Конституцияда коррупцияга қарши курашиш қатъий белгиланмоқда

05.07.2022 10:07:39

Бугунги кунда халқимиз ҳаётида муҳим сиёсий воқелик рўй бермоқда. Ўзбекистон Республикаси Конституциясига халқимиз хоҳиш ва истакларидан келиб чиқиб, ўзгартиришлар киритилаётганининг замирида «Инсон қадри учун» тамойили мужассам эканидан далолат.

Эълон қилинган Конституция лойиҳасига мувофиқ, ҳужжатнинг муқаддима қисми ва 64 та моддасига 200 дан ортиқ ўзгартириш ва қўшимчалар, 6 та янги модда киритилиши режалаштирилмоқда.

Сўнгги ўн йилликларда қайси мамлакатларда конституциявий ўзгаришлар амалга оширилган бўлса, шу давлатларда қонун устуворлиги таъминлангани, жамиятда жамоат назорати кучайгани, ижтимоий адолат тамойиллари самара бергани ҳамда бизнес субъектлари учун иқтисодий эркинлик шароитлари кафолатланганини кўриш мумкин. Натижада аҳолининг манфаатлари биринчи ўринга чиқди

Ҳуқуқ ва эркинликларимизни кафолатлайдиган муҳим бу ҳужжатга “ижтимоий давлат” тушунчасини киритиш таклиф этилмоқда. Ижтимоий давлат ҳар бир фуқароси учун ғамхўрлик кўрсатадиган мамлакат бўлади. Одамлар учун муносиб яшаш шароити яратиб берилади. Барча муаммоларга жамият муаммоси сифатида ёндашилади. Лўнда қилиб айтганда, ёшлар ҳам аёллар ва кексалар ҳам эътибордан четда қолмайди.

Таклифлар бериш жараёни ва қонун лойиҳаси муҳокамасида Халқимизнинг фаол иштирок этаётгани юртдошларимизнинг бўлғуси тинч, обод келажагига дахлдорлик туйғуси мустаҳкам эканини кўрсатмоқда. Конституциявий ислоҳотлар жамиятнинг турли ижтимоий қатламларига мансуб фуқароларнинг ижтимоий, шахсий, иқтисодий, сиёсий, экологик, маданий ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаб, ишончли ҳимоя қилишга қаратилган ҳуқуқий нормага айланади.

Ҳар бир давлат ўзининг истиқлол ва тараққиёт йўлини белгилар экан, аҳолининг фаровон ҳаёт кечиришини таъминлашга йўналтирилган муҳим мақсадлари ҳамда вазифаларини Конституциясида қатъий мустаҳкамлаб олади. Шу жиҳатдан, бугунги кунда муҳим сиёсий жараён, яъни “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий қонуни лойиҳаси умумхалқ муҳокамаси учун эълон қилинганида катта маъно бор. Бундай жараёнда ҳар бир фуқаронинг фаол иштироки эса янада муҳим ҳисобланади.

Ушбу қонун лойиҳаси орқали Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 64 та моддасига 200 дан ортиқ ўзгартиш ва 6 та янги модда билан 16 та янги нормани киритиш кўзда тутилмоқда. Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, давлатнинг сиёсий етуклиги ва мамлакат ижтимоий барқарорлигини ўзаро бирлаштирадиган мезонлар мавжуд. Уларда энг Асосийси жамиятда қонун устуворлигини сўзсиз таъминлаш бўлса, улардан яна бири ҳокимият ва халқ ўртасидаги шаффоф ҳамда узлуксиз мулоқотни ташкил этишдир. Булар демократик ва кучли фуқаролик жамиятини яратишнинг муҳим шарти ҳисобланади. Бу устувор вазифалар ижросининг олий ҳуқуқий асоси – Конституциядир. Демак, ҳар бир жараёнда, хусусан, Конституциявий тузатишларда ҳам халқ манфаати устундир

Бугун жамиятимизнинг сиёсий, иқтисодий-ижтимоий ва маданий ҳаётида туб ўзгаришлар юз бермоқда-ки, бу Бош қомусимизда "Янги Ўзбекистон - ижтимоий давлат" тамойилларини мустаҳкамлаш, турли ислоҳотлар жараёнида инсон манфаатлари бош мезон бўлишини таъминлаш, хусусий мулк дахлсизлиги, ерга эгалик қилиш ҳуқуқини, фуқаролик жамияти институтларининг ўрнини конституциявий даражага кўтариш, давлат ҳокимияти асосларини такомиллаштириш долзарблигини кўрсатмоқда,

Хусусан, мазкур Конституциявий қонун лойиҳаси билан бирор бир шахс бирор ҳуқуқбузарлиги учун икки марта жазога тортилмаслиги қатъий белгиланмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистонда ўлим жазосини тайинлаш мутлақо бекор қилинмоқда. Фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсизлиги янада мустаҳкамланмоқда.

Шу ўринда алоҳида айтиб ўтишим керакки, Конституцияга бугунги кунда давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бирига айланган коррупцияга қарши курашиш борасида ҳам бир қатор муҳим ўзгартишлар киритилмоқда. Жумладан, Конституциявий қонун лойиҳасида коррупцияга қарши курашишнинг инcтитуционал асослари ва унинг парламент билан муносабатлари мустаҳкамлаб қўйилмоқда.

Хусусан, парламентнинг Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги ҳар йилги Миллий маърузани кўриб чиқиш ваколати Конституция даражасида мустаҳкамланмоқда. Шунингдек, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбарини тайинлаш тўғрисидаги фармонни Сенат томонидан тасдиқлаш тартиби Конституцияда белгиланмоқда.

Янги лойиҳада коррупцияга қарши курашда энг муҳим омил — очиқликни таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, ҳар ким Интернет жаҳон ахборот тармоғига кириш ва ундан эркин фойдаланиш ҳуқуқига эгалиги белгиланмоқда. Шу билан бирга, ҳар бир фуқаронинг ҳаётига дахлдор бўлган масала — давлат бюджети ва қарзини шакллантириш ҳамда ижро этиш тартиби очиқлик ва ошкоралик принциплари асосида амалга оширилиши, фуқаролар ҳамда фуқаролик жамияти институтлари унинг устидан жамоатчилик назорати ўрнатиши назарда тутилмоқда.

Бундан ташқари, коррупцияга қарши курашишда муҳим аҳамиятга эга бўлган фуқаролик жамияти институтлари ва уларнинг таркиби эндиликда Конституциямизда аниқ очиб берилмоқда. Яъни, маҳаллалар, сиёсий партиялар, ҳаракатлар, оммавий ахборот воситалари, касаба уюшмалари, жамоат фондлари ва шахсларнинг бошқа жамоат бирлашмалари фуқаролик жамиятининг асосини ташкил этиши белгиланмоқда.

 

Мирзоҳид АБДУҚОДИРОВ,

Халқ депутатлари Чилонзор туман Кенгаши депутати,

“Адолат” СДП Чилонзор туман Кенгаши раиси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+