Коррупция – тараққиёт кушандаси

27.07.2021 16:07:29

Жорий йилнинг 27-июль санасида Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши томонидан “Тараққиёт стратегияси” марказида “Коррупция – тараққиёт кушандаси” мавзусида онлайн конференция ўтказилди. Тадбир “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони ҳамда “Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори муҳокамасига бағишланди.

Конференцияда партия Сиёсий Кенгаши раиси Баҳром Абдуҳалимов, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Русланбек Давлетов, Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов маърузалар билан иштирок этдилар.

Таъкидланганидек, коррупция ижтимоий-иқтисодий муаммоларнинг чуқурлашишига сабаб бўлади. Коррупция тизгинланмаса, тараққиёт йўлида қилинаётган ислоҳотлар, ўзгаришлар ўз самарасини бермайди. Коррупция даражасининг юқорилиги мамлакатнинг халқаро миқёсда обрўсини туширади, инвестициявий муҳитга салбий таъсир кўрсатади.

Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашишнинг сифат жиҳатидан янги тизимини яратиш, коррупцияга қарши курашишнинг самарали механизмларини ишлаб чиқиш ва бу борада ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи  ваколатли давлат органини ташкил қилиш борасида тегишли таклифлар ишлаб чиқилиб, партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси орқали Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Бош прокуратурага тақдим этилди.

Юртимизда меъёрий ҳужжатлар орқали коррупцияга қарши курашишнинг бир қатор манзилли ва самарали йўналишлари белгилаб берилган, хусусан, коррупцияга қарши курашиш учун марказдаги раҳбарлар билан бирга энг қўйи тизимдаги раҳбарларга ҳам масъулият белгиланди. Давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари коррупция хавф-хатарларини ўз вақтида аниқламаганликлари ва тегишли баҳо бермаганликлари, шунингдек коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни такроран содир этиш ҳолатларига йўл қўйганликлари юзасидан шахсан жавобгар бўлишлари белгиланди.

“Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида корупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон бу борадаги олиб борилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлиб, асосий кўзланган мақсад мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш тизимини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган.

Мазкур Фармон мамлакатимизда коррупцияга қарши курашишнинг янги механизмларини жорий этишга, мазкур соҳада амалга оширилаётган ишларни тизимлаштиришга ҳамда бу борада ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларга нисбатан жиноий жавобгарликдан ташқари, қўшимча жазо сифатида кейинги фаолиятида ҳам қатъий чекловлар ўрнатишга қаратилган.

Давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган фармон ва қарор Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг “Коррупцияни илдизи билан йўқотамиз!” чақириғи билан ҳамоҳанглиги партиянинг сиёсий платформасида белгиланган вазифаларнинг долзарблилиги ва ҳаётийлигидан далолатдир. Ҳозирда жадал ислоҳотлар билан ривожланаётган юртимизнинг барқарорлик билан тараққий этишида айрим жабҳаларда коррупция иллати қаршилик кўрсатиб келмоқда. Шу боисдан хам коррупцияга қарши курашиш барча юрдошларимиз учун долзарб муаммо бўлиб қолмоқда.

Муҳтарам Президентимиз давлат бошқарувининг дастлабки йилларидан бошлаб  коррупцион иллатларга қарши кураш ҳар биримизнинг бурчимиз эканлигини кўп бора таъкидладилар. Айниқса бу борада қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида Коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони бу иллатга қарши курашда дастуриламал бўлди. Бугун коррупция келтирган зарарлар  давлатнинг ҳам иқтисодий  ҳам ижтимоий ва маданий соҳаларига ўз салбий таъсирини кўрсатиб, давлатни жаҳон майдонидаги ўрни йўқолишига ҳам олиб келади. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда бугун ушбу муаммо энг долзарб иллатлардан бирига айланди,  унга қарши курашда эса ҳар  бир шахс ёки фуқаро аввало ўзида ички иммунитет ҳосил қила олиши, бир ёқадан бош чиқариши лозим, деб ўйлайман. Кичкина порахўрлик ҳам катта зиёнларга сабабчи бўлиб қолиши мумкин.

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+