Коррупция-жамиятни ичидан кемирувчи иллат

08.04.2022 16:04:23

Зангиота туман ҳокимининг маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича ёрдамчиси А.Ю. ва туман кадастр бўлими собиқ ходими У.А.  пора олиш вақтида қўлга олинди. Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти маълумотига кўра, бу шахслар тадбиркор Р.дан қурилишга рухсатнома ва кадастр ҳужжатларини расмийлаштириб бериш учун 15,5 минг доллар олишган, яна 1 минг доллар олиш вақтида қўлга тушган.

“Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда ДХХнинг Зангиота тумани бўлимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, Зангиота туман ҳокимининг маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича ёрдамчиси А.Ю. туман кадастр бўлими собиқ ходими У.А. билан олдиндан тил бириктириб, хусусий тадбиркор Р.нинг ишончига кириб, унга “Мевазор” МФЙда жойлашган 8 сотих ер майдонида турар жой биносини қуриш учун рухсатнома олиб бериш ҳамда кадастр ҳужжатларини тайёрлаб бериш эвазига 2021 йил давомида жами 15 500 АҚШ долларини қўлга киритиб, яна 1 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган”.

Мазкур ҳолат юзасидан ҳозирда Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Порахўрлик ва коррупция давлат ва  жамиятининг ривожланишига, ҳар жиҳатдан халақит бермоқда. Минг афсуски бу иллат чегара, вақт ва макон танламайди. Инсоният тарихида бўлган ҳамда ҳозирги мавжуд давлатларнинг бирортаси порахўрлик балосидан мосуво эмас. Шундай бўлишига қарамай бу иллатга қарши аёвсиз кураш олиб борилмас экан, коррупция ботқоғига ботган амалдорлар  жамият тараққиётига ғов бўлишда давом этаверишади. Жамият ва давлат ўртасидаги ўзаро ишончга дарз кетади. Давлат ва жамият ўртасида юзага келган ишончсизлик бора-бора жуда катта жарлик ҳосил этиши мумкин.  

Ўзбекистон "Адолат" СДП бу каби иллатларга доимо қарши бўлиб келган ва унга қарши курашиш учун кенг жамоатчилик назоратини янада кучайтириш, коррупцияга қарши муросасиз муносабат билдириш амалиётини кенг тарғиб қилиш тарафдоримиз.

                                                                                            Бобур МАМИРОВ,

                                             “Адолат” СДП Тошкент вилоят Кенгаши раиси.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+