Коррупция - глобал муаммо

15.11.2022 16:11:37

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 июлдаги «Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида» ги ПҚ-5177-сон Қарори қабул қилиниши – давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг коррупцияга қарши куч ҳамда имкониятларини бирлаштириб, яхлит тизимнинг ҳуқуқий асосини яратди.

Шу боис, 2021 йил Қурилиш бош бошқармасида ҳам Комплаенс назорати штати ташкил этилиб, ишлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 16 май куни «2022-2023 йилларда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш тўғрисида» 259-сонли қарори қабул қилинган. Шунга кўра, Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирининг 2022 йил 14 июнь куни Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 16 майдаги 259-сонли қарори ижроси тўғрисида 107-сонли буйруғи қабул қилиниб Вазирлик ва унинг ҳудудий бўлинмаларида ходимларнинг меҳнат ҳуқуқи, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, шартномалар ва мурожаатлар билан ишлаш бўйича билимларини кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар Режаси ишлаб чиқилган. Ушбу чора-тадбирлар режасида «Ҳуқуқий саводхонлик ойлиги», «Коррупцияга қарши курашиш ойлиги» ва «Конституциявий ҳуқуқ ойлиги» белгиланган. Ушбу топшириқлар ижросини таъминлаш бўйича Қашқадарё вилоят Қурилиш бош бошқармаси томонидан 2022 йил 25 июль куни 10-03/46-сон билан буйруқ қабул қилинган.

Шунга кўра, ушбу қарор ва буйруқлар ижросини таъминлаш мақсадида Қурилиш бош бошқарма ходимлари ва таркибидаги ташкилот, бўлимларига коррупцияга қарши курашиш учун тарғибот ва ташвиқот ишлари журналистлар иштирокида амалга ошириб келинмоқда.

Ўзбекистон «Адолат» СДП Қашқадарё вилоят Кенгаши ва Қашқадарё вилояти Қурилиш бош бошқармаси раҳбарияти, халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги «Суд ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш бўйича доимий комиссия» томонидан вилоят Журналистлар уйи тадбиргоҳида «Коррупция – глобал муаммо» мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди. Унда маҳаллий Кенгаш депутатлари, вилоят қурилиш бошқармаси ходимлари, ёшлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар қатнашди.

Тадбирда партия вилоят Кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Руиддин Раупов вилоят партия ташкилотлари томонидан коррупцияга қарши курашиш борасида олиб борилаётган ишлар хусусида қисқача ахборот берди.

Коррупция дунё миқёсида ҳал этилиши лозим бўлган глобал муаммолардан биридир. Ушбу иллат ҳар қандай давлат ва жамиятнинг сиёсий-иқтисодий ривожланишига жиддий путур етказиб, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол бўлишига олиб келади,-деди Руиддин Раупов.- Шу боис унга қарши кураш халқаро аҳамият касб этиб, жаҳон сиёсатининг муҳим масалалари қаторидан жой олган. Ҳозирда, коррупцияга қарши кураш халқаро миқёсдаги каби республикамизда ҳам долзарб муаммолардан бири ҳисобланади.

- Бугунги кунда мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида Қурилиш вазирлиги ва унинг таркибига кирувчи ташкилот корхоналаримизнинг ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятини ошириш Қурилиш вазирлиги тизимининг ҳам устувор вазифаларидан биридир, - деди Қашқадарё вилоят Қурилиш бош бошқармаси бошлиғи З.Зокиров.- Қурилиш вазирлиги, ҳудудий бўлинмалари ва унинг тузилмасига кирадиган ташкилотлар шартномаларига коррупцияга қарши курашиш бўйича моддани киритиш тўғрисида Йўриқнома ҳужжатлари ишлаб чиқилди. Бу эса Қурилиш вазирлигининг норматив ҳужжатлари ишлаб чиқилиши билан бирга Қашқадарё вилоят Қурилиш бош бошқармасида коррупцияга қарши курашиш тизими ҳам йўлга қўйилиб, ишлар давом эттирилиши мақсад қилиб қўйилган. Айни пайтда мазкур бўлимда фаолият олиб бораётган ходимлар порахўрликка қарши курашиш борасида жиддий ишлар олиб боришяпти.

Тадбирда соҳадаги ислоҳотлар сабаб вазият тубдан ўзгарганлиги, шунга кўра, бир икки кунлик роҳат учун Қурилишга боғлиқ ҳужжатларни қалбакилаштириш ва амалдаги қонун, қарорларга риоя этмаган ҳолда ҳужжатлар расмийлаштириш, қонун доирасида жавобгарликка тортилишини ва жазо муқаррарлиги таъкидлаб ўтилди. Бундан ташқари коррупция бўйича ташкилотларга рейтинг баҳолар берилаётганлиги тўғрисида билдириб ўтилди, очиқлик ва шаффофлик механизм йўли билан Қурилиш ходимларига коррупциянинг салбий оқибатлари ва ушбу иллатдан йироқ юришлари, Қонун ва қарорлардан четлашмаган ҳолда ишларни амалга оширишлари тушунтирилди.

Шунингдек, матбуот анжуманида кўпгина ҳолларда пора бериш ташаббуси айнан фуқароларнинг ўзидан чиқаётгани, жамиятни ҳалол ва коррупциядан холи ҳудудга айлантиришга барчамиз бирдек масъул эканлигимиз алоҳида уқтирилди. Порахўр кимсаларга қарши курашишда фуқароларимизнинг ҳаракати асосий кучга эга бўлиши ҳам таъкидлаб ўтилди.

 

Дилрабо Чориева,

“Адолат” СДП Қашқадарё вилоят Кенгаши

бош мутахассиси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+