эркак ва аёлнинг қонуний иттифоқидир деб киритиш мақсадга мувофиқдир;

Иккинчидан, фуқаролик жамияти ривожланиши шароитида аҳолини, айниқса, ёшларни соғломлаштириш борасидаги никоҳ ва оила институти доирасида бир қатор ишлар амалга оширилган. Бош қомусимизнинг 64 моддасида ота-оналар фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар деб белгилаб қўйилган. Ушбу моддага қўшимча тарзда боқиш, тарбиялаш ва таълим беришга мажбурдирлар деб киритиш лозим;

Учинчидан, бола ҳуқуқлари - мураккаб, серқирра тушунча бўлиб, у замонавий цивилизациянинг муҳим қадриятларидан бири ҳисобланади. Бола ҳуқуқларининг аҳамияти шундан келиб чиқадики, бу энг аввало, индивидга тегишли тушунча бўлиб, оила, жамият ва давлатда ўрнатиладиган ижтимоий ва ҳуқуқий меъёрлар билан белгиланади. Конституциянинг 65 моддада фарзандлар ота-оналарнинг насл-насабидан ва фуқаролик ҳолатидан қатъий назар, қонун олдида тенгдирлар. Оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилинади деган қоидага оналик ва болалик ҳамда оталик давлат томонидан муҳофаза қилинади тарзида қўшимча киритиш;

Тўртинчидан, Конституциямизнинг 31 моддасида белгиланган: «Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди» деб белгиланган. Бизнингча, юқоридаги масалаларни ҳисобга олган ҳолда ушбу моддага қўшимча қилиб, «Диний мазмундаги фикр ва ёндашувларни онгли тарзда нотўғри талқин қилиш, ўзгартириш орқали инсон ва жамиятнинг маънавий-ахлоқий ва ижтимоий ҳаётига салбий таъсир кўрсатиш ҳаракатлари пайдо бўлганда қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади» деган мазмундаги сўзларни киритиш мақсадга мувофиқдир.

Бешинчидан, Конституциямизнинг 41 моддасида белгиланган: «Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга. Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади. Мактаб ишлари давлат назоратидадир». Бунга қўшимча қилган ҳолда, «Мактабгача таълим ва тарбия, умумий ўрта ва ўрта махсус таълим, мактабдан ташқари таълим, профессионал таълим, олий таълим, олий таълимдан кейинги таълим, кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш давлат назоратидадир» каби белгиланиш таклифини билдирдик.

Бешинчидан, Конституциямизнинг 37 моддасида белгиланган: «Ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эгадир. Суд ҳукми билан тайинланган жазони ўташ тартибидан ёки қонунда кўрсатилган бошқа ҳоллардан ташқари мажбурий меҳнат тақиқланади». Биз жамоамиз билан «Барча фуқаролар меҳнат ҳуқуқларига эга бўлиш ва улардан фойдаланишда қонунда кўрсатилган тартибда тенг имкониятларга эгадир» дея қўшимча киритиш таклифини бердик.

Еттинчидан, 39 моддада «Ҳар ким қариганда, меҳнат лаёқатини йўқотганда, шунингдек боқувчисидан маҳрум бўлганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эга. Пенсиялар, нафақалар, ижтимоий ёрдам бошқа турларининг миқдори расман белгилаб қўйилган тирикчилик учун зарур энг кам миқдордан оз бўлиши мумкин эмас» каби белгиланган. Шунингдек, қўшимча киритиш бўйича «Ҳар ким қариганда, меҳнат лаёқатини йўқотганда бепул тиббий хизмат билан давлат томонидан таъминланади» деган мазмундаги сўзларни киритиш мақсадга мувофиқдир.

Бугунги кунда мамлакатимизда Конституциявий ислоҳотлар жараёни қизғин паллага кирди. Унинг натижаларига кўра, «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий қонуни лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси референдумига қўйилади.

Минглаб фуқароларимиз, нуроний ва ёшларимиз, турли миллат вакиллари, таълим тизими ва тиббиёт соҳаси ходимлари, тадбиркорлар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, умуман жонажон Ўзбекистонимиз тақдирига бефарқ бўлмаган юртдошларимиз ўз таклифларини билдиришда фаол бўлишди.

Юрт келажаги ва Ватанимиз тақдири Сиз ва Бизнинг мазкур жараёндаги фаол иштирокимизга боғлиқ бўлиб, келгуси тараққиётимиз учун муҳим аҳамият касб этади.

Илҳомжон ТЎХТАСИНОВ,

Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши депутати,

Самарқанд давлат чет тиллар институти ректори,

педагогика фанлари доктори, профессор.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+