Коррупцион жиноятларга жазо чораларини кучайтириш шарт

28.08.2021 10:08:21

Мамлакатимизда сўнги беш йилликда давлатимиз раҳбарининг шахсан  ташаббуси билан мисли кўрилмаган ўзгаришлар, туб ислоҳотлар амалга оширилди. Иқтисодиётимизга киритилаётган инвестециялар миқдори 25 йил олдинги давр билан солиштирганда тасаввур қилиб бўлмайдиган даражада юқори бўлди.

Бугун юртимиз том маънода дунё ҳамжамиятига очилиб, барча соҳаларда ўзининг ижобий имиджини шакллантиришга улгурди. Турли халқаро ташкилотлар томонидан олиб борилаётган тадқиқот рейтингларида йил сайин юқори кўрсаткичларни қайд қилиб келмоқда. 

Шунга қарамасдан,  Ўзбекистон тараққиётига болта урадиган коррупцион ҳолатларни бартараф этишга қаратилган тизимли чоралар кўрилаётган бўлсада, коррупция билан боғлиқ жиноятлар ва қоидабузарликлар ортиб бормоқда.

Бунга яқинда Молия вазирлиги томонидан 2021 йилнинг биринчи ярмида давлат органлари текширувларида аниқланиб, эълон килинган молиявий коидабузарликлар рўйхати ёрқин асос бўлади.

Жумладан, бюджет интизомининг бузилиши, пул ва товар-моддий бойликлар етишмаслиги ва 372,7 миллиард сўмлик асоссиз харажатлар аниқланган.

Қонунбузарликларнинг аксарияти 120,1 млрд. сўм иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, шу жумладан нақд пул бериш ҳолатлари билан боғлиқ.

Кўриниб турибдики, давлат бюджети маблағларини талон-тарож қилишда асосан давлат ташкилот ҳамда муассаларда иш ҳақларини ортиқча ҳисоблаш жараёнлари қасддан содир этилган.

Энг ачинарлиси, бундай жиддий қонунбузарликлар миқдори йилдан йилга ортиб бормоқда.

Биргина, Автомобил йўллари кўмитаси 2020-йилнинг биринчи ярмида 981 миллион сўм миқдорида қонунбузарликлар содир этган бўлса, жорий йилнинг шу даврига келиб, 58 баробарга ортиб, 59,3 миллиард сўмлик қоидабузарликлар содир этилган. Шунингдек, Мактабгача таълим вазирлиги 59,2 миллиард сўмлик қоидабузарликлар, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 8,5 баробарга (7 миллиард сўм) ортган.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади, нима сабабдан бу қадар рақамлар кескин ортиб бормоқда.

Табиийки, ҳуқуқий демократик давлатларда ҳар қандай муносабатлар фақат қонун йўли билан тартибга солинади ва жазоланади.

Амалдаги қонун нормалари талабларидан келиб чиққанда бу каби қоидабузарликлар қандайдир жарималар ва зарарни қоплаш орқали осон қутилиб кетиши мумкин.  

Шу боисдан Ўзбекистон “Адолат” СДП  дастурий мақсад вазифаларидан келиб чиқиб, мамлакатимизда бу борадаги қонун нормаларини халқаро тажриба асосида жазо чораларини қатъий тартибда кучайтириш шарт деб ҳисоблайман.

 

Дилором ШАМСИЕВА,

халқ депутатлари Навоий

вилоят Кенгаши депутати

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+