Конституция — тараққиётнинг асосий пойдевори

30.11.2022 11:11:07

Яна саноқли кунлардан кейин мустақиллик йилларида эришган барча ютуқ ва марраларимизнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори бўлган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 30 йиллигини нишонлаймиз.

Сир эмаски, сўнгги олти йилда Бош қомусимизнинг ҳаётимиз ва турмуш тарзимизда тутган ўрни ҳар қачонгиданда юксалди. Айнан Конституциямизга таяниб, бундан беш йил олдин мамлакатимизда Ҳаракатлар стратегияси қабул қилинди. Натижада, Ҳаракатлар стратегиясининг бешта йўналиши доирасида Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар бошланди.

Ўтган қисқа даврда жамиятимизнинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий манзараси бутунлай ўзгарди. Эркинлик ва очиқлик, қонун устуворлиги, жаҳон ҳамжамияти билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик давлатимиз сиёсатининг асосий йўналишига айланди.

Аввало, “Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир” деган конституциявий қоидадан келиб чиқиб, халқ билан доимий мулоқот қилиш давлат идоралари фаолиятининг бош мезони этиб белгиланди. Қувонарлиси, 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида мамлакатимизни келгуси беш йилликда ривожлантиришга қаратилган 100 та мақсад доирасида ҳам қонун устуворлиги ва Конституциявий қонунийликни таъминлаш ҳамда инсон қадрини ушбу жараённинг бош мезони сифатида белгилашга қартилган бир қатор мақсадлар белгилаб берилди. 

Шундан келиб чиқиб, Конституциявий ислоҳотларни ўтказиш билан боғлиқ ишларнинг самарали ва пухта амалга оширилишини таъминлаш мақсадида Конституциявий комиссия тузилди. Шу билан бирга, ушбу сиёсий жараёнда ҳар бир фуқаронинг ўз фикр-мулоҳаларини, таклифларини билдириши учун барча қулайликлар яратиб берилди.

Жумладан, депутатлар томонидан ҳудудларга чиқиб, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда фуқаролар иштирокида қатор учрашувлар ўтказди. Мазкур жараёнда Конституциявий ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка тушунтириш ишлари олиб борилди.

Таъкидлаш жоиз, умумхалқ муҳокамаси даврида Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан аҳолидан ҳамда фуқаролик жамияти институтларидан жами 150 мингдан ортиқ таклиф ва фикр-мулоҳазалар келиб тушди. Бугунги кунда улар Қонунчилик палатасининг масъул қўмиталари томонидан атрофлича ўрганилиб, Конституциявий қонун лойиҳасида ўз аксини топмоқда.

Конституция нормаларини ўзгартириш учун берилган таклифларда фуқароларнинг меҳнат, ижтимоий ва экологик ҳуқуқлари, шу жумладан аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари ҳуқуқларини конституциявий жиҳатдан кафолатлашни кучайтириш, оила институтини мустаҳкамлаш, инсон ва фуқаронинг шахсий ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини кафолатлашга қаратилган нормалар киритилмоқда.

Яна бир муҳим масала. Яқинда Президентимизнинг “Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги” эсдалик нишонини таъсис этиш тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Ушбу эсдалик нишони билан Янги Ўзбекистонда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари, қадр-қиммати улуғланадиган адолатли фуқаролик жамиятини барпо этиш, Бош қомусимизнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини кенг тарғиб қилишда фаоллик кўрсатиб келаётган юртдошларимиз тақдирланади. Бу эса, уларни рағбатлантириш билан бирга, ислоҳотларга бўлган дахлдорлик ҳиссини янада ортишига хизмат қилади.

Бир сўз билан айтганда, Конституция – халқимизнинг истиқлол йилларида эришган улкан тарихий ютуғидир. Чунки айнан Асосий қонунимиз суверен давлатимизнинг ҳуқуқий негизини шакллантиришнинг асосий пойдевори, мустақил давлатчилигимизнинг тамал тоши бўлди.

Музаффара АБДИЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+