Конституциявий ислоҳотлар – давр талаби

17.06.2022 11:06:25

Ўзбекистон «Адолат» СДП Бухоро вилоят Кенгаши фаоллар залида Ўзбекистон Республикаси Конституциясини такомиллаштиришга бағишланган «Конституциявий ислоҳотлар – давр талаби» мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Унда депутатлар, туман ва шаҳар Кенгашлари раислари, партия фаоллари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Йиғилишни партия вилоят Кенгаши раиси М.Ҳамидов кириш сўзи билан очиб, олиб борди. Даставвал, кун тартибидаги масала юзасидан М.Ҳамидов маъруза қилди. Йиғилишда таъкидланганидек, Конституция ҳар бир мамлакатнинг суверенитети, миллий давлатчилиги ривожида муҳим аҳамиятга эга бўлган, фуқароларнинг манфаатлари, жамиятдаги ўрни ва турмуш тарзини белгилаб берадиган стратегик ҳужжат ҳисобланади.

Дунё мамлакатлари тажрибасидан маълумки, Конституция давр билан ҳамнафас ва уйғун равишда доимий такомиллашиб борадиган ҳужжатдир. Бош қомусга эга бўлган дунёнинг деярли барча мамлакатларида Конституциялар турли тузатиш, тўлдириш ва ўзгартиришларга учраган. Сўнгги 30 йил ичида дунёнинг 100 га яқин мамлакатида конституциявий ислоҳотлар ўтказилди, жумладан, 50 дан ортиқ давлатда янги конституция қабул қилинди.

Шунингдек, маърузада айтилганидек, мамлакатимиз Раҳбари бошчилигида барча соҳаларда, айниқса, сиёсий-ижтимоий жараёнларда амалга оширилаётган изчил ислоҳотларни янада жадаллаштириш лозимлиги баробарида Конституция такомиллаштирилишини ўта долзарб масала сифатида кун тартибига қўйилмоқда. Амалдаги Конституция мамлакатимизда ўтган йиллар мобайнида мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор бўлганлиги эътироф этилиб, Бош қомусимизни жамиятдаги бугунги реал воқеликка мослаштиришни тақозо этаётгани қайд этилди.

Давра суҳбатида сўз олганлар Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси доирасида белгиланган кенг кўламли вазифалар, хусусан, адолатли ва халқпарвар давлатни барпо этиш, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, қадр-қимматини янада самарали таъминлаш каби улуғвор мақсадлар мужассам эканлигини қайд этди. Шунингдек, йиғилишда айтилганидек, бугунги кунда мамлакатимизнинг барқарор ривожланишини таъминлаш билан боғлиқ жамиятни барпо этиш ғояси халқимиз томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

Тадбирда партиямизнинг 80 ёшли фахрий фаоли Бахтиёр Жабборов сўзга чиқиб, бугунги кундаги турли соҳаларда амалга оширилаётган ўзгариш ва янгиланишлар хусусида тўхталди. Бугун мамлакатимизда турли соҳаларда шундай ўзгаришлар ва янгиланишлар юз бермоқдаки, барчаси халқимиз манфаати, уларнинг фаровон турмуш шароити учун қилинаётган ғамхўрликнинг улкан намунасидан далолат. Мисол учун Конституцияни халқимиз муаллифлигида яратилаётгани бу жуда қувонарли ҳолатдир, бу ҳам халқимизнинг манфаати, қадр-қиммати йўлидаги ғамхўрликдир - дейди, Б.Жабборов.

Суҳбат давомида партиямиз фаоллари Конституцияга киритилиши лозим деб ҳисобланган таклифларини айтиб, фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Ўзаро савол-жавоб ва мунозаралар асосида ўтказилган давра суҳбати қизиқарли жараёнларга бой бўлди.

«Адолат» СДП Бухоро вилоят Кенгаши

Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+