«Конституция ранглар жилосида»: жараёнлар Хоразмда ҳам қизғин кечмоқда

01.11.2022 15:11:53

«Адолат» социал-демократик партияси ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 30 йиллиги муносабати билан ёшлар ўртасида мамлакатимиз бўйлаб «Конституция ранглар жилосида» расмлар кўрик-танлови ташкил этилмоқда.

Кўрик танловни ўтказишдан асосий мақсад – ёшлар онгида ватанни севиш, тинч ва осуда ҳаётнинг қадрига етиш, ватанни севиш, инсон манфаатлари устувор бўлган эркин демократик жамият қуриш, миллий ва диний қадриятларни тиклаш, улуғ аждодларимизнинг бебаҳо маънавий мероси қадрига етиш, Бош Қомусимизга бўлган ҳурмат эътиборини мустаҳкамлаш ва бошқа инсонийлик жиҳатларни юксалтиришдан иборатдир.

Хоразм вилоят санъат мактаб интернатида ташкил этилган «Конституция ранглар жилосида» мавзусидаги танловнинг мақсади ҳам ана шуларга қаратилди.

Танловда воҳамиз бўйлаб тасвирий санъат йўналишида ижод қилаётган ёки қизиқиш билдирган, жорий йилнинг якунигача 18 ёшга тўлмаган ёшлар иштирок этишмоқда.

Иштирокчилар Бош Қомусимизнинг истаган моддаларини ранглар жилосида тасвирлаб берадилар.

Танлов иштирокчиларининг ижодий ишлари ташкилий қўмита ва унинг ҳудудий бўлинмаларидаги штаблар томонидан асарнинг мазмуни танлов мавзусига мос келиши, рангларнинг аниқ танланганлиги ва мутаносиблиги, ижодий ишнинг композицион жойлаштирилиш маҳорати, ижодий ишдаги техника маҳорати ва бошқа талаблар асосида баҳоланади.

Танлов ғолибларнинг ишларини баҳолаш натижасига кўра, биринчи ўрин 1-даражали диплом, иккинчи ўрин 2-даражали диплом, учинчи ўрин 3-даражали диплом ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланадилар.

10 ноябрь куни Республика ва ҳудудий танловлар ғолиблари ва совриндорларини аниқлайди ва танлов натижалари бўйича қарор қабул қилиниб, 11 ноябрь куни эълон қилинади.

Бир сўз билан айтганда, кўрик-танлов ёшларни қобилият ва истеъдодларини тўла намоён этиш учун имконият яратиши билан бир қаторда, улар онгида ватанпарварлик туйғуларини ҳамда Бош Қомусимизга бўлган меҳрини оширишга, тинч ва осуда ҳаётни қадрига етиш каби гўзал фазилатларни мустаҳкамлашда хизмат қилиши шубҳасиздир.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+