Конституция ёш мусаввирлар тасаввурида

03.11.2022 16:11:38

Хабарингиз бор, айни кунларда юртимиз бўйлаб Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 30 йиллиги муносабати билан Бош қомусимизни ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш, унинг мазмун-моҳиятини ёш-авлод онгига чуқур сингдириш мақсадида Ўзбекистон «Адолат» СДП ташаббуси билан «Конституция ранглар жилосида» кўрик-танлови ўтказилмоқда.

Шу мақсадда Ўзбекистон «Адолат»СДП томонидан Термиз шаҳридаги Рўзи Чориев номидаги ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатида «Конституция ранглар жилосида» кўрик танлови ўтказилди. Тадбирда Ўзбекистон «Адолат» СДП Мафкуравий ишлар бошқарма бошлиғи Фазлиддин Зияев, Ўзбекистон Бадиий Ижодкорлар уюшмаси Сурхондарё вилоят бўлими ҳамда партиянинг вилоят, шаҳар, туман Кенгашлари ходимлари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, партия фаоллари, ижодкор ёшлар ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Тадбирда сўз олган Ўзбекистон «Адолат» СДП Мафкуравий ишлар бошқарма бошлиғи Фазлиддин Зияев, танловнинг асосий мақсади хусусида гапириб ўтиб, бугун юртимизда Конституциямиз қабул қилинганлигининг 30 йиллиги юртимиз бўйлаб нишонланиши, бундан кўзланган мақсад Конституциямиз бахтимиз пойдевори эканлигини янада чуқурроқ англаш ва англатишдан иборат эканлиги, айниқса ёш авлод қалбида она Ватанга меҳр ва садоқат туйғуларини жўш урдириш, Конституциямиз ва бошқа қонунларга ҳурмат руҳида тарбиялаш асосий бурчимиз эканлигини таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, бизнинг ҳуқуқ ва бурчларимиз асосий қомусимиз бўлган Конституцияда белгилаб қўйилганлигини, мазкур ҳужжатда мамлакатимизда истиқомат қилаётган миллати, тили, дини ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар, барча фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатлангани, ёшларнинг онги ва қалбида Конституциямизга ҳурмат, Ватан тақдирига дахлдорлик, масъулият ҳиссини янада кучайтириш масалалари хусусида гапириб ўтди.

Таъкидланганидек, мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, илмий, маънавий салоҳиятини ва мудофаа қудратини юксалтириш, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, давлатимиз сарҳадлари дахлсизлигини таъминлаш, жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик ва барқарорликни, миллатлараро дўстлик ва тотувликни асраш, Асосий қонунимизнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини кенг тарғиб этишда барча соҳа вакиллари ҳамқадам бўлишимиз керак. Ёш авлод қалбида она Ватанга меҳр ва садоқат туйғуларини жўш урдириш, Конституциямиз ва бошқа қонунларга ҳурмат руҳида тарбиялаш асосий бурчимиздир.

Тадбирда сўз олганлар Бош қомусимиз инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, таълим, фан, маданият ҳамда маънавият ривожида муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётганлигини, Конституциявий ғояларни ёшларимизга сингдириш баробарида уларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ҳар бир кишининг бурчи бўлмоғи лозимлигини таъкидладилар.

Яна шунингдек, тадбир давомида Конституциямизнинг яратилиш тарихи, унинг демократик-ҳуқуқий давлат барпо этиш ва инсон манфаатларини таъминлашдаги аҳамияти, бош Қомусимизнинг халқчиллиги, халқаро ҳуқуқ нормаларига мослиги ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Тадбир давомида ўқувчи ёшлар томонидан Конституциямизнинг ҳар бир моддасига бағишланган турли хил расмлар чизилди. Чизилган расмларда ёшларнинг асосий қомусимиздан қай даражада хабардорлиги, уларнинг дунёқараши, ватанга бўлган меҳри ва келажакка умид кўзи билан қараб вояга етаётганликлари ўз ифодасини топди.

-Мен ҳуқуқ ва эркинликларимиз асоси Бош қомусимиз эканини ифодалашга ҳаракат қилдим. Ижодий ишимни чизиб тугатар эканман, юрагимдаги чексиз фахр, ифтихор ва муҳаббатнинг бир қисминигина баён этолганимни ҳис қилдим. Фақат мен эмас, балки шу юртда туғилиб, вояга етаётган ҳар бир ёшнинг қалбида бу Ватанга муҳаббати ана шундай чексиздир, — дейди тадбир иштирокчиси Шамсиқамар Суюнова.

Қизғин баҳс ва мунозараларга бой тарзда ўтган очиқ мулоқот давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб олиш имконига эга бўлдилар.

Ўзбекистон «Адолат» СДП

Сурхондарё вилоят Кенгаши

Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+