Кўп миллатли маҳаллага байрам туҳфаси бўлди

23.07.2024 12:07:52

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясининг «Саломатлик йўлида бирлашайлик!» лойиҳаси доирасида партиянинг Марказий аппарати топшириғига асосан, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Хоразм филиали билан ҳамкорликда воҳа бўйлаб аёллар орасида онкологик касалликларни олдини олиш мақсадида тиббий кўриклар ташкил этилмоқда.

Бу галги тиббий кўрик 30 июль – «Халқлар дўстлиги куни» муносабати билан Урганч тумани Чолиш шаҳарчасидаги кўп миллатли “К.Атаниёзов” маҳалласида ташкил этилди.

Тиббий кўрикда мазкур маҳаллада истиқомат қилаётган ўзбек, қозоқ, туркман қорақалпоқ миллатларига мансуб бўлган аёллар ўртасида Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Хоразм филиали маммологи Хадича Аллберганова томонидан сут бези саратони бўйича маммоскрининг ўтказилди.

Кўрик давомида 1 нафар аёлда сут бези саратондан гумон қилиниб, йўлланма асосида текширувларга юборилди.

Маммолог Хадича Аллаберганова, тиббий кўрикка йиғилган аёлларга йилда 1 марта маммолог кўригидан, маммография, УЗИ ва бошқа тиббий текширувлардан ўтиш муҳимлигини тавсия этди.

Шунингдек, касалманд, ногиронлиги бор аёллар ҳам хонадонларида кўрикдан ўтказилди.

Соҳибжамол Жаннабоева, 1-гуруҳ ногирони, қозоқ миллатига мансуб.

Беш йилдан буён қандли диабетнинг 1-тури билан касалланиб, азият чекиб келаман. Маҳалла фаолларга раҳмат ҳолимдан хабар олиб туришади. Бугун ҳам шифокорлар соғлигимни қайғуриб, текширувдан ўтказишди. Эътибордан кўнглим тоғдек кўтарилди. Ташкилотчиларга раҳмат.

71 ёшни қаршилаган, умрини таълим соҳасига бағишлаган, 6 йилдан буён фалаж касаллиги билан оғриниб келаётган, 1-гуруҳ ногирони Зулайҳо Тангриберганованинг ҳам ҳолидан хабар олинди ва хонадонида тиббий кўрикдан ўтказилди.

Хонбиби Кудабоева, маҳалла хотин-қизлар фаоли:

Маҳалламизда 737 та хонадон, 1036 та оила мавжуд бўлиб, 3862 нафар фуқаро истиқомат қилади. Шундан 1907 нафар турли миллатларга мансуб бўлган хотин-қизлар аҳил-иноқ яшашади. Маҳалламиз кўп миллатли ҳисобланади. Ташкил этилган тиббий-кўрик аёлларимизга яна бир қаратилган эътибор, яратилган имконият бўлди. Аёлларимиз уй-рўзғор юмушлари билан бўлиб, олис масофага кўрикдан ўтиш учун бора олмаётган эди. Хурсандмиз, соғлигимизга қаратилган эътибор кўп миллатли маҳалламизга байрам туҳфаси бўлди.

Бир сўз билан айтганда, олиб борилаётган бу каби соғломлаштириш ишлари, халқимиз орасида онкологик касалликларни олдини олиш билан бир қаторда, мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш тамойилини ҳаётга самарали татбиқ этишда аҳамияти каттадир.

Воҳада тиббий кўрикларни ташкил этиш давом этади.

Замира АБДУЛЛАЕВА,
«Адолат» СДП
Хоразм вилоят Кенгаши
матбуот котиби.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+