Коррупция – жамиятни исканжага оладиган иллат

22.02.2021 12:02:16

Ўзбекистон "Адолат" СДП Сурхондарё вилоят "Ёш адолатчилар қаноти» Кенгаши ташаббуси билан Адлия, ИИБ, Фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон тумани туманлараро суди ҳамкорликда тумандаги 8-сонли умумтаълим мактабида "Коррупция-тараққиёт кушандаси" мавзусида тадбир бўлиб ўтди. Унда партия вилоят ва туман Кенгаши ва “Ёш адолатчилар қаноти” Кенгаши вакиллари, депутатлар, туман Адлия бўлими ходимлари, туман ИИБ ходимлари, Фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон тумани туманлараро суди вакиллари, педагог-ўқитувчилар ҳамда ўқувчи ёшлар қатнашдилар.          

Тадбирдан кўзланга асосий мақсад умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг онгига коррупциянинг жамият ривожланишига салбий таъсирини содда ва тушунарли қилиб етказиш ҳамда уларнинг  ҳуқуқий билимини ўстириш, уларда коррупцияга қарши нафрат уйғотишдан иборат эди.

Коррупция –– бу жамиятни турли йўллар билан исканжага оладиган даҳшатли иллатдир. Мазкур иллат демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказади, инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келади, ҳаёт сифатини ёмонлаштиради ва одамлар хавфсизлигига таҳдид соладиган жиноятчилик ва бошқа ходисалар илдиз отишида шароит яратиб беради.       

Тадбирни вилоят Кенгаши раиси ўринбосари Исроил Қурбонов очиб бериб, “Коррупция – келажак кушандаси” мавзусида,  бугунги кунда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, йўл қўйилаётган камчиликлар ва қабул қилинаётган қонун ҳужжатлар ҳақида тўхталди.

Шундан сўнг сўзга чиққанлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ҳамда “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг мазмун-моҳияти  тушунтириб, бунда кейинги йилларда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида муҳим ташкилий-ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилганлиги, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга, жамиятда коррупцияга муросасиз муносабатни шакллантиришга йўналтирилган тизимли чоралар кўрилаётганлиги хусусида батафсил тўхталиб ўтишди.

Шунингдек, маърузачилар коррупцияни олдини олиш учун мамлакатимизда олиб борилаётган чора-тадбирлар, шу муносабат билан қайта кўриб чиқилаётган қонун ва қонуности ҳужжатлар, мансабдор шахслар томонидан манфаатлар тўқнашуви ва зиддиятли ҳолатларга тушиб қолмасликлари учун олиб борилаётган ислоҳотлар тўғрисида тўхталиб ўтишди.

Дилноза Мўминова, Халқ депутатлари Қумқўрғон туман Кенгаши депутати: Мамлакатимизда стратегик вазифаларни ҳал этиш доирасида коррупцияга қарши курашишда давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишини таъминлаш ҳамда коррупция кўринишларининг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш, коррупцияга қарши курашиш тизими самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Коррупция, биринчидан, жамиятда адолатсизлик, тенгсизлик ва аҳолининг норозилигига олиб келади, бу эса барча соҳадаги ислоҳотларнинг натижасига салбий таъсир этмай қолмайди. Иккинчидан, фуқароларимизда ҳуқуқий онг ҳамда ҳуқуқий маданиятнинг етарли даражада эмаслиги, ўз ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қила олмаслиги жамиятда адолат мезонининг бузилишини кўпайтиради. Бу борада ўнгланиш, силжиш қилмасак, миллатимиз обрўсига коррупция иллати соя солиб тураверади. Токи, биз оилада, боғчада, мактабда ўғил-қизларимиз онгига, руҳиятига таъмагирлик, порахўрлик ёмон иллатгина эмас, балки у жамиятимиз таназзули, иқтисодиётимиз орқага кетиши сабаби эканлиги ҳақида кўпроқ тарбиявий ва тарғибот ишларини олиб бормасак, мақсад-муддаога эриша олишимиз қийин.

Тадбир давомида маърузачилар иштирокчиларнинг қизиқтирган саволларига тегишли жавоб қайтарди.

Фахриддин ОРИФХОНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши

мафкуравий ишлар бўйича раис ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+