Коррупция тараққиётимизга тўсиқ

15.12.2023 10:12:52

Шу кеча кундузда янги Ўзбекистонда жамиятнинг ҳамма соҳаларида ривожланиш, янгиланиш ислоҳотлари амалга оширилмоқда. Мустақил мамлакатимизда узоқ келажакни кўзловчи, пухта ўйланган, элимизнинг бахту иқболини, фаровон турмуш тарзини юритишга қаратилган давлатчилик тизимлари ишлаб чиқилди ва шакллантирилмоқда. Ана шу эзгу ниятларни бекаму кўст бажарилишига бевосита тўсқинлик қилаётган иллатлар ҳам бор. Бу шубҳасиз коррупциядир.


Бугун Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят Кенгаши ва Қарши шаҳридаги Давлат бошқаруви академияси Қарши ҳудудий филиали билан ҳамкорликда Давлат бошқаруви академияси Қарши ҳудудий филиали тадбиргоҳида “Коррупция тараққиётимизга тўсиқ” мавзусида тадбир ташкил этилди. Тадбирда халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, партия фаоллари, академиянинг профессор ўқитувчилари, академия тингловчилари, вилоят ва шаҳар Кенгаши ходимлари иштирок этдилар.


— Партиянинг “Коррупция тараққиёт кушандаси” лойиҳаси доирасида аҳоли ўртасида коррупцияга қарши курашишни тарғиб қилиш мақсадида тарғибот ишларини кучайтириш зарур, - деди тадбирда халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Руиддин Раупов. - Фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини, иқтисодий билимини ошириш, коррупцияга оид қабул қилинаётган қонун ва қарорлар ҳақида кенг тушунтиришлар бериш ҳамда аҳоли орасида коррупцияга қарши тоқатсизлик муҳитини шакллантириш устувор вазифалар сифатида белгиланиши керак.


- Шуни унутмаслик керакки, коррупция ҳар қандай давлатни ривожланишига, шунингдек, демократия ва қонун устуворлиги асосларига путур етказади, - деди Давлат бошқаруви академияси Қарши ҳудудий филиали “Бошқарув маҳорати” кафедраси ўқитувчиси Дилафруз Явқочдиева. - Тиббиётдами, таълимдами, қайси соҳада бўлса ҳам, коррупция авж олса, инсон ҳуқуқларининг бузилишига олиб келади. Мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларга тўсқинлик қилиб, жамият тараққиётини ортга суради. Энг ёмон томони, халқнинг адолатга бўлган ишончини сусайтиради. Ушбу иллат илдиз отса, мамлакат ҳам, миллат ҳам танламайди. Тадбирда Давлат бошқаруви академияси Қарши ҳудудий филиали директори - Жасурбек Эштемиров, партиянинг вилоят Кенгаши раиси ўринбосари - Гулноза Раджабова, вилоят Кенгаши бош мутахассиси - Дилрабо Чориева ва бошқалар ҳам сўзга чиқишиб, мамлакатимизда коррупцияга қарши самарали кураш олиб бориш учун “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қабул қилиниши давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг коррупцияга қарши куч ва имкониятларини бирлаштирганча, яхлит тизимни яратиш имконини бериши борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Коррупция — жамият тараққиёти учун жуда хавфли жиноят бўлиб, бу иллат нафақат юрт келажагига, балки ўша ҳудудда яшаб умргузаронлик қилаётган инсонлар қадр-қимматига ҳам таҳдид солади.
Мутасаддилар томонидан тиббиёт, таълим ва бошқа соҳаларда учрайдиган коррупцияга қарши кескин кураш олиб бориш кераклиги тўғрисида керакли тавсиялар берилди.

Дилрабо Чориева, “Адолат” СДП Қашқадарё вилоят Кенгаши бош мутахассиси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+