Коррупция — унинг тарихий илдизлари, коррупцияга қарши кураш усуллари

17.11.2022 18:11:33

Бугунги кунда коррупция муаммосига жаҳоннинг деярли ҳар бир мамлакатида дуч келиш мумкин. Коррупция сўнгги йилларда халқаро миқёсда трансмиллий жиноят сифатида кенг муҳокама қилинаётган мавзулардан биридир.

Таъкидлаб ўтиш ўринлики, ушбу зарарли ҳодиса катта ва кичик, бадавлат ва камбағал бўлишидан қатъий назар, барча мамлакатларда учрайди. Ушбу зарарли иллатни бартараф этиш бўйича жаҳон ҳамжамияти томонидан бир қатор самарали ишлар амалга оширилаётган бўлсада, ҳанузгача у бартараф этилмаяпти. Биз қуйида коррупциянинг тарихий илдизларига ва унга қарши курашиш хусусида фикр юритмоқчимиз. Коррупция (лот. Corrumpere — бузмоқ) термини одатда мансабдор шахслар томонидан унга берилган мансаб ваколатлари ва ҳуқуқлардан ўзларининг шахсий манфаатларини кўзлаб қонунчилик ва аҳлоқ қоидаларига зид равишда фойдаланишини англатади. Кўп ҳолларда бу атама сиёсий элитадаги бюрократик аппаратга қарата ишлатилади. Коррупция кўплаб давлатларнинг жиноят ва маъмурий қонунчилиги билан ҳуқуққа қарши ҳаракат сифатида таъқиб қилинади.

Коррупциянинг тарихий ўзаклари жуда жуда қадимга бориб тақалиб, бу ҳол қабилада маълум мавқега эга бўлиш учун қабила сардорларига совғалар бериш одатидан келиб чиққан деб тахмин қилинади. Ўша даврларда бу нормал ҳолат сифатида қабул қилинган. Бироқ давлат аппаратининг мураккаблашуви ва марказийлашуви коррупциянинг давлат ривожланишига катта тўсиқ эканлигини кўрсатди. Коррупцияга қарши курашган биринчи давлат сифатида қадимги Шумер давлати тан олинади. Қадимги давлатларни айниқса ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг порахўрлиги қаттиқ ташвишга солганлиги бизгача сақланиб қолган манбалардан маълум. Чунки бу ҳолат давлатнинг обрўсига жуда қаттиқ путур етказарди. Дунёнинг етакчи динларида ҳам биринчи навбатда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг порахўрлиги қаттиқ қораланади. Жумаладан, Инжилда “Совғаларни қабул қилма, чунки совға кўрни кўрадиган қилади ва ҳақиқатни ўзгартиради” дейилган бўлса, Қуърони Каримда “Бошқаларнинг мулкини ноҳақ йўл билан олмангиз ва бошқаларга тегишли бўлган нарсаларни олиш учун ўз мулкингиздан ҳокимларингизга пора қилиб узатмангизлар” дейилган. Коррупция-ушбу иллатни тадқиқ қилган бир қатор йирик мутахассислар қуйидаги факторларни коррупцияни юзага келтирувчи омиллар сифатида кўрсатади.

Икки хил маънони англатувчи қонунлар — ушбу вазият ҳуқуқни қўлловчи мансабдор шахс томонидан қонунларни турлича қўллаш имконини яратади. Шунингдек, айрим мутахассислар жиноят, маъмурий қонунчиликдаги “вилка” санкцияларни ҳам коррупцияга қулай шароит яратиши мумкинлиги ҳақида фикр юритишган. Яъни, санкциянинг аниқ миқдори йўқлиги судьяда уни ўз ҳоҳишига қараб қўллашга шароит яратиб беради.

Аҳоли ҳуқуқий саводхонлигининг пастлиги — аҳоли томонидан қонунларни билмаслик ёки тушунмаслик мансабдор шахсга ўзининг шахсий манфаати йўлида қонунлардан фойданишга қулай шароит яратади.

Мамлакатдаги сиёсий вазиятнинг нотинчлиги — мамлакатдаги нотинчлик биринчи навбатда аҳоли онгида ҳаётда юксак турмуш даражасига эришишнинг асосий усули қонунга хилоф фаолият билан боғлиқ, деган мутлақо ахлоққа зид нуқтаи назар шаклланишига олиб келади. Бу эса ўз навбатида коррупцияга қулай шароит яратади.

Ижро ҳокимиятининг бирлиги тамойилинининг бузилиши

 — айнан битта фаолиятнинг турли инстанциялар томонидан тартибга солиниши:

––  аҳолининг давлатни назорат қилишдаги суст иштироки;

––  давлат секторидаги хизмат қилаётган хизматчилар даромадларининг хусусий секторда топиш мумкин бўлган даромадлардан камлиги;

–– иқтисодиётнинг давлат томонидан тартибга солиниши;

–– инфляциянинг юқори даражаси;

–– мамлакат юқори бошқарув органларининг аҳолидан узилиб қолганлиги;

–– мамлакатдаги диний ва ахлоқ қоидалари.

   Шунингдек жаҳон мамлакатларида коррупцияга қарши курашнинг қуйидаги усуллари мавжуд.

Ички назорат —бу усул бошқарув аппаратининг ўзида назоратни кучайтирувчи тузилмалар (ҳар хил ички инспекциялар ва бошқа назорат органлари тузиш орқали) яратишни тақазо этади. Бу тузилманинг асосий вазифаси ходимларнинг ички этикет қоидаларига риоя қилишини назорат қилишдир. Ҳозирги кунда бизнинг юртимизда ҳам бир қатор ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида айнан шу вазифани бажарувчи ички тузилмалар яратилган.

Ташқи назорат — бу усулда ижро аппаратидан мустақил тузилмаларнинг мустақиллигини ошириш назарда тутилиб, айнан ушбу тузилмалар орқали коррупцияга қарши самарали кураш олиб борилади. Яъни, суд ҳокимиятининг максимал даражада мустақиллигига эришиш оммавий ахборот воситаларига кўпроқ эркинлик бериш ва ҳ.к.

Сайлов тизими орқали курашиш —демократик давлатларда сайланган вакилларни коррупция учун жазолашнинг асосий усулларидан бири кейинги сайловларда унга овоз бермаслик ҳисобланади. Коррупцияга сайловлар орқали таъсир ўтказиш энг самарали усул ҳисобланади.

Коррупцияга қарши курашда юқори натижаларга эришган Швеция, Сингапур, Гонконг, Португалия каби давлатларнинг тажрибасини ўрганиш шуни кўрсатадики, коррупцияни юзага келтирувчи омилларни бартараф этиш коррупцияга қарши курашда муҳим ўрин эгаллайди. Бунда Конституциявий назорат органлари, ҳуқуқ-тартибот органларининг аҳамияти ортади. Яъни, коррупцияга олиб келиши мумкин бўлган нормаларни конституциявий назорат органи томонидан конституцияга зид деб топиш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш каби методлардан унумли фойдаланиш ушбу давлатларни коррупция даражаси жуда паст бўлган давлатлар қаторига олиб чиққан. Биз қуйида Сингапур давлатида коррупцияга қарши курашда қўлланилган усуллар ҳақида батафсил тўхталиб ўтамиз.

Сингапур давлати 1965 йил мустақилликка эришгач коррупция даражаси энг юқори бўлган давлатлар қаторида турар эди. Лекин бу иллатга қарши ўтказилган бир қатор тадбирлар бу давлатда коррупциянинг минимал даражага тушишига олиб келди. Биринчи навбатда бу ерда бюрократик жараёнлар енгиллаштирилиб суд тизимининг мустақиллиги оширилди (судьяларнинг даромадлари ва имтиёзларини ошириш эвазига). Шу билан бирга коррупция жиноятлари учун санкциялар оғирлаштирилиб, фуқароларга коррупцияга қарши жиноятларни тергов қилишда ҳамкорлик қилишда бош тортганлиги учун жуда катта молиявий санкциялар белгиланди. Бир қатор давлат идораларида оммавий “тозалашлар” ўтказилиб бу жараёнлар телеканаллар орқали бутун мамлакатга намойиш қилинди. Юқорида санаб ўтилган омилларнинг ҳаммаси Сингапурни қисқа муддатларда коррупция даражаси энг паст мамлакатлар рўйхатида илғор давлатлар қаторига олиб чиқди. Шунингдек, давлат хизматчисининг аҳлоқ стандартларига риоя этишини қаттиқ назорат остига олиш ҳам Сингапур давлатида коррупцияга қарши курашда муҳим дастаклардан бири бўлиб хизмат қилади.

Kоррупция келтирадиган зарар барча давлатлар учун тенг саналиб, мазкур иллат давлатнинг турли соҳаларига, хусусан сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий жабҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларга ҳамда мамлакатнинг халқаро майдондаги имиджи ва инвестициявий жозибадорлигига салбий таъсир кўрсатади.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш ҳамда ушбу турдаги жиноятларни содир этилишини олдини олишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар тизимли равишда амалга оширилмоқда.

 Ўзбекистон Республикаси  Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг коррупция тўғрисида “Коррупцияга қарши курашда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари  қанчалик ҳаракат қилмасин, халқимиз бу жирканч иллатга муросасиз бўлмас экан, таъсирчан жамоатчилик назорати ва мақбул усуллари ўрнатилмас экан, бу балаога қарши самарали курашни ташкил эта олмаймиз. Бу иллат билан нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, балки хар бир жамоа жиддий курашиш керак. Шунинг учун хар бир давлат идорасига жамоатчилик томонидан назорат қилинадиган коррупцияга қарши курашиш бўйича ўз ички дастурлари бўлиши шарт”  деган фикрлари  хар бир ташкилотда чуқур муҳокама қилинган.

Хусусан, Молия вазирлиги хузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси тизимида ҳам коррупцияга қарши бир қатор ишлар амалга оширилиб, коррпупцияга йўл қўймаслик борасида норматив-хуқуқий хужжатлар қабул қилинмоқдаки, буларнинг замирида фуқароларга пенсия тайинланишида осонлик яратилган бўлса, иккинчи томондан коррупцияни олдини олишга хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 4 май куни “Фуқароларга давлат пенсияларини тайинлаш жараёнини соддалаштириш ҳамда пенсия ва нафақаларни етказиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-5102 – сон Қарори қабул қилиниб, мазкур қарорда белгиланган ҳар бир тегишли вазифа ва кўрсатмалар Пенсия жамғармаси томонидан ижро этилиши таъминланиб келинмоқда.

Мазкур Қарорга асосан 2021-йилдан бошлаб,  Пенсия жамғармасининг ходимлар структурасида ўзгартиришлар қилиниб, тизимда инсон омилини камайтириш назорат функцияларини кенгайтирилишига эришилди. Хусусан, Жамғарманинг туман (шаҳар) бўлимларида бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи бўлимлари тугатилиб, ҳудудий бошқармалар негизида яхлит марказлашган бухгалтериялар ташкил этилди. Ҳудди шу тартибда ҳудудий бошқармаларда юридик бюролар фаолияти йўлга қўйилди. Булардан ташқари, ички назоратни тўлиқ қамраб олувчи ҳар бир ҳудудий бошқармаларнинг Ички аудит, пенсия, нафақа ва бошқа тўловларни тайинлаш мониторинги шўъбалари фаолияти ташкил этилди.                                                                                                                                                                                                                                                                     Жорий йилда Пенсия жамғармасида коррупцияга қарши курашиш борасидаги оширилган ишларнинг  тўғрисида мисол тариқасида айтадиган бўлсак, Ўзбекистон республикаси Молия вазирлиги хузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижро этувчи аппарати томонидан  2022-йилнинг 2-мартдаги “Коррупцияга қарши ички назорат  тизимини жорий этишга зарур бўлган идоравий хужжатларни тасдиқлаш ” тўғрисидаги  6 “а” сонли бўйруғига кўра Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021-йил 6 июлдаги “Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги  ПҚ-5177 сон қарори ижросини таъминлаш ҳамда Пенсия жамғармасида коррупцияга қарши ички назоарт тизимини такомиллаштиришга оид топшириқлар берилган. Шунингдек Ижро этувчи аппаратнинг 2022-йил 26-августдаги “Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги хузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси тизимида коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш бўйича хуқуқий  хужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги 13 “а” сонли бўйруғи билан  Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги  Қонуни ва Ўзбекистон Президентининг 2022-йил 12-январдаги  ПҚ-81-сонли “Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда бошқа нормаив хуқуқий хужжатлар ижросини самарали таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги хузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси тизимида коррупцияга қарши курашиш дастури ҳамда Пенсия жамғармаси тизимида коррупцияга оид хуқуқбузарлик хақида хабар берган ёки корруппцияга қарши курашишда бошқа тарзда кўмаклашишган ходимларни рағбатлантириш тўғрисидаги НИЗОМ ҳам тасдиқланди. Пенсия жамғармасида коррупцияга қарши курашиш Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги талабларига мувофиқ шунингдек юқорида айтиб ўтилган жамғарманинг ички хужжатларига роия қилган ҳолда амалга ошириб келмоқда. Лекин афсуски шунча тушунтиришлар, талабчанлиқ, ходимларнинг фаолиятида коррпупцияга оид хуқуқбузарликларга йўл қўймаслик учун барча чоралар кўрилишга қарамасдан,   бугунги кунда товламачилик, бефарқлик, иккиюзламачилик, фирибгарлик, уруғ-аймоқчилик, таниш-билишчилик, порахўрлик каби иллатлар Пенсия жамғармасида ҳам хамон учраб турганига гувох бўлиб турибмиз. Фикримизча жамғарманинг мансабдор шахслари ҳамда бошқа барча ходимлари коррпуция тўғрисидаги қонун хужжатларига, шунингдек ижро этувчи аппарат томонидан қабул қилинаётган норматив-хуқуқий хужжатларга роия этишлари, ўз мансаб ёки хизмат мажбуриятларини беғаразлик билан, холисона, виждонан, одоб-ахлоқ қоидаларига роия этган ҳолда бажаришлари ҳамда коррпуцияга оид бирон-бир хуқуқбузарликни содир этишдан ёки бундай хуқуқбузарликни содир учун шарт-шароитлар яратишдан бошқа хар қандай харакатлардан ўзларини тийишлари шарт.

Пенсия тизимида фаолият олиб борар эканмиз, бунда  аҳолининг кекса ёшдаги, ногирон, ёки бокувчисини йўқотган ҳамда кам таъминланган тоифаси билан бевосита муносабатда бўлиб, уларни хизматида  эканмиз, барчамиз коррупцияга қарши курашиш учун бир мақсад йўлида бирлашиб, уларга ҳалол, соф, ошкора ва чиройли муомалада бўлиб, юзимизни ёруғ қилиб, халқимизни дуосини олган ҳолда фарзандларимизни ҳалол  луқма билан боқиб, тарбиялаб, соҳани мавқеини пок меҳнатимиз билан юксакларга кўтаришга тайёр эканлигимизни билдиришимиз лозим.

 

 

                                 Азамат Султанов,

 Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг Тошкент шаҳар

 бошқарма бошлиғи

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+