Коррупция – жамият тараққиётига таҳдид!

29.11.2023 14:11:51

     Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2003 йил 21 ноябрдаги резолюциясига мувофиқ, 2004 йилдан бошлаб “9 декабрь – Бутунжаҳон коррупцияга қарши курашиш куни” сифатида белгиланган.
     Ушбу сана муносабати билан Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси томонидан “Ўзбек геология қидирув” акциядорлик жамияти билан ҳамкорликда “Коррупция – жамият фаровонлиги ва тараққиётига тўсиқ бўлаётган энг хавфли иллат” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.


     Партия вакиллари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда “Ўзбек геология қидирув” акциядорлик жамияти ходимлари иштирокидаги мазкур тадбирда жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни қарор топтириш ўта долзарб масала бўлиб, гарчи уни бажариш доирасида масъул идоралар белгиланган бўлсада, унинг тўлақонли рўёбга чиқиши учун ҳар бир инсон ўзида масъулиятни ҳис этиши зарурлиги қайд этилди.


     Шунингдек, жараёнда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари — аҳолининг ҳуқуқий-сиёсий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш юзасидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида сўз борди.


     Таъкидланганидек, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг дастурий мақсадларида коррупциявий ҳолатларнинг ҳар қандай кўринишларига нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш ва унга қарши курашиш энг устувор вазифа этиб белгиланган.
     Шунингдек, партиянинг Сайловолди Дастурида коррупция ҳолатларини барвақт аниқлаш ва олдини олиш, уларнинг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик ҳамда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш чораларини кўриш бўйича изчил таҳлиллар билан асослантирилган аниқ таклифлар кўрсатиб ўтилган.
     Тадбирда “Ўзбек геология қидирув” акциядорлик жамияти коррупцияга қарши ички назорат бўлим бошлиғи Д. Саидахборов жамият тизимида коррупцияга қарши курашиш, олдини олиш ва унга чек қўйишга оид амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳамда келгусидаги вазифалар хусусида тўхталиб ўтди.


     Учрашув сўнгида, жамият ходимлари мавзу юзасидан ўз фикрларини билдиришиб, ўзларини қизиқтирган саволларга соҳа мутахассислари ҳамда партия фаоллари томонидан батафсил жавоб олишди.

“Адолат” СДП
Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+