Коррупция билан ҳеч қачон мақсадимизга эриша олмаймиз

03.06.2021 18:06:52

Коррупция - оддийгина қилиб айтганда пора бериш ва пора олишдир, яъни порахўрлик. Бу сўз – лотинчадан олинган бўлиб, “бузмоқ” деган маънони англатади. Коррупция бу - жамиятни турли йўллар билан исканжага оладиган даҳшатли иллатдир. Унда ҳар иккала томон ўзининг шахсий манфаатларини кўзлаб қандайдир моддий бойликка эга бўлиш учун давлатнинг қонунларига зид равишда иш бажаради. Коррупция кеча ёки бугун пайдо бўлган зарарли ғоя эмас. У қадимдан бор бўлган. Порахўрлик ҳақида қадимги Ҳинд рожалари, Осиё ҳамда Ўрта Осиё шоҳ ва мутаффаккирлари айтиб ўтишган. Мазкур иллат демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказади, инсон ҳуқуқларининг бузилишига олиб келади.

Коррупциянинг катта ёки кичиги бўлмайди. Мисол учун боғча ёшидаги фарзандимизга тарбиячиси яхши эътибор қаратиши, яхши муомалада бўлиши учун совға саломлар ҳадя этамиз. Бу албатта ёш авлодга салбий таъсир ўтказади. Ахир, тарбия аввало остонадан сўнгра боғча ва мактабдан бошланади. Болаликдан бундай салбий ишларга гувоҳ бўлган бола, порасиз иш битмайди деган фикр билан улғаяди, келажакда бундан ҳам катта порахўрликка қўл уриши шубҳасиз. Пора олди-бердиси барча бўғинлардаги мансаб эгалари орасида учрайди. Бундай иллатлар натижасида эса нафақат халқ ва давлат жабр кўради, ривожланишдан орқада қолади.

Маълумотларга кўра, коррупция ривожланган давлатларга Афғонистон, Тунис, Жазоир ва Африка давлатлари киради. Эътибор беринг, бу давлатларда неча йиллардан бери нотинчлик ҳукм суради. Ҳар кунги қон тўкилишлар, уришлар оддий ҳолга айланиб қолган ва буларнинг энг катта сабабларидан бири коррупциядир. Шундай экан, қачонки халқ манфаатларини ўз нафсидан, пулдан устун қўйилсагина ўша жойда тинчлик, ривож ва тараққиёт илдиз отади.

Мамлакатимизда сўнгги йилларда барча соҳада олиб борилаётган жадал ислоҳатлар, ушбу соҳада ҳам тизимли йўлга қўйилган. Қатор қонун, қарор ҳужжатлари қабул қилиниб қонунан мустаҳкамлаб қўйилган. Албатта, қонунлар қабул қилиниб қоғозда қолиши ҳам, унинг тўлиқ моҳиятини одамлар тушуниб етмаслиги ҳам мумкин. Шунинг учун авваламбор бундай турдаги иллатга қарши курашишда инсонларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш зарур. Коррупция натижасида халқ ва давлатнинг ривожланиши ортда қолаётганлиги, келажакда ёшлар бундан ёмон ўрнак олишини тушунтириш лозим.

Ўзбекистон “Адолат” СДП ташаббуси билан ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини юксалтириш мақсадида мунтазам равишда ташкил этиб келинаётган кўрик-танловлар, давра суҳбатлари билан бир қаторда “Биз ёшлар коррупцияга қаршимиз” шиори доирасида ташкил этилган иншолар танлови ҳам ана шундай эзгу йўналишга қўйилган қадам эканлиги қувонарли албатта.

Ҳозирги кунда коррупция кам учрайдиган давлатлар Дания, Буюк Британия, Германия, Сингапур ва бошқалар. Уларда коррупция 15%ни ташкил қилиши олимлар томонидан аниқланган. Биз ҳам бу иллатга бир тану бир жон бўлиб курашсак, жонажон Ватанимиз Ўзбекистон ҳам мана шу давлатлар қаторида туради. Коррупцияга қарши курашда ички ва ташқи назорат кучли бўлиши керак. Фақатгина коррупциянинг ўзи билан эмас, балки уни юзага келтирувчи омиллар билан ҳам курашиш лозим. Бунда сиз, мен, барчамиз бирдек масъулиятли эканлигимизни унутмаслик керак.

Ҳилола БОЛТАЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Жомбой туман Кенгаши қошидаги Ёш истеъдод клуби аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+