Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси якунлари кўриб чиқилди

05.08.2022 18:08:31

Жорий йилнинг 5 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси якунлари кўриб чиқилди.

Йиғилишда келтирилганидек, Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан давлат органлари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмаларида кенг кўламли муҳокамалар амалга оширилди. Энг муҳими, фуқароларга ўз таклиф ва тавсияларини билдиришлари учун барча қулайликлар яратиб берилди.

Умумхалқ муҳокамаларида кенг жамоатчилик — ёшлар, ўқитувчилар, тиббиёт ходимлари, тадбиркорлар, фуқаролик жамияти институти вакиллари, умуман ватанимиз тақдирига бефарқ бўлмаган юртдошларимиз катта қизиқиш билан иштирок этиб, ўз таклифларини билдиришди. Натижада, умумхалқ муҳокамаси даврида Конституциявий қонун лойиҳасига 150 мингдан ортиқ таклифлар келиб тушган.

Мазкур муҳим сиёсий жараёнда “Адолат” СДП фракцияси ҳамда партиянинг барча даражадаги ташкилотлари фаол қатнашди.

Хусусан, Конституциявий қонун лойиҳасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифлар тайёрлаш бўйича Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг республика ва ҳудудий ишчи гуруҳлари шакллантирилди, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари масъуллари билан ҳамкорликда 4 580 та тадбир ўтказилди. Унда 190 338 нафар аҳоли қамраб олинди, шундан 96 295 нафарини ёшлар ташкил қилди.

Шунингдек, фракция аъзолари сайлов округларида олиб борган фаолияти давомида қонун лойиҳасини такомиллаштириш юзасидан аҳоли таклиф ва тавсияларини ўрганишга алоҳида эътибор қаратишди. Ўтказилган барча учрашувлар қизғин баҳс-мунозара ва савол-жавобларга бой бўлди. Ушбу жараёнларда сайловчилар томонидан Конституциявий қонун лойиҳасини такомиллаштириш юзасидан жами 6 мингга яқин таклифлар келиб тушди. Шундан тегишли деб топилган таклифлар Конституциявий коммисияга тақдим қилинди. Эътиборлиси, учрашувларда ижтимоий ҳимояни кучайтириш, ходимларни моддий рағбатлантириш, таълим тизимини такомиллаштиришга оид бир қатор таклифлар билдирилди.

Йиғилишда Конституцивий қонун лойиҳасидаги нормалар билан инсон ва фуқаронинг шахсий ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини кафолатлаш янада кучайтирилаётгани эътироф этилди. Шунингдек, шахснинг судлаганлиги унинг қариндошлари учун ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас ва уларнинг ҳуқуқларини чекловчи ҳуқуқий оқибатларга йўл қўйилмаслиги конституциявий қонун лойиҳаси билан мустаҳкамланмоқда. Ушбу белгиланаётган нормалар инсон қадр-қимматини, шаънини ҳимоя қилишга, ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ва мустаҳкам таъминлашга хизмат қилиши фракция аъзолари томонидан алоҳида таъкидланди.

Шунингдек, партия сайловолди дастурларидан келиб чиқиб фракция аъзолари аҳолининг таклифларини инобатга олиб, Конституцивий қонун лойиҳасидаги нормаларни янада такомиллаштириш юзасидан масъул қўмиталарга тавсиялар берилди.

Йиғилишда кун тартибидаги масала юзасидан фракциянинг тегишли қарори қабул қилинди.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+