Коррупция илдиз отган жойда адолат бўлмайди

26.03.2021 12:03:30

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида илгари сурилган ғоялар доирасида ёшлар онгига коррупциянинг жамият ривожланишига салбий таъсирини содда ва тушунарли қилиб етказиш ҳамда уларнинг  ҳуқуқий онги ва билимини ошириш, уларда коррупцияга қарши нафрат уйғотиш мақсадида Ўзбекистон “Адолат” СДП Навоий вилоят Кенгаши ташаббуси билан умумтаълим мактабларининг 6-11 синф ўқувчилари ўртасида ташкил этилган “Биз – коррупцияга қаршимиз!” шиори остидаги иншолар танловининг  вилоят босқичи ўтказилди.

Танловнинг туман босқичида ғолибликни қўлга киритган ўқувчи-ёшлар коррупцияга қарши курашиш бўйича билимларини ошириши ва янада мустаҳкамлаш мақсадида танловнинг вилоят босқичида ўзларининг ижодий ишлари билан иштирок этишди.

Навоий вилоят Баркамол авлод болалар мактаби  “Биз – коррупцияга қаршимиз!” номли иншолар танловида вилоятдаги мавжуд 365 та умумтаълим мактабларидан 1300 дан ортиқ яқин иншолар қабул қилинди. Ўтказилаётган танлов натижалари бўйича ҳар бир мактаб, туман босқичлари ғолиблари аниқланиб муносиб тақдирланди.

Таъкидлаш керакки, коррупция балоси дунёнинг энг ривожланган мамлакатларида ҳам мунтазам кузатилаётган иллатлардан биридир. Аҳамиятлиси, ушбу давлатларда ушбу турдаги жиноятларга ҳатто ўлим жазоси белгиланган. Бироқ, муаммони тўлиқ бартараф этишга эришилмаган.  

Мамлакатимизда коррупцияга қарши кураш механизмини такомиллаштириш, унинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга жиддий эътибор қаратимоқда. Бу борада Коррупцияга қарши кураш агентлигининг ташкил этилганлиги ҳам муҳим қадамлардан биридир.

Танловнинг вилоят босқичида ғолибларни саралаш ишчи гуруҳ аъзолари учун бироз мураккаблик туғдирди. Сабаби иштирокчилар ёзган ҳар бир иншода ёшларнинг теран фикри, коррупция иллатига тоқатсиз муносабатни кўриш мумкин. Ишчи гуруҳ хулосаларига кўра танловда 6-8 синф ўқувчилари ўртасида 1-ўринга Қизилтепа туманидаги 15-мактаб ўқувчиси Маржона Қандиёрова муносиб деб топилди.

9-11 синф ўқувчилари ўртасида эса Кармана туманидаги  8-мактаб ўқувчиси Севинч Ахматиллаева ёзган иншоси 1-ўринга лойиқ кўрилди.  

Қувонарлиси, кўрик танлов давомида мактаб ўқувчиларининг фикр-мулоҳазаларини тинглаб, мазкур танлов улар онгида, дунёқарашида ижобий самараси бизни янги мақсадлар сари руҳлантирди.

Танловнинг вилоят босқичи иштирокчиларининг барчаси фаолликлари учун турли номинациялар бўйича тақдирланди, партия ҳамда ҳамкор ташкилотларнинг тегишли диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Коррупция илдиз отган жойда адолат бўлмайди, инсонлар бахтни ҳис қила олмайди. Бундай салбий иллатга қарши муносиб иммунитетни ёшликдан шаклланиши айни муддао бўлади.

 

Ўзбекстон “Адолат” СДП

Навоий вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+