Коррупцияга қарши кураш – барчамизнинг вазифамиз

26.07.2021 12:07:28

 

Таъкидлаш лозимки, инсон дунёга келар экан, биринчи навбатда тарбияни оилада олиб, сўнгра мактабгача таълим ташкилоти ва умумий ўрта таълим мактабида ва кейинчалик эса олий таълим олиш учун олий ўқув юртига ўқишга кириб, ўзининг билим ва кўникмаларини, дунёқарашини борган сари ўстириб бориши табиий ҳол, албатта.

Агар Сиз кичик ёшдаги боладан “катта бўлсанг ким бўласан” деб сўрасангиз, албатта у энг яхши ва фахрли касблар бўлмиш ҳарбий, космонавт, шифокор, ўқитувчи, учувчи, тикувчи, банк ходими бўлиб етишишини, Ватани учун меҳнат қилишини айтади. Ҳеч қайси бола катта бўлганида ёвуз инсон бўлиб етишишни, бировнинг ҳақини ейишни, товламачи бўлишни, зўравонлик ортидан ёки бошқа бировнинг ҳалол меҳнати ортидан топилган бойликка эришишни хоҳламайди. Сабаби, бола беғубор.

Тан олиб айтиш лозимки, ўтган йиллар давомида бир қанча давлат ташкилотларида бюрократик тўсиқлар мавжуд бўлиб, бу тўсиқлар ортида ташкилотларнинг мутасаддилари маълум бир манфаатлари ётганлиги ҳозирда ҳеч кимга сир эмас. Ушбу бюрократик тўсиқлардан оддий халқ азоб чеккан албатта. Бунинг натижасида аҳолининг маълум бир қисми эса ўзининг иши тинч ва тез фурсатда ижобий ҳал этилиши истагида ташкилотларнинг масъулларига турли хил совғалар ёки таниш-билишлари орқали ўз мақсадларига ҳам етганлар.

Биз коррупция ислоҳотлар илдизига болта урадиган, уни келтириб чиқарувчи сабаб ва қарши кураш чораларини билишимиз лозим бўлади.

Шу ўринда савол туғилади: “Коррупция нима ўзи?”

Қонун ҳужжатларида коррупция тушунчасига “коррупция – шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш, коррупция аломатларига эга бўлган, содир этилганлиги учун қонун ҳужжатларида жавобгарлик назарда тутилган қилмиш, манфаатлар тўқнашуви – шахсий (бевосита ёки билвосита) манфаатдорлик шахснинг мансаб ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатаётган ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда шахсий манфаатдорлик билан фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамиятнинг ёки давлатнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келаётган ёки юзага келиши мумкин бўлган вазият” деб изоҳ берилган.

Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, иқтисодий ривожланиш кўрсаткичига энг катта салбий тўлқинни олиб кирувчи омил айнан коррупция ҳисобланмоқда. Унинг кўринишлари турлича бўлиши мумкин.

Коррупциянинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш, коррупцияга қарши курашнинг бутун дунёда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари, ҳуқуқшунос олимлар, сиёсатшунослар ва психологлар ва халқаро ташкилотлар томонидан кўплаб изланишлар олиб борилди ва олиб борилмоқда. Улар томонидан рейтинг жадваллари тузилиб, ҳар хил турли соҳалардаги кўрсаткич натижалари ва рақамлар ўрин олган мониторинглар ўтказилиб келинмоқда. Афсуски, барча давлатлар учун асқотадиган ягона ечим ҳозирча йўқ.

Таъкидлаш лозимки, Президент Ш.Мирзиёев Президентликка сайланишлари биланоқ, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунни тасдиқладилар. Бундан ташқари 2021 йилнинг 6 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-5177-сон Қарори ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6257-сон Фармони ҳам эълон қилинди.

Бундан ташқари, ўтган 5 йил давомида Президентимиз томонидан коррупциянинг олдини олиш, бюрократик тўсиқларнинг олиб ташлаш мақсадида тарихий аҳамиятга эга қатор амалий ишлар амалга оширилди. Жумладан, валюта бозори эркинлаштирилиб, нақд пул билан боғлиқ муаммолар бартараф этилди, Давлат хизматлари марказлари ишга туширилиши натижасида ортиқча бюрократияга барҳам берилди, туризмни ривожлаштириш доирасида 90 мамлакат учун визасиз режим, 48 мамлакат учун визасиз транзит режими жорий этилди, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш ва давлат органларининг очиқлиги бўйича янги тизим жорий этилди, Гендер сиёсати янги босқичга олиб чиқилди, хусусан Республика Гендер комиссияси ташкил этилди, олий таълим олиш истагида бўлган ёшлар учун олий таълим муассасаларининг кабул квоталари оширилди, мамлакатимизда маҳаллий ва хорижий олий таълим муассасаларининг филиаллари очилди, бизнесни рўйхатдан ўтказиш ва уни юритиш бўйича жараёнлар соддалаштирилди, ёшларни қўллаб-қувватлашнинг янги тизими яратилди, Ўзбекистонда тўғридан-тўғри 15 йил давомида доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахсларга фуқароликни қабул қилиш тартиби жорий этилди, пропискага қўйишдаги сунъий тўсиқлар мутлақо олиб ташланди.

Шунингдек, юқоридаги ютуқлар билан фахрланибгина қолмасдан, балки ҳар бир фуқаро ўзида коррупцияга нисбатан тоқатсизлик иммунитетини шакллантириши, мамлакат ва келажак авлод учун коррупциядан ҳоли давлат қолдирилишида ўзининг ҳиссасини қўшиши даркор.

 

Сарвар ЭРГАШЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши

Марказий аппарати бошқарма бошлиғи

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+