Коррупция даражаси – мамлакат тараққиёти ва демократиясининг кўрсаткичи ҳисобланади

28.04.2021 18:04:07

Жамиятда шундай иллатлар борки, у маълум бир соҳага эмас, балки бутун жамият тараққиётига тўғаноқ бўлади. Давлатни ич-ичидан емирадиган ана шундай иллат – коррупция ва порахўрликдир. Айнан шу иллат сабабли кўплаб давлатларнинг инқирозга юз тутгани ҳам тарихдан маълум.

Коррупция шундай иллатки, уни бир ёки икки идоранинг саъй-ҳаракати билан йўқ қилиб бўлмайди. Қачонки, барча фуқароларимиз, жамият унга қарши биргаликда курашиб, унинг илдизларини йўқ қилишга киришилсагина ижобий натижага эришиш мумкин.

Тараққиётининг янги босқичига қадам қўяётган Ўзбекистон учун коррупциянинг ҳар қандай шаклдаги кўриниши ислоҳотлар шиддатини сусайтириши билан хавфли.

Шу боисдан ҳам давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев ўз ваколатига киришиши билан Президент сифатида имзо чеккан энг биринчи ҳужжат “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни бўлди. Ушбу қонун меъёрларининг самарали ижросини таъминлаш, жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш мақсадида  давлатимиз раҳбари ўзининг кўплаб маъруза ва чиқишларида лоқайдлик, бепарволик, порахўрлик, коррупция, сохтакорлик, мансаб ваколатини суиистеъмол қилишга қарши кураш бутун жамиятнинг мақсадига айланиши кераклиги тўғрисида таъкидлаб ўтмоқда.

Хусусан, давлатимиз раҳбари томонидан парламентга йўлланган мурожаатномада ҳам “Коррупциянинг ҳар қандай кўринишига муросасиз бўлиш кундалик ҳаёт тарзимизга айланиши шарт. Бу иллатга қарши курашишга барча давлат органлари, сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари, умуман, ҳар бир фуқаро сафарбар этилиши зарур” дея таъкидланган эди. Кейинчалик ушбу фикрлар, 2021 йилги давлат дастурида ҳам акс этди.

Умуман олганда, сўнгги йилларда қилинган ишлар таҳлили аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга, жамиятда коррупцияга муросасиз муносабатни шакллантиришга йўналтирилган тизимли чоралар кўрилганини кўрсатиб турибди.

Ислоҳотларни амалга ошириш доирасида фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини, жамоат ва парламент назоратини таъминлаш механизмлари такомиллаштирилди, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва суд органлари фаолиятининг ҳуқуқий асослари ислоҳ қилинди.

Албатта, бажарилган ишлар салмоқли. Аммо биз кечаги қилган ишимизнинг натижасига маҳлиё бўлиб қолсак, эртанги ишимизнинг якуни биз кутганчалик бўлмаслиги табиий.

Шундан келиб чиққан ҳолда иқтисодиётни янада ўстириш, халқ фаровонлигини ошириш, мамлакатда инвестиция муҳитини яхшилаш борасидаги стратегик вазифаларни ҳал этиш муҳим аҳамиятга эга. Бу эса коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишини таъминлаш бўйича янги тизимли чоралар кўрилишини тақозо қилмоқда.

Бугун ҳар бир давлат хизматчиси ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи давлат органлари ходимларининг феъл-атворига Ўзбекистон Республикаси қонунларига бўйсуниш ва уларни ҳурмат қилиш одобини сингдириб бориш ўта муҳим вазифадир. Жамиятимизда коррупцияга қарши муросасиз кураш олиб борилаётган ҳозирги даврда мансабдор шахсларнинг ҳуқуқий билими ва маданияти даражасига нисбатан алоҳида талаблар ишлаб чиқиш, қонунларга ҳурматсизлик қилган мансабдор шахслар тўғрисида асослантирилган кўрсатувлар, эшиттиришлар ташкил қилиш, мақолалар чоп этиб бориш, уларнинг қилмиши нотўғри эканлигини таъсирчан воситалар орқали кўрсатиб бериш, албатта, ўз самарасини беради.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси жамиятда адолатни таъминлашда коррупцияга қарши курашни ўзининг устувор мақсадларидан деб билади. Шу боис партия сайловолди дастурида коррупцияга қарши кураш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Бундан ташқари, коррупцияга қарши курашнинг устувор воситаси сифатида давлат органлари ва ташкилотларининг ҳисобдорлиги ҳамда фаолиятининг шаффофлигини ошириш кўзда тутилган.

Хулоса қилиб айтганда, жамиятда адолатлилик ғояси, барчанинг қонун олдида тенглиги, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш долзарб вазифадир. Адолат устувор бўлган мамлакатда эса тараққиёт, халқ фаровонлиги, ислоҳотлар самараси таъминланади.

 

Пўлат ҲАМЗАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жиззах вилоят Кенгаши

раиси ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+