Янгиликлар 429
Коррупция –тараққиёт кушандаси
«Адолат» СДП Бойсун туман Кенгаши томонидан туман давлат солиқ бўлимида «Коррупция — тараққиёт кушандаси» мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Унда партия туман Кенгаши вакиллари, депутатлар, соҳа вакиллари қатнашди.
Тадбирда маърузачилар сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2019 йил 27 май куни имзоланган «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида белгилаб берилган вазифаларни бажариш нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, балки ҳар бир фуқаронинг бурчи бўлмоғи лозим эканлиги, ушбу иллатнинг олдини олиш бўйича тизимли ишлар олиб бориш кераклигини қайд этишди.
Собир Каримов, партия Бойсун туман Кенгаши раиси:
— Коррупция ҳар қандай жамият ривожига тўсиқ бўладиган иллат ҳисобланиб, унинг дастлабки кўринишлари узоқ ўтмишда пайдо бўлган. Унга қўл урган шахс қонунларни турли йўллар билан айланиб ўтиш орқали ўз манфаатларини кўзлаб иш тутади ва бу билан бошқаларнинг манфаатига зарар келтиради. Охир оқибатда эса қонунлар бузилиб, бошқа шахс ёки шахслар моддий ва маънавий йўқотишларга учрайди. Бу эса, ўз навбатида, жамият ривожига таъсирини ўтказмай қолмайди. Бугунги кунда мамлакатимизда ушбу иллатга қарши курашиш устувор вазифалардан этиб белгиланган.
Тадбирда бугун коррупцияга қарши кураш – давр талаби эканлиги, давлатимизнинг ижтимоий-иқтисодий соҳаларда коррупциянинг турли кўринишларига қарши курашиш борасида ҳукуматимиз томонидан қатъий чоралар кўрилиб, Президентимиз томонидан белгилаб берилган вазифаларни кенг омма орасида тарғиб қилиш ва мазмун-моҳиятини тушунтириш лозимлиги, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш ва чек қўйиш, шу билан бирга унинг оқибатлари, шунингдек, бунга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш ва жиноят учун жазо муқаррарлиги юзасидан барча фуқаролар ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориш юзасидан тушунтириб ўтилди.
Шунингдек, давра суҳбатида мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш борасидаги давлат сиёсати ва унинг устувор йўналишлари, қабул қилинаётган ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти хусусида ҳам батафсил маълумот берилди. Мавзу доирасида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.
Гулшод Турсоатова,
«Адолат» СДП
Сурхондарё вилоят Кенгаши
Матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг