Конституциявий ислоҳотлар – адолат тантанаси

24.06.2022 14:06:06

Ўзбекистон Республикасининг Бош Қомуси - Конституцияси мустақиллик йилларида эришилган барча ютуқларнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори бўлиб келмоқда. Шу билан бирга, ҳаёт ҳам, Халқимизнинг дунёқараши ҳам бугунги тезкор замон билан бирга  ўзгармоқда.

Барчамизга аён, айни кунларда Бош Қомусимизга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича мамлакатимизда қизғин жараён кечмоқда. Куни кеча Юртбошимиз Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашди.

Шу билан бирга давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев комиссия аъзоларига  учрашув давомида қатор таклифларини ҳам билдириб ўтди.

Дарҳақиқат, янгиланган, янгиланаётган Конституция мамлакатимизнинг узоқ муддатли тараққиёт стратегиялари, умуман, юртимиз ва Халқимизнинг эртанги фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос ҳамда ишончли кафолат яратиши лозим. 

Юртбошимиз “Инсон қадри учун” ғоясини ҳамда ҳозирги ислоҳотларимизнинг бош тамойили бўлган “Инсон – жамият – давлат” деган ёндашувни Конституциямизнинг мазмунига чуқур сингдириб, амалий ҳаётимизда бош қадриятга айлантиришимиз зарурлигига алоҳида урғу бердилар. Яъни, инсоннинг қадр-қиммати, шаъни ва ғурури бундан буён барча соҳаларда биринчи ўринда туриши кераклиги, шунингдек, “Ўзбекистон – ижтимоий давлат” деган ғояни мустаҳкамлашни таклиф қилди.

Шунингдек, Бош Қомусимизда давлат мактабгача таълим, мактаб ва олий таълим тизимини, турли мулк шаклидаги, жумладан, хусусий таълим муассасаларини ривожлантириш учун зарур шароитлар яратиб бериши билан боғлиқ нормаларнинг бўлиши, Устозга бўлган юксак эҳтиром Конституциямизда ўз ифодасини топиши зарурлигини келтириб ўтдилар.

Шундан келиб чиқиб, биз ҳам жамоамиз билан  бош Қомусимизга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш борасида таклифларимизни ишлаб чиқдик. Бу ҳақда гапирадиган бўлсак,

Конституциямизнинг 41 моддасида - “Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга.  Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади. Мактаб ишлари давлат назоратидадир” дейилган.

Биз бу моддага қўшимча равишда партиямизнинг сайловолди дастурида илгари сурилаётган таълим соҳасига эътибор қаратиб - “Мактабгача таълим ва тарбия, умумий ўрта ва ўрта махсус таълим, мактабдан ташқари таълим, профессионал таълим, олий таълим, олий таълимдан кейинги таълим, кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш давлат назоратидадир” дея Бош Қомусимизда мустаҳкамланиши лозимлиги борасида ўз таклифимизни билдирдик.

Шунингдек, Конституциямизнинг 64 моддасида - “Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар. Давлат ва жамият етим болаларни ва ота-оналарининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишни таъминлайди, болаларга бағишланган хайрия фаолиятларни рағбатлантиради” дейилган.

Ушбу моддага қўшимча сифатида “Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш, тарбиялаш ва таълим беришга мажбурдирлар” дея келажагимиз давомчиларининг комил инсон бўлиб вояга етишлари йўлида таълимга тикилган, қаратилган эътибор ўзини оқлашини таъкидлаган ҳолда таклифларимизни баён этдик.

Бош Қомусимизнинг 39 моддасида “Шунингдек, Барча фуқаролар меҳнат ҳуқуқларига эга бўлиш ва улардан фойдаланишда қонунда кўрсатилган тартибда тенг имкониятларга эгадир. Ҳар ким қариганда, меҳнат лаёқатини йўқотганда, шунингдек боқувчисидан маҳрум бўлганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эга. Пенсиялар, нафақалар, ижтимоий ёрдам бошқа турларининг миқдори расман белгилаб қўйилган тирикчилик учун зарур энг кам миқдордан оз бўлиши мумкин эмас”. деб белгилаб қўйилган, бу бандга қўшимча равишда “Ҳар ким қариганда, меҳнат лаёқатини йўқотганда бепул тиббий хизмат билан давлат томонидан таъминланишини” ҳам эътиборга олиш лозимлигини қайд этиб ўтдик.

Албатта, комили ишонч билан таъкидлаш лозимки янгитдан яратилаётган Конституциямиз халқ манфаати, юрт тараққиёти, равнақи учун муносиб хизмат қилади ҳамда келажак ёшларимиз таълим-тарбияси, илм, билим олишлари учун янада кенг имкониятлар яратиши, шунингдек, барқарор жамиятни ва бардавом тараққиётни таъминлайди.

Илҳомжон Тухтасинов,

Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+