Коррупция  - даҳшатли иллат

29.03.2021 16:03:16

Коррупция кенг қамровли тушунча бўлиб, у жамиятнинг айрим қатламлари, тоифалари, гуруҳлари  кундалик фаолиятига айланиб, ўзаро бир-бирига боғланиб, чирмашиб кетганлигидан кўз юмиб бўлмайди. Порахўрлик ва коррупция ўзбек жамиятининг ривожланишига, хусусан, демократик янгиланиш ҳамда модернизациялаш жараёнига ҳар жиҳатдан халақит бермоқда. Гарчи бу масала узоқ йиллардан бери таъкидланиб, “қўлга тушган” амалдорлар оммавий ахборот воситаларида  намойиш этилганига қарамасдан, суд, прокуратура, идора раҳбарлари ҳамда оддий фуқароларнинг қон-қонига сингиб кетган феодализм сарқитлари, таъмагирлик, бюрократия жамиятимиз ҳаётидан йўқолиб кетмаяпти.

Коррупция, биринчидан, жамиятда адолатсизлик, тенгсизлик ва аҳолининг норозилигига олиб келади, бу эса барча соҳадаги ислоҳотларнинг натижасига салбий таъсир этмай қолмайди; иккинчидан, фуқароларимизда ҳуқуқий онг ҳамда ҳуқуқий маданиятнинг етарли даражада эмаслиги, ўз ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қила олмаслиги жамиятда адолат мезонининг бузилишини кўпайтиради; учинчидан, сиёсий институтлар, жамоат ташкилотлари шаклан демократик мезон, ғарб андозасига ўхшаса-да, мазмун-моҳиятига кўра, замон талабидан орқада қолмоқда, бу камчилик эса олдинга силжишимизга халақит беради.

Ана шуларни ҳисобга олган холда  Ўзбекистон  “Адолат” СДП  Сиёсий  Кенгаши томонидан  ёш авлодни коррупция каби  жирканч  иллатдан  асраш  мақсадида республикамизнинг барча  умумтаълим мактабларида  иншолар танлови  ташкил этилди.  Хусусан, вилоятимиздаги  1157 та умумтаълим мактабларида иншолар танлови юқори савияда ўтказилди. Қарши шаҳридаги 8-умумий ўрта таълим мактабида иншолар кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Танловда  шаҳар ва туманлар кесимида  ғолиб бўлган иқтидорли ўқувчилар иштирок этди. Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят Кенгаши ҳамда вилоят  халқ таълими  бошқармаси билан ҳамкорликда уюштирилган кўрик-танловнинг вилоят босқичида  6-8 синфлар  ўртасида биринчи ўрин Қарши шаҳридаги  21-умумий ўрта таълим мактабининг 8-“Б” синф ўқувчиси Муниса Элбоевага насиб этди. 2-ўринга  Яккабоғ тумани 2-умумий ўрта таълим мактабининг 7-“Г” синф ўқувчиси Д. Эргашева, 3-ўринга эса  Нишон тумани 34-умумий ўрта таълим мактаби 7-“А”синф ўқувчиси С.Имомназарова  лойиқ деб топилди. 9-11 синфлар ўртасида биринчи ўринни Яккабоғ тумани 2-умумий ўрта таълим мактабининг 9-“Д” синф ўқувчиси Севинч Самандарова эгаллади. 2-ўрин Шаҳрисабз шаҳар 1-ИДУМ 9-“Г” синф ўқувчиси С, Кенжаевага, 3-ўрин эса Касби тумани 31-умумий ўрта таълим мактабининг 10-синф ўқувчиси  Н.Абдунабиевага  насиб этди.

Иншолар кўрик-танлови якунида фаол иштирок этиб  ғолибликни қўлга киритган ўқувчилар   Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят Кенгаши  ва вилоят халқ таълими  бошқармасининг эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Мухтасар айтганда, коррупция — тараққиёт кушандаси, хавфсизликка таҳдид туғдирувчи хавфли жиноят. Бу иллатга қарши курашиш тегишли органларнинггина эмас, балки барчанинг иши бўлиши зарур. Шундагина биз ушбу хавфни бартараф этган бўламиз.


                                                        

                                                                          Дилрабо ЧОРИЕВА,

                                                            Ўзбекистон “Адолат” СДП

                             Қашқадарё вилоят Кенгаши  бош мутахассиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+