Кўрик-танлов ёшларнинг конституцион билимларини мустаҳкамламоқда

12.11.2022 10:11:15

Урганч давлат университети академик лицейида «Конституция билимдони» республика кўрик танловининг Урганч шаҳар босқичи бўлиб ўтди.

Танловни «Адолат» СДП Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби Замира Абдуллаева кириш сўзи билан очиб берди ва танловнинг мақсад-вазифаларига тўхталиб, танлов ишига омад тилади.

Танловга Урганч шаҳрида фаолият олиб бораётган умум таълим мактабларининг юқори синф ҳамда лицей ўқувчиларидан жами 19 нафари иштирок этишди.

Иштирокчилар кўрик-танлов Низомига асосан, учта яъни «Таништирув», «Савол-жавоб» ҳамда «Эркин мавзу» шартлари бўйича беллашдилар.

Танлов шартларини тегишли соҳа вакилларидан таркиб топган ҳакамлар ҳайъати аъзолари холисона баҳолаб боришди.

Дано Олимова, Тошкент тиббиёт академияси доценти, ҳакамлар ҳайъати раиси:

- Иштирокчи ёшларнинг танлов шартларини фаоллик билан бажаришдаги қобилиятларини кўриб қойил қолдик. Айниқса, Бош Қомусимиз, партиянинг сайловолди дастурига ва бошқа Қонунларга оид сиёсий билимларини юксалиб бораётганидан ушбу танлов жуда ўринли ташкил этилганига амин бўлдик. Бир-биридан билимли, чаққон иштирокчилар орасидан ғолибни саралаш қийин кечди.

Танлов шартларини аъло даражада бажариб, барчани эътиборини тортган УрДУ академик лицей ўқувчиси Азизбек Шавкатов ғолиб деб топилди ва кўрик-танловнинг вилоят босқичига йўлланма олди.

2-ўринни 3-умум ўрта таълим мактаби ўқувчиси Шоҳноза Қодирова, 3-ўринни 29-умум ўрта таълим мактаби ўқувчиси Лола Юсупова қўлга киритишди. Қолган иштирокчилар танловдаги фаол иштироки учун партиянинг фахрий ёрлиғи билан тақдирландилар.

Азизбек Шавкатов, ёш адолатчи, танлов ғолиби:

- Кўрик- танлов ўз устимда ишлашимга, партия сайловолди дастури, Конституциямиз ва бошқа ҳужжатлар тўғрисидаги билимларимни мустаҳкамлашга хизмат қилди. Ғолиб бўлишни мақсад қилдим ва тинимсиз тайёргарлик кўрдим. Партияга кўпдан қизиқишим, «Истеъдод» клубининг фаол аъзоси сифатида «Адолат белбоғи» га сазовор бўлганим ғолиб бўлишимда қўл келди. Партияга бўлган кучли қизиқишим учун ҳам танлов шартларини ҳеч қийналмасдан бажардим. Вилоят босқичида ҳам ғолибликни қўлга киритиш учун бор билим ва истеъдодим билан курашаман.

Бир сўз билан айтганда, партия томонидан ташкил этилаётган бу каби тадбир ва кўрик-танловлар янги Ўзбекистонимизни билимли ва ватанпарвар ёшлар билан бирга қуришга хизмат қилиши шубҳасиздир.

Рустам БОЛТАЕВ,

«Адолат» СДП Урганч шаҳар Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+