Конституциям – фахрим: Бугун бўш ўтирадиган давр эмаслигини ҳамма ҳис қилиб бўлди

09.08.2022 16:08:31

Демократиянинг оддий талаби бўлган давлат қурилиши соҳасида халқ ўзи иштирок этмоқда. Хусусан, Ҳаракатлар стратегиясининг ўзи айнан халқ иштирокининг яққол самараси бўлди. Бу жараён регулатион.гов.уз формати доирасида давом этмоқда. Шунингдек, кун мавзусини сайловга ҳам боғлаш ўринли бўларди. «Янги Ўзбекистон: янги сайловлар» форматидаги вакиллик органларига бўлажак сайловдан Ўзбекистон профессионал парламент шаклланишини, унда ўз касбининг усталари, фидойилари хизмат қилишини кутяпти. Бу ҳар биримиздан ўзининг бадалини талаб қилади. Бу бадал – менинг, оила аъзоларимнинг, жамоамнинг, ҳар биримизнинг бир овозимиз (актив сайлов ҳуқуқимиз) ва эртага ушбу овознинг муносиб жавобидир. Зеро, депутатнинг асосий вазифалари: қонун ижодкори бўлиши; назорат-таҳлил фаолиятини олиб бориши; сайловчилар билан, электорат билан ишлаши лозим экан, гап бор, «чумчуқ сўйса ҳам, қассоби сўйсин». Ҳа, айнан қассоби, қассоб эмас...

Конституция берган имкониятни ҳар бир шахснинг, оиланинг мулкдор бўлишида, тадбиркор бўлишида кўрамиз. Бугун бўш ўтирадиган давр эмаслигини ҳамма ҳис қилиб, ўзидан ўтказиб бўлди. Тадбиркорликка шунчалар ташкилий-ҳуқуқий, моддий-маънавий шароитлар яратилдики, фақат меҳнат қилиш, изланиш, соҳага инновацион ғоялар ва технологияларни олиб кириш пайти келди. Ҳа, бугун ҳеч муболағасиз айтиш мумкин – ҳаракат қилган одамлар иш одамлари яшаш ишқи, меҳнат завқи, манфаатдорлик ва миннатдорлик билан яшамоқдалар. Иморат қурмоқдалар, тўйлар, маърака-мажлислар қилмоқдалар, ҳажга бормоқдалар. Ўғил-қизлари институт, университет ва академияларга кирмоқда, хорижда ўқимоқда ва ишламоқда.

Ҳа, яна бир мулоҳаза. Кенг кўламли ўзгаришлар сайловолди партиялараро дебатларда бонг урилаётганидек, таълим тизимида ҳам кетмоқда. Соҳага янги тартиб-таомиллар, бошқарув принциплари, замонавий шаклдаги тузилмалар – давлат-хусусий шериклиги асосига қурилган мактабгача таълим муассасалари, Президент мактаблари, илғор хорижий олий таълим муассасаларининг филиаллари пайдо бўлди ва улар амалда муваффақиятли ишламоқда. Бир сўз билан айтганда, таълим тизимига рақобат муҳити кириб келмоқда.

Дарҳақиқат, таълим тизимида юқори сифат самарадорлигига эришиш бутун жамият муаммосидир. Эртанги кун эгалари, модомики, бугун мактаб парталари ва олий таълим даргоҳларида экан, уларни тарбияли, тадбирли, очиқ кўзли, сиёсий ҳушёр, ватанпарвар, ҳар бир жабҳада ўзининг фуқаролик позициясига эга бўлган инсон қилиб тарбиялаш, ҳеч муболағасиз, таълим ходимлари (раҳбарлар, профессор-ўқитувчилар ва ёрдамчи персоналлар)дан юксак билим, касбий маҳорат-малака ва компетенцияни талаб қилади. Бу эса, табиийки, занжирнинг бир томонида бўлган ушбу ижтимоий қатламнинг эгаллаб турган лавозими ва мотивациясига узвий боғлиқ. Токим, жамиятда «ўқитувчи» деган ном ўзининг муносиб шарафига, шаънига эга бўлмас экан, бундай ҳолда самарали натижани кутиш мушкул. Шу маънода эл муҳокамасига ташланган «Ўқитувчининг мақоми тўғрисида»ги қонунни маромига етказиш, қабул қилиш, тасдиқлаш ва кучга киритиш мавриди келди.

Замонавий, янги давр талабидаги олий таълим муассасалари (шу жумладан, хорижий ҳамкорлар билан) ташкил топмоқда. Соҳада амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар фуқароларимизда танлов кенгайишига, билим олишни реал эҳтиёжга айлантиришга, битирувчиларнинг профессионализмига, пировардида, таълим муассасаларининг халқаро элита рейтингларга кириб боришига хизмат қилади.

Ҳа, Ўзбекистон халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъектидир. Унинг ташқи сиёсатида: давлатларнинг суверен тенглиги, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик, чегараларнинг дахлсизлиги, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик қоидаларига ва халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган бошқа қоидалари ва нормаларига асосланиш ётади.

Бинобарин, республика давлатнинг, халқнинг олий манфаатлари, фаровонлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида иттифоқлар тузиши, ҳамдўстликларга ва бошқа давлатлараро тузилмаларга кириши ва улардан ажралиб чиқиши мумкин.

Конституциямизда мустаҳкамланган «Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ўз фуқароларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш ва уларга ҳомийлик кўрсатишни кафолатлайди» деган қоидаси ҳақида ҳам икки оғиз сўз. Қарийб ўттиз тўққиз ойлик охирги миллий давлатчилигимиз тарихида бу борада амалга оширилаётган ишлар ҳам таҳсинга сазовор: юртимизда узоқ йиллардан бери яшаб келаётган «фуқароларимиз»га – Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги паспорти берилди, юзлаб фуқароларимиз ноҳақлик азобидан қутилди – реабилитация қилинди (оқлов ҳукми эълон қилинди), «махсус ҳисоблар»дан чиқарилди. Фуқароларимиз, болаларимиз Суриядан, Ироқдан – олов ўчоқларидан олиб келинди... Фуқаролик паспортимизда қайд этилганидек, «паспорт Ўзбекистон Республикаси мулкидир. Ушбу паспортнинг эгаси Ўзбекистон Республикаси ҳимоясидадир».

Шу Ватанда яшаш, шу юртда ишлаш, унинг бир бўлаги бўлиш, унинг обрўйига обрў қўшиш бу – фахр-ифтихор, бу – масъулият, бу – шукрдандир. Янгиликка, яхшиликка интилиб яшашни, ислоҳотларнинг ёнида ва атрофида эмас, балки унинг фаол иштирокчиси бўлиш, ватанпарвар, энг сўнгги янгиликлардан бохабарликни, қарорлар қабул қилишда мустақилликни, инсонийлик ва касбий эътиқод бўлиши шартлигини, ким бўлмайлик, қаерда бўлмайлик, «мен – ўзбекистонликман» (фром ин Узбекистан) дея, ҳалоллик, масъулият ва компетентликда яшашни, ҳаёт курашлардан иборатлигини, «ким эдигу, ким бўлдик?» деган саволни мудом эслаб туришимизни, сўз ва амал бирлигига эришишни даврнинг ўзи тақозо қилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, Конституциянинг ҳар бир нормаси реал вақт режимида ишламоқда, амал қилмоқда. Уни ишлатадиган ҳам, унга амал қиладиган ҳам ўзимиз. Бу каби ютуқларни кўплаб давом эттиравериш мумкин.

Мукаммал Конституция миллатни бирлаштирувчи, уни ягона мақсад – тараққиёт ва юксалиш сари сафарбар этувчи ҳужжат саналади. Уни ҳаракатларнинг, барқарор тараққиётнинг дастури дейиш мумкин. Бундан 30 йил аввал халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунаси бўлган Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинган эди. Ушбу ҳужжат ўтган йиллар давомида эркин ва озод, тинч ва осойишта ҳаётимизнинг қонуний кафолати, ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти барпо этишнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб хизмат қилди. Унинг асосида мамлакатимизда миллий қонунчилик тизими, давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари шаклланди.

1992 йил 8 декабрь куни Давлатимизнинг юзи, давлатимизнинг паспорти – Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинди.

Конституциямиз ўз тузилишига кўра, муқаддима, 6 бўлим, 26 боб, 128 моддадан иборат.

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилингандан бери унга ўн тўрт марта ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган. Ҳаракатлар стратегияси доирасида Конституциянинг 21 та моддасига 9 маротаба 32 та ўзгартиш ва қўшимча киритилди. Бугун эса жамиятимиз янада масъулиятли вазифа – амалдаги Конституцияни ислоҳ қилишдек тарихий воқелик арафасида турибди.

Эслатиб ўтамиз, амалдаги Асосий қонунимиз икки марта – 1992 йил сентябрь ва ноябрь ойларида умумхалқ муҳокамасига олиб чиқилган ҳамда лойиҳалар муҳокамасида бутун халқимиз фаол иштирок этиб, мамлакат тараққиёти, унинг келажагига дахлдор кўплаб фикр-мулоҳазалар ва таклифлар билдирилган. Халқимизнинг сиёсий жараёнларда фаоллиги ошгани сари жамият тараққиёти мустаҳкамланаверади.

Мадина ИБРОХИМОВА,

 “Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгаши

ижрочи котиби    

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+